ЯнгиликларМаҳаллийХорижий брендлардан ноқонуний фойдаланган тадбиркорга чора кўрилди

Хорижий брендлардан ноқонуний фойдаланган тадбиркорга чора кўрилди

“Gucci”, “Fila”, “Nike” каби хорижий брендлардан фойдаланиб, сумка ишлаб чиқарган тадбиркорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Андижон вилоят адлия бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилинишича, Андижон вилоятининг бир нечта мактабларида биринчи синф ўқувчиларига Президент совғаси сифатида тарқатилган мактаб рюгзакларида “Gucci”, “Fila”, “Nike” каби хорижий брендлар логотипи туширилгани аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилоят адлия бошқармаси Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан ўрганиш олиб борилди.

Ўрганиш давомида Балиқчи туманида фаолият юритувчи “Ҳ.П.С.” хусусий корхонасига тегишли ишлаб чиқариш объектларида 2022 йилнинг июль-август ойлари давомида давлат рўйхатидан ўтказилган “FILA”, “NIKE”, “ADIDAS”, “GUCCI”, “HELLO KITTY” хорижий товар белгиларига ўхшаш бўлган “GUCCI”, “FILA”, “NIKE”, “ADIDAS”, “Hello Kitty” номли ўқувчилар рюгзакларини ишлаб чиқарганлиги ҳамда “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасасининг шартномасига асосан Андижон вилоятидаги умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчиларига тарқатилганлиги аниқланди.

Корхона вакилларининг Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий муҳофаза олган товар белгиларига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш белгилардан фойдаланган ҳолатда маҳсулотларини ишлаб чиқариши ва сотувга таклиф қилиши қонунга хилоф ҳисобланади. Бу ҳолат “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-, 26- ва 27-моддаларига асосан товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш деб эътироф этилади.

Ҳолат юзасидан “Ҳ.П.С.” хусусий корхонасига нисбатан Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан ўзганинг товар белгиси бўлган ва муҳофаза қилинаётган белгига ўхшаш товар белгиларидан ноқонуний фойдаланганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-моддасига асосан кўриб чиқиш учун судга юборилди.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img