Хонанда Sanjay (Джавбердиев Санжар) кўшиқларни кўчирганлиги учун интеллектуал мулк агентлигига чақирилибди номли видео хабар бўйича баёнот

0

Жорий йилнинг 26 ноябрь куни Telegram, Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқларида хонанда Sanjay (Джавбердиев Санжар)нинг Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Карвон”, “Атиргулим”, “Гулбадан” қўшиқларини ижро этганлиги учун Интеллектуал мулк агентлигига чақирилганлиги, Ш.Жўраевнинг ўғиллари Ш.Жўраев ва З.Жўраевлар Интеллектуал мулк агентлиги орқали босим ўтказишаётганилиги тўғрисида видео хабарлар тарқалди.

Ушбу видео хабар бўйича ижтимоий тармоқлардаги кўплаб изоҳларда хонанда Sanjayни Шерали Жўраев ва шоир Усмон Азимнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятининг мурожаати юзасидан маъмурий жавобгарликка тортиш каби ҳолатлар “санъатни бўғиш”га олиб келмайдими деган фикрлар билдирилган.

Ҳаётимиз давомида кимнингдир мулкидан, албатта, уларнинг розилигини олган ҳолда фойдаланамизу, лекин муаллиф ёки ижодкорнинг ойлар ва йиллар давомида машаққатли меҳнати натижасида яратган асари ёки қўшиғини уларнинг рухсатини олмасдан фойдаланамиз ёки ижро қиламиз! Ваҳоланки, интеллектуал мулк кўзга кўринмас мулк бўлгани билан, у жуда қийматли ва муаллиф учун қадрли мулкдир.

Сизнинг қанча қийинчилик ва заҳмат билан яратган мулкингизни қўшнингиз ёки бошқа танишингиз томонидан бироз, айрим жойларига ўзгартириш киритиб, яъни машинангизни тюнинг қилиб, мен сиздан яхшироқ ҳайдайман деб ўзиники қилиб ҳайдаб юрса, бу нарсани қандай қабул қиласиз? Ўз мулкингизни индамай топшириб қўяверасизми?

Тасаввур қилинг архитектор бинони қурсаю, унинг ўрнига бошқалар наф кўрса, боғбон ҳосилни етиштирсаю, энди сотиб фойдасини кўраман деганда, ўзгалар уни сотиб моддий манфаат кўришса ёки бўлмасам шоир кечалари бедор бўлиб, шеър ёзсаю, шеърни ўзгалар ўз номидан чиқарса, санъаткор ўз қўшиғидан, ижод намунасидан фойдаланиш вақти келганда, бошқа қўшиқчилар уни ижро қилиб кетаверишса, эртага ушбу соҳалар қандай ривожланади? Бу соҳа орқали оиласини боқаётганлар қандай қилиб кунини кўришади, бу турдаги ўзлаштириб олишлар кўпайиб кетаверса, мамлакатимизда интеллектуал салоҳият юксаладими? Янгидан янги асарлар, шеърлар ёки қўшиқлар яратиладими?

Тан олишимиз керакки, республикамизда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар етарли даражада ҳимоя қилинмаган. Муаллифлар ёки ижодкорлар ўзларининг асарлари қадрланмаётганлиги, ўз ҳақларини ололмаётганлиги сабабли ижод қилишдан, янги асарлар яратишдан узоқлашишмоқда. Шу сабабли, жамиятимизда муаллифлар ва ижодкорларнинг асарларини ҳурмат қилиш ҳиссини пайдо қилмас эканмиз, уларни яратган асарларига ўзимизнинг моддий мулкимиз саналган машинамиз, уйимиз ёки фойдаланадиган телефонимиздек қарамас эканмиз нодир асарлар, севиб тингланадиган қўшиқлар яратилишига замин ярата олмаймиз. Ва бунинг натижасида аҳолимизнинг илмий ва маданий салоҳияти юксалмасдан қолишига сабабчи бўламиз.

Илғор хорижий давлатларда муаллифларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта эътибор берилади. Уларнинг асарларидан фойдаланганлк учун ўз вақтида қалам ҳақлари тўлаб борилади, уларнинг рухсатисиз асар ижро қилинмайди ёки нашр этилиб, оммага тақдим этилмайди. Чунки улар яратган асарларни ўқиш орқали билимли, зукко ёшлар пайдо бўлади, мамлакатда ижодий салоҳият ўсади, одамлар ижодкорларнинг қўшиқларини тинглаб маданий хордиқ чиқаришларига қулай шароитлар яратилади.

Бизда эса фақатгина моддий манфаатни кўзловчи айрим ҳамюртларимиз томонидан нашриётларда уларнинг асарларидан берухсат, шунингдек ўзлари хоҳлаган ўзгартиришларни киритган ҳолда нашр қилиш ҳолатлари жуда кенг қулоч ёзиб улгурган. Шу сабабли аксар нашр этилган китобларга назар солсангиз, уларда маънавий уйғунлик, воқеалар кетма-кетлигига амал қилинмаганлигига гувоҳ бўласиз.

Халқимизда беш қўл баробар эмас ёки гуруч курмаксиз бўлмайди, деган ажойиб нақллар бор. Айримлар бошқа шахсларнинг интеллектуал фаолияти натижаларини ҳурмат қиладилар, айримлар эса уларнинг яратган асарларини мулк сифатида қадрламасдан уларнинг ҳуқуқларини қўпол равишда бузадилар.

Шу ўринда халқимиз севиб эшитадиган ажойиб қўшиқларни яратишда бошқа муаллиф ва ижодкорларнинг ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашадиган ҳамюртларимиз ҳам бор.

Хусусан, эстрада хонандаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Рахматуллаев Озарбайжон қўшиқчиси Терлан Новханининг “Бимар” қўшиғини ўзбек тилида (“Бемор”) ижро этишдан олдин муаллифдан рухсат сўраган.

Шунингдек, эстрада хонандаси Шоҳруххон буюк устоз санъаткор Мухриддин Холиқовнинг “Паризод”, “Қиз бола” номли қўшиқларини янги талқинда ижро этишдан олдин унинг асарларига нисбатан эгалик қилаётган оила аъзоларининг розилигини олган.

Хонанда Sanjay (Джавбердиев Санжар) томонидан Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Карвон”, “Атиргулим”, “Гулбадан” қўшиқларини ўзгача талқинда ижро қилиниши шоир Усмон Азим шеърларининг бутунлигига ҳамда Шерали Жўраевнинг йиллар давомида ўзбек халқи севиб тинглаб келган қўшиқлари ижроси бузиб кўрсатилишига сабаб бўлган.

Чунончи, республикамизда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларига доир муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ муаллиф ёки ижрочи ўз асарлари ва ижроларини шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканликлари, жисмоний ва юридик шахслар уларнинг асарлари ёки ижроларидан фақатгина улар билан ёки улар ваколат берган ташкилотлар билан шартнома тузиш орқали фойдаланишлари мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Хонанда Sanjay шоир Усмон Азим ва халқимизнинг суюкли артисти Шерали Жўраевнинг қўшиқларига бўлган ҳуқуқларини бузган бўлишига қарамасдан, ўз сўзларида ушбу шахсларга нисбатан асоссиз айбловларни келтиришдан нарига ўтмасдан, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилаётганлигини унинг ривожланишига қарши ҳаракат, деб баҳолаган.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида “cover” ижро тушунчаси акс этмаган. Хорижий давлатлар қонунчилигида “cover” ижро тушунчаси мавжуд ҳамда у ижро этилган асарни янгича ёндашув асосида асарни қизиқарлироқ қилиб ижро этишдир. Бу бўйича ижрочи санъаткорлар тарафлар билан шартнома асосида фаолият юритишади.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулкка доир ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича ҳар бир муаллифга, ижрочига ёки бошқа ҳуқуқ эгаларига яқиндан ёрдам кўрсатишга доим тайёр.

Шуни таъкидлаш жоизки, интеллектуал мулк ҳимояси етарли даражада таъминланмас экан, муаллифлик ҳуқуқлари ҳимояланмас экан давлатда ривожланиш бўлмайди.

Хурматли муаллифлар ва ижодкорлар, сизнинг интеллектуал мулкка доир ҳуқуқларингиз бузилдими, Агентликка мурожаат қилинг ва бузилган ҳуқуқларингизни тикланг.