Таҳлил«Ҳомий» ўқитувчи

«Ҳомий» ўқитувчи

Ишдан келишим биланоқ ўғлим ва қизим бир парча қоғозни қўлимга тутқазишди. Бу «ҳомийлик» ҳақидаги хат экан. Оббо, яна доимги машмашами, деб энсам қотди.
Ўғлим еттинчи, қизим бешинчи синфда ўқийди. Уларнинг ҳар йили мактабни таъмирлаш, ҳовлисига ўтқазиш учун кўчат ёки синфга янги парда сотиб олиш учун пул сўрайверишига кўникиб кетганман. «Ҳа» деганда, «ма» деб, дарҳол қўлларига тутқазмасам-да, маош олганимда албатта бераман. Иккови ҳам синфдош­лари олдида уялмасин дейман-да. Ахир нуфузли ташкилотда кимсан, бош ҳисобчи бўлиб ишлайман.
Бу сафар овқат ейиш билан банд бўлганим сабабли хатга эринибгина кўз югуртирдим. Унда қуйидаги жумлалар битилганди:

«Ҳурматли ота-она!
Кейинги пайтларда ўқувчиларнинг билим олишга қизиқиш­лари сусайиб кетмоқда. Катталар эса бу масалага жиддий қарашмаяпти. Шу боис таълим бошқармаси бошлиғи Билсабилмас Ўргатаровнинг буйруғи билан ҳар 10 нафар болага бир нафар ўқитувчи «ҳомий» сифатида бириктирилди. У йил давомида ўқувчилар дарсларни қандай ўзлаштираётганини таҳлил қилиб боради. Тез-тез улар яшайдиган хонадонларда бўлиб, оилавий шароитини ўрганади. Оила бош­лиқлари билан бирга ёшларнинг илм олишга муносабатини яхшилаш чораларини кўради.
Сизнинг ўғлингиз ва қизингизга мактаб психологи Аълохон Лолахоновани бириктирдик.
Ҳурмат билан мактаб директори Эшбой Хушбоев».
Очиғи, ота-оналар болалари тарбияси билан жиддий шуғулланмаётгани, келгусида бу иш билан ўқувчига бириктирилган ўқитувчи жиддий шуғулланиши, шу мақсадда уйимизга келиши ҳақидаги ­гаплардан бироз жаҳлим чиқди. Кейин оғир ўйга толдим. Пировардида аччиқ ҳақиқатни тан олдим. Ўзимча керилиб, фалон жойда ишлайман деб юрсам-да, фарзандларимнинг ўқиши учун уйдаги шароит мақтайдиган даражада эмас экан. Қиш эмасми, газ босими паст, икки хонани аранг иситиб, бола-чақа билан тиқилиб яшаяпмиз. Ишдан ортиб фарзандларнинг ўқиш, юриш-туриши билан кўпам шуғуллана олмаётганим ҳам айни ҳақиқат.
– Хотин, зудлик билан эртага қизинг ва ўғлинг учун алоҳида-­алоҳида хона тайёрлашимиз, яна бир хонани эса дарсхона учун жиҳозлашимиз зарур, – дедим жиддий оҳангда. – Мен ойлик ­маошимни олдиндан олиб, дўкондан доска, турли-туман ўқув қуроллари, плакатлар, луғатлар ва хариталар харид қиламан. Ҳа, айтгандай, уйда доимо озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва тухум бўлиши шарт! Ишқилиб, Аълохоннинг олдида уялиб қолмайлик.
– Дадаси, ўзи иккита хонани аранг иситяпмиз, яна қанақасига алоҳида хоналар ҳақида гапиряпсиз? – Хотиним менга ажаб­ланиб боқди.
– Ҳечқиси йўқ, – дедим унга тасалли бериб, – бир-икки кун ўзимиз совуқ уйда яшаб турамиз, муаллима келиб-кетгач, яна иссиқ жойимизга кўчамиз.
Эртаси куни уйда болаларимиз ўқиши учун барча ­шароитлар муҳайё қилиб ­қўйилди. Улар бу тайёргарликдан ҳайрон бўлишди. Умрида уйда доскани кўрмаган қизим у ёққа ўтса ҳам, бу ёққа ўтса ҳам унга ёпишади. Хотиним тансиқ таомлар тайёрлашга киришиб кетди. Бунинг учун алоҳида «меню» тузди. Энди фақат ҳомий ўқитувчини кутиб олиш қолди.
Афсуски, орадан икки-уч ҳафта ўтса ҳамки ундан дарак бўлмади. Бу орада мен ишдан эртароқ қайтадиган, болаларимга дарс тайёрлашларида ёрдамлашадиган бўлиб қолдим. Айни чоғда, Гогольнинг «Ревизор» асаридаги каби «ҳомий» ўқитувчининг келишини саросима билан кутишда давом этдим.
Охири сабрим чидамай, ­Аълохон Лолахоновага мактуб йўллашга жазм қилдим. Узоқ ўйлаб, қуйидаги сатрларни қоғозга туширдим:
«Ҳурматли Аълохон Лолахонова!
Сиз бизнинг фарзандларимизга ҳомий этиб бириктирилганингизни эшитиб, бошимиз осмонга етди. Бугунги кунда психология фани нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътиборда тутсак, бизнинг омадимиз чопган экан. Сиздек талабчан, моҳир устоз ҳамкорлигида фарзандларимиз тарбияси билан қаттиқ шуғулланиш бизга олам-олам қувонч бахш этади.
Оиламиз билан Сизни кутиб қоламиз!»
Хат ёзилган қоғозни буклаб, ўғлимга бердим-да, шахсан устозига топширишини ва ўқиб бўлмагунча жойидан жилмаслигини қаттиқ тайинладим.
Кечқурун ишдан кела солиб, ўғлимга юзландим:
– Хўш, хатни устозингга бердингми?
– Ҳа.
– Ўқидими? Ўқиган бўлса, нима деди?
– Ҳеч нима.
– Олдингда ўқидими, ўзи?
– Ҳа.
– Кейин хатни нима қилди?
– Столининг тортмасига солиб қўйди.
Бошқа савол бера олмадим. Чунки ўғлимнинг бепарволарча жавоб беришидан англадимки, хат муаллимага чумоли чаққанчалик ҳам таъсир қилмаган. Эҳтимол, у ўғлимга сир бой бермагандир, ҳар ҳолда, ўқитувчиси-ку ахир. Агар шундай бўлса, эрта-индин бизникига албатта келади…
Шу тариқа «ҳомий ўқитувчи»ни йил бўйи кутдик. Барибир у келмади. Балки психолог бўлгани боис бизга ёзилган ўша хат таъсирини олдиндан билган-у, келишни ўзига эп кўрмагандир. Бундан қатъи назар, биргина ўша хат сабабли ­уйимизда ўқиш учун шароитлар яхшиланди. Хотиним иккимиз фарзандларимизнинг ўқиши ва тарбиясига диққат билан ёндашадиган бўлдик. Ўз ­навбатида, уларнинг ўқишга қизиқишлари, фанларни ўзлаштиришлари яхши томонга ўзгарди. Биз бу ишни «ҳомий» ўқитувчининг кўмагида амалга оширдик.

ҲИСОБЧИ ота

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img