ЯнгиликларМаҳаллийХонанда Миродил Ҳакимов жаримага тортилди

Хонанда Миродил Ҳакимов жаримага тортилди

Сўнгги йилларда куй, қўшиқ, асарлар ва бошқа муаллифлик ҳуқуқи объектларини муаллифнинг ҳеч қандай рухсатисиз ўзлаштириш ҳолатлари учрамоқда. Натижада айрим шахслар томонидан «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуннинг бир нечта моддалари бузилишига йўл қўйилмоқда.

Қайд этиш лозим, қонунга кўра асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланган.

Шунингдек, Қонуннинг 62-моддасига кўра, ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни қўпол равишда бузиш ҳисобланади.

Жорий йилнинг 25 май куни шоир Эркин Йўлдош Андижон вилояти адлия бошқармасига мурожаат қилиб, Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро Миродил Ҳакимов ҳеч қандай рухсат ва огоҳлантиришсиз «Уйланамиз» шеърига басталанган қўшиқни 25 йилдан бери ижро этиб келаётганлигини ва шеър матнини ўзгартирганлигини билдирган. Мурожаатда келтирилган ҳолатларни ўрганиш жараёнида хонанда Эркин Дориповга тегишли бўлган «Уйланамиз» номли шеърни муаллиф билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз омма эътиборига ҳавола қилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Андижон туман судига баённома киритилган.

Натижада суд хонанда М. Ҳакимовни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177(1)–моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорда жарима жазоси тайинлаган.

Муроджон ЖАЛОЛДИНОВ,
Андижон вилоят адлия бошқармаси
Интеллектуал мулк ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img