ijro.gov.uz тизими Адлия вазирлигига ўтказилади — Худоёр Мелиев

0

Бугун АОКА анжуманлар залида Адлия вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Президент ҳужжатларини назорат қилиш бўйича янги тизим жорий этиш масалалари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев ijro.gov.uz тизими Адлия вазирлиги ихтиёрига ўтказилишини маълум қилди.

Таъкидланишича, Президент қарор, фармонларида назарда тутилган топшириқлар ижроси назоратини Ҳисоб палатаси ijro.gov.uz тизими орқали юритган.

Ҳозирда ижро интизоми бўйича тайёрланган янги лойиҳага кўра Президент фармон-қарор, топшириқлари бўйича масъул вазирлик ва идоралари ҳар бир раҳбарларининг фармон-қарорни билиш даражаси баҳолаб борилади ва улар бу борада ўқитилади. Ҳар бир ижрочи бунга масъул ҳисобланади. Топшириқларнинг бажарилиши назорати эса Адлия вазирлиги ва унинг тизими, ҳудудий бошқарма, бўлимлари томонидан амалга оширилади.

“Адлия вазирлиги бюрократияга қарши ишларни олиб боряпти. Хусусан, давлат бошқаруви соҳасида қоғозбозлик ва мажлисбозликларга қарши таклифлар ишлаб чиққанмиз. Яқинда бюрократия бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилиб, юқори турувчи органларга киритилди.

Мажлисбозликлар — давлат хизматчиларининг асосий ишидан чалғитиб, вақтини йўқотишига олиб келади. Президент топшириғи асосида Адлия вазирлиги мажлисларни кескин қисқартириш, вақтини назоратга олиш, йиғилишларга ҳудудлардан иштирокчиларни жалб этиш учун қатъий талаблар қўйиладиган ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди”.