ЯнгиликларМаҳаллийИчкиликбозлик: мамлакатимиздаги мавжуд ҳолат ва салбий оқибатлар

Ичкиликбозлик: мамлакатимиздаги мавжуд ҳолат ва салбий оқибатлар

Бугунги кунда кўплаб хорижий давлатларда аҳоли ўртасида спиртли ичимликлар (алкоголь) истеъмоли даражаси ортиб бормоқда.

World Population Review мустақил таҳлил ва тадқиқот ташкилоти маълумотларига кўра, алкоголь (соф бир литр спирт истеъмоли назарда тутилган) истеъмоли даражаси юқорилигича қолмоқда.

Маълумотларга кўра, 15 ёш ва ундан юқори аҳоли ўртасида жон бошига спиртли ичимлик истеъмоли фоизи энг юқори 10 та давлат қаторида Венгрия (21.2%), Россия (20,9%), Беларусь (18,8%), Латвия, Словения, Словакия, Польша, Эстония, Жанубий Корея, Литва давлатлари қайд этилган. Алкоголь истеъмол даражаси паст давлатлар қаторида Покистон, (0,4%), Саудия Арабистони (0,3%) Қатар (0,3%) каби давлатлар қайд этилган.

Жанубий Судан, Маршалл ороллари, Монако, Сан Маринода эса ичкиликбозлик даражаси 0%га тенглиги кўрсатилган.

Жумладан, Марказий Осиё давлатлари ичида 15 ёшдан юқори аҳоли ўртасида алкоголь истеъмоли даражаси Қозоғистонда (6%) юқори бўлиб, 2-ўринда Ўзбекистон (5,9%) қайд этилган, қўшни Тожикистонда эса ушбу кўрсаткич 0,9%ни ташкил этган.

Шу билан бир қаторда, мамлакатимизда юритилаётган миллий кўрсаткичларга кўра, ўтган йилда алкоголь истеъмоли даражасида ўсиш кузатилган.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларида қайд этилишича, календарь йил учун 15 ёш ва ундан катта аҳоли жон бошига тўғри келадиган тоза спирт ҳисобидаги алкоголь истеъмоли 2020 йилда 4,9 литрни, 2021 йилда эса 5,3 литрни (8% ўсган) ташкил этган.

Натижада сурункали ичкиликбозлик билан касалланиш даражаси 2010 йилда ҳар 100 минг кишига нисбатан 18,9 нафарни ташкил этган бўлса, мазкур кўрсаткич 2020 йилга келиб 29,9 нафарни (2010 йилга нисбатан 63%га ортган) ташкил этган.

Сўнгги беш йилда биринчи марта қўйилган ташхис билан қайд қилинган ичкиликбозлик ва спиртли ичимликлар билан боғлиқ руҳий касалланганлар сони 2017 йилда 6 899 тани ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб 8 776 тага (1 877 тага ортган) етган.

Эътибор қаратишимиз лозим бўлган яна бир муаммо шуки, ичкиликбозлик натижасида ҳуқуқбузарликлар ва ўлим ҳолатлари сони ҳам ортиб бормоқда.

Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, республикамизда ичкиликбозлик таъсирида 2020 йилда 474 356 та ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2021 йилда 694 756 тани (ўтган йилга нисбатан 46%га ортган) ташкил этган.

Жумладан, 2021 йилда ичкиликбозлик таъсирида содир этилган жиноятлар сони 2017 йилдагига нисбатан 65%га ортган.

Бундан ташқари, ичкиликбозлик натижасида юзага келган касалликлар туфайли сўнгги тўрт йил давомида жами 192 нафар фуқаро вафот этган.

Шу билан бирга 2021 йилнинг 6 ойи давомида 20 мингдан ортиқ транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш ҳолатлари қайд этилиб, 2020 йилга нисбатан қарийб 100 %га ортган. Оқибатда, 3 754 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 3 170 нафар фуқаро жароҳатланган ва 954 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Энг ачинарлиси, 2021 йилнинг ўтган 6 ойида болалар билан боғлиқ 542 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 458 нафар бола жароҳатланган ва 104 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган.

Яна бир долзарб муаммо шуки, маълумки, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини таълим, спорт муассасалари ва диний муассасалардан тўғри чизиқ бўйлаб икки юз метрдан кам масофада жойлашган савдо объектлари томонидан реализация қилиш мумкин эмаслиги белгиланган.

Шунга қармасдан, республикамизнинг айрим ҳудудларида ушбу талабга риоя қилинмасдан келинмоқда. Республика бўйича 5 000 га яқин алкоголь маҳсулотларни сотиш билан шуғулланувчи субъектлар бўлсада, улар фаолият юритаётган объектлар санитария муҳофаза зонаси талабларига риоя қилиниши ваколатли давлат органлари томонидан назоратга олинмаган.

Бунинг натижасида, таълим, спорт муассасалари ва диний муассасаларга яқин ва ёндош ҳудудларда алкоголь маҳсулотлар реализация қилиб келинмоқда.

Ушбу ҳолатлар, айниқса, Тошкент шаҳар ва бошқа вилоят марказларида кенг авж олган.

Қайд этиб ўтилган ҳолатлардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, ҳозирги вазият ичкиликбозликка қарши курашиш бўйича мавжуд қонунчиликни ҳамда инфратузилмани тубдан қайта кўриб чиқишни, шунингдек, ваколатли органларнинг масъулиятини янада оширишни тақозо этмоқда.

Б. Қобулов,
Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img