Наманганда мактабларга юборилган огоҳлантириш хати юзасидан тушунтириш берилди – ХТВ

0

Жорий йил 11 июль куни сайтимизда “Намангандаги мактаб битирувчилари ОТМга кириши бўйича алоҳида рейтинг ишлаб чиқилиши айтилмоқда” номли мақола эълон қилинган эди.

Халқ таълими вазирлиги Наманган вилояти Халқ таълими бошқармасининг “Таълим муассасалари биритувчиларини олий таълим муассасаларига қамраб олиш, бандлигини таъминлаш бўйича Огоҳлантириш хати” юзасидан тушунтириш берди.

Давлатимиз Раҳбари томонидан яхши мактаб директорларини рағбатлантириш ва масъулиятсизларига чора кўриш вазифаси белгиланган. Уларнинг фаолияти натижаси кўрсаткичларидан бири бу битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи. Мазкур чоралар мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларини юқори даражага кўтариш, ОТМга бормаган ва кира олмаган ўқувчилар билан алоҳида иш ташкил қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш чораси кўрилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Ушбу йўналишда тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда ва у ҳам умумхалқ муҳокамасига қўйилади. Наманган вилояти бошқармаси ўзининг ташаббусига кўра мактаб директорларини аввалдан тайёргарлик кўришлари учун уларга огоҳлантириш сифатида хат юборган. Ишлаб чиқилаётган қарор лойиҳасидаги чоралар ушбу хатдагидан фарқ қилади, ҳамда умумхалқ муҳокамаси натижаларига кўра мактаб директорлари фаолиятини баҳолашнинг адолатли тизими ишлаб чиқилади.

Мазкур ҳолат бўйича Наманган вилояти бошқармаси раҳбарига тушунтириш берилди.