Хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётда иштироки даражасини ошириш

0

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилиши ва бошқарувидаги ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги боис уларнинг жамиятда тутган ўрни мустаҳкамланиб бормоқда.

Маълумот учун: Мамлакатимиз аҳолисининг қарийиб 50 фоизини хотин-қизлар, жумладан, уларнинг 29 фоизини 14 ёшгача бўлган қизлар,
28 фоизини 15-30 ёшлилар, 21 фоизини 31-45 ёшлилар, 15 фоизини 46-60 ёшлилар, 7 фоизини эса 60 ёшдан ошган хотин-қизлар ташкил этади.

Жумладан, бугунги кунга қадар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган 100 га яқин халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халкаро пакт, Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланилишига қарши кураш тўғрисидаги Конвенция (1949 й.), Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция (1952 й.), Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида Конвенция, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар Платформаси (1995 й.), Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенция (1984 й.), Таълим соҳасидаги камситишларга қарши кураш тўғрисидаги Конвенция (1960 й.), Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисидаги Конвенция (1951 й.), Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция (1956 й.), Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисидаги Конвенция (1958 й.) ва бошқалар.

Ушбу ҳалқаро ҳужжатларнинг ратификация қилиниши аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилиш бўйича халқаро-ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Мазкур халқаро ҳужжатларда аёлларга нисбатан камситиш унинг инсон сифатидаги қадр-қиммати, оила ва жамиятнинг фаровонлигига қарши қаратилгани, мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида эркаклар билан тенг шароитлардаги иштирокига халал бериш ва аёлнинг ўз мамлакати ва инсониятга хизмат қилишда имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқаришига тўсиқ эканлиги баён этилади.

Хотин-қизлар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш борасида “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида” ги Конвенция алоҳида ўрин тутади. Ушбу Конвенциянинг энг долзарб тавсиялари қуйидагилардан иборат бўлиб, уни имзолаган мамлакатлар учун бу тавсиялар мажбурий характерга эга эканлиги эслатиб ўтилган:

– эркаклар билан аёллар ўртасидаги тенглик тамойилини миллий Конституция ва бошқа тегишли қонунларга киритиш ҳамда ушбу тамойилни амалиётга жорий этилишини таъминлаш;

– зарур бўлганда хотин-қизларнинг ҳар қандай кўринишдаги камситилишини тақиқловчи махсус санкцияларни қўллаш;

– хотин-қизларни камситиш характерига эга бўлган мавжуд қонунлар, урф-одатлар амалиётини ўзгартириш учун чоралар кўриш;

– хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик
ва сиёсий ҳуқуқларда эркаклар билан тенг асосда фойдаланишларини таъминлаш.

Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш йўналишида алоҳида қонун ҳам қабул қилинган. Хусусан, 2019 йилнинг 2 сентябрида қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонун Конституциямизнинг 46-моддасида назарда тутилган мақсадларни амалга оширишга хизмат қиладиган ҳужжат ҳисобланади.

Ушбу Қонун билан илк бор миллий қонунчилигимизда «гендер» тушунчасига таъриф берилди. Унга кўра, гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланади. Жамиятда аёл ва эркакларнинг ўз ўрнини топиши учун давлат уларга бир хил шароит ва имконият яратиб бериши гендер тенгликни таъминлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Юртимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ушбу яхлит
ва асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, мазкур соҳада давлат бошқаруви механизмлари каби масалалар ҳам белгиланди.

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда фуқароларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашда гендер тенгликни таъминлашга оид нормалар мавжуд. Хусусан, давлат хизмати соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш кўзда тутилган. Масалан, давлат хизматида хизматчиларнинг лавозим тоифаларини ҳисобга олган ҳолда, бир жинсдаги ходимларнинг лавозимларни эгаллаши учун квоталаш тизимини белгилашни назарда тутувчи гендер сиёсатининг амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чораларни қўллашга рухсат берилиши, давлат органлари раҳбарлари лавозимларига кадрлар захирасини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлигига риоя этилиши зарурлиги каби талаблар белгиланди.

Мазкур қонун билан иқтисодий соҳада хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари ҳам белгиланган. Унга кўра, давлат органлари ва мулк шаклидан қатъи назар, ташкилот раҳбарлари жамиятнинг ресурсларидан тенг фойдаланишини таъминлаши шарт ҳисобланади. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги қарори билан хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия ташкил этилди. Унга раҳбарлик қилиш Олий Мажлис Сенати раисига юклатилди.

2019 йилнинг 30 июль куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарори билан Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита ташкил этилди. Унинг фаолияти мамлакатимизда гендер тенгликни ҳамда давлат ва жамият ишларида хотин-қизларнинг иштирокини таъминлашда давлат сиёсатини олиб бориш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, гендер тенгликни таъминлаш ва оила институтини ривожлантиришга оид қонунларни амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифалари, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормалари ва қоидаларига мослигини кўриб чиқиш ва бошқа вазифаларни бажаришга қаратилади.

Бундан ташқари, сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланиши назарда тутилди.

Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларига мувофиқ, аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши кераклиги белгиланган. Ушбу норма хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принципларига тўлиқ мос келади.

Таъкидлаш ўринлики, Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги қарори билан нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” ташкил этилиб, унинг асосий вазифаларидан бири тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни марказларга жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш ҳисобланади.

Ўз навбатида, қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатлар қаторида ижтимоий соҳадаги гендер тенгликни таъминлашга қаратилган нормалар ҳам алоҳида ўрин эгаллади. Меҳнат муносабатлари, ижтимоий ҳимоя, оилавий муносабатлар, таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари белгиланди. Ушбу кафолатлар давлат ва жамият ҳаётида, турли соҳаларда қонуний ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишда жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик принципига асосланади.

Хориж тажрибаси қандай?

Бу борадаги хорижий давлатлар тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, Италияда 1993 йилнинг 4 августида қабул қилинган 277-сонли Қонунга мувофиқ, қуйи палатага сайловлар мажоритар ва пропорционал қисмлар ўртасида ажратилади. Бироқ номзодларнинг рўйхати эркак ва аёл алмашинув йўли орқали тузилиши керак. Ҳар бир рўйхатда бир жинснинг фамилиясидан кейин қарама-қарши жинсли шахснинг фамилияси келиши мажбурий этиб белгиланган. Агар рўйхатдаги бу тартиб бузилса, округ сайлов комиссияси бундай рўйхат берувчини нормативга мос равишда уни янгидан тузишни таклиф қилади. Агар шунда ҳам тўғри рўйхат тақдим этилмаса, сайлов комиссияси мустақил равишда рўйхатга керакли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга (бу қоидани бузаётган номзод ўчириб ташланади).

АҚШ ҳукумати 2016 йилда “АҚШ нинг ўсмир қизлар имкониятини кенгайтириш бўйича глобал стратегияси” ни эълон қилди. Ушбу стратегия аёлларнинг ҳуқуқларини амалга оширишни зарур воситалар билан таъминлаш масаласига давлат миқёсида ёндашув йўналишларини белгилаб беради.

Испанияда 2007 йилда қабул қилинган “Аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги тўғрисида”ги қонунга асосан аёллар ва эркакларга давлат секторидаги лавозимларда ишлашга, сиёсий ҳаётда иштирок этишга бўлган тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга қаратилган. Ушбу соҳаларда қонунда мажбурий профилактика чоралари ва стратегиялар кўзда тутилган бўлиб, улар тенг имкониятлар учун стратегик режаларни қабул қилиш ва амалга ошириш, тенглик масалалари бўйича идоралараро комиссияни тузиш, ҳар бир қонун ҳужжатларининг гендер тенгликка таъсирини баҳолашдан иборат.

Грузияда 2012 йилда Ҳукумат ҳузурида қонунчилик таъсирини бахолаш кенгаши ташкил этилиши билан гендер тенгсизликни бартараф этиш, шунингдек гендер тенгликни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва режалаштириш, аҳолининг гендер тенглиги тўғрисида хабардорлигини ошириш ва қонун ҳужжатларининг гендер тенгликка таъсирини мониторинг ва баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ва яратиш жорий этилди.

 Мамлакатдаги вазият: тенденциялар ва муаммолар

Бироқ, Жаҳон Иқтисодий Форуми томонидан эълон қилинган Жаҳон гендер тенглиги индексида Ўзбекистон 127 ўринни эгаллаган.
Бу мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш бўйича бир қанча муаммолар мавжудлигидан дарак беради.

Булар аёлларнинг меҳнат бозорида иштирок этиш имкониятлари чекланганлиги (уч ёшгача фарзанди бор аёлларга мактабгача таълим муассасаларининг хизмат кўрсатишининг чекланганлиги), касбий бўлиниш ва аёллар ва эркаклар ўртасидаги тафовут мавжудлиги, дискриминация хавфи мавжуд бўлган жойда ишлаш учун чет элга чиқиб кетаётганлар, айниқса зўравонлик ёки одам савдоси қурбонига айланиш хавфи бўлган ёш аёллар сонининг ортаётганлигида намоён бўлмоқда.

Масалан, Ўзбекистонда давлат ташкилотларида ҳануз гендер нотенглик кузатилмоқда. Ўзбекистон статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2017 йилда иқтисодиёт соҳасида эркакларнинг 61,5%, аёлларнинг эса 38,5% меҳнат билан банд бўлган. БМТ маълумотларига асосан, ўрта таълим олган хотин-қизларнинг фақат 35%, олий маълумотли хотин-қизларнинг 68% иш билан таъминланган.

Маълумот учун: Давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик қилаётган аёллар сони 1 400 нафарни ташкил этиб, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимларининг 82 фоизини, таълим-тарбия, санъат ва маданият соҳасида 72 фоизини, қишлоқ хўжалигида 45 фоизини, саноатда 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатида 17 нафар сенатор, Қонунчилик палатасида 16 нафар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари таркибида эса 1 минг 75 нафар депутатлар хотин-қизлардан иборат.

Финляндия парламентида 42 фоиз, Норвегия парламентида 41,4 фоиз, Исландия паламентида 38,1 фоиз ва Исроил парламентида 27,5 фоиз хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Шунингдек, аёллар ва эркаклар иш ҳақи ўртасидаги тафовутнинг яна бир омили аёллар устунлик қиладиган соҳаларда (таълим, соғлиқни сақлаш) иш ҳақи эркаклар улуши юқори бўлган соҳаларга (қурилиш, транспорт) нисбатан паст.

 Таклиф ва тавсиялар

Юқоридаги таҳлилларга кўра қуйидаги тавсияларни илгари суриш мумкин:

* хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, хусусан хотин-қизларнинг сиёсий бошқарувдаги фаоллигини ошириш;

* хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг муайян ташкилотлардаги меҳнат фаолиятини тўғри ташкил этиш, янги иш ўринларини яратиш, бола парвариши таътилидан қайтган аёлларнинг малака оширишларини таъминлаш, турли жамоат ишларига жалб этиш орқали ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш;

* халқаро банклар, жамғармалар ва ташкилотларни хотин-қизларнинг ижтимоий заиф қатламларни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар беришга жалб қилиш, ҳиссадорлик асосида тадбиркор аёллар банкини ташкил этиш;

* оғир ижтимий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, уларга ижтимоий-ҳуқуий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

* хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларни яхшилаш, қишлоқ жойлардаги аёлларни оилавий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида манзилли қўллаб-қувватлаш;

* жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш.

* қарорларни қабул қилиш ва қўллашнинг барча даражаларида аёллар ва эркаклар ўртасида тенглик принципини жорий этиш;

* аҳолининг гендер асосида камситувчи вазиятларни келтириб чиқарадиган гендер стереотипларини олдини олиш;

* аёллар бандлигини ошириш ва иш ҳақи бўйича гендер тафовутни камайтириш;

* миграцияни бошқариш сиёсатига гендер ёндашувини ишлаб чиқиш.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиши мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим қадамлар саналади.

Шу бис, давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёлларнинг иштирокига тўсқинлик қилувчи ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий манфаатларини тенглик тамойили асосида ҳал қилиш мақсадга мувофиқ. Бу каби вазифалар барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, салоҳият ва имкониятини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Д.Анварова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
 Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими