Абу Али ибн Сино Бухородан Хоразмга карвон билан ҳориб-толиб кириб келибди. Табиб Ибн Сино келганлигини Хоразмшоҳга етазишибди. Шоҳ ибн Синони ҳузурига чорлашни буюрибди. Уни мулозамат билан кутиб олибди ва иккита савол берибди. “Машҳур табибсиз менга айтингчи, еяверасан-еяверасан, ҳеч мазасини топмайсан – бу қанақа таом?”.
Шунда доно табиб дарҳол: “Бу – шошилиб ейилган таом”, – деб жавоб қайтарибди.
Сўнгра иккинчи саволни берибди: “Даволайверасан-даволайверасан ҳеч даволаб бўлмайди – бу қанақа касал?”.
Табиб Ибн Сино ҳеч иккиланмай тезда жавоб қайтарибди: “Шоҳим, бу аҳмоқ одам”.
Ақлли ва доно табибнинг машҳурлиги бежиз эмаслигига яна бир карра ишониб, Хоразмда яшаб, ижод қилишига шарт-шароитлар яратиб беришган экан.