ЯнгиликларАдлия бўлимлариХовос туман ободонлаштириш бошқармаси шартнома шартларини бузди (ми?)

Ховос туман ободонлаштириш бошқармаси шартнома шартларини бузди (ми?)

Ховос туман адлия бўлими томонидан “BLACK-WITE” МЧЖ раҳбари У.Жулбековнинг туман ободонлаштириш бошқармаси билан тузилган шартномага асосан тўланмай келаётган 189 000 000 сўм пул маблағларини ундириб беришни сўраб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида, Жамият билан Бошқарма ўртасида Ховос туманидаги “Проваслав” қабристонининг атрофини темир панжара билан ўраб олишда тўлиқ таъмирлаш юзасидан пудрат шартномаси тузилганлиги, шартномада бажариладиган ишлар суммаси 240 000 000 сўм қилиб келишилган бўлсада, Ободонлаштириш бошқармаси томонидан шартнома мажбуриятларига амал қилинмай, тўловлар ўз вақтида тўлаб берилмаганлиги аниқланди.

Яъни, шартномага кўра, ободонлаштириш бошқармаси томонидан “BLACK-WITE” МЧЖга шартномада кўрсатилган сумманинг 15 фоиз тўловини олдиндан тўлаши, қолган тўловни ишлар бажарилгандан сўнг 5 кун ичида тўлаб бериш мажбуриятини олган.

Бироқ, тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан бажарилган ишлар учун 240 000 000 сўм тўлаб берилиши лозим бўлсада, 51 000 000 сўм тўлов амалга оширилган, холос. 189 000 000 сўм миқдордаги қолдиқ сумма эса тўланмаган.

“BLACK-WITE” МЧЖ томонидан бир неча маротаба огоҳлантириш хатлари юборилганига қарамасдан туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан қарздорлик қопланмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъэктлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни 25-моддасида товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилган, тўлиқ етказиб берилмаган, ишлар бажарилмаган ёки хизматлар кўрсатилмаган ҳолларда, товар етказиб берувчи (пудратчи) сотиб олувчига (буюртмачига) кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,4 фоизи миқдорида пеня тўлайди, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар, бажарилмаган ишлар ёки кўрсатилмаган хизматлар баҳосининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозимлиги белгиланган.

Юқоридагиларга асосан Ховос туман адлия бўлими томонидан “BLACK-WITE” МЧЖ манфаатида Боёвут туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Тўпланган ҳужжатлар асосида иш холисона кўриб чиқилиб, суднинг адолатли қарори қабул қилинди. Ободонлаштириш бошқармаси ҳисобидан томонидан “BLACK-WITE” МЧЖ фойдасига 189 000 000 сўм миқдорда асосий қарз ва 94 500 000 сўм миқдорда пеня ундириладиган бўлди.

Сирожиддин Қўзиев,
Ховос туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img