Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг асосий мақсади, ижтимоий фойдалилик ҳисобланиб, унга кўра корхонанинг ишига аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари жалб этилади. Шу билан бирга, мазкур корхоналар ижтимоий жиҳатдан фойдали ижтимоий лойиҳа, товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ва ижтимоий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган бўлади.

Қайд этиш лозимки, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринларини яратиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун солиқ ва бошқа турдаги имтиёзлар белгиланган. Бироқ амалдаги қонунчиликда “ижтимоий тадбиркорлик”нинг ҳуқуқий тушунчаси ва ижтимоий тадбиркорликка оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари аниқ белгиланмаган.

Хорижий мамлакатлар тажрибаси

Ижтимоий тадбиркорлик борасида хорижий мамлакатлар (АҚШ, Буюк Британия, Польша, Белгия, Италия, Малайзия, Жанубий Корея) қонунчилиги ўрганилганда, ушбу тадбиркорлик фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари иш билан таъминланиши билан бир қаторда ижтимоий товарлар ишлаб чиқариш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида юқори натижага эришилганлигини кўриш мумкин.

Хусусан: Буюк Британиядаги ижтимоий корхоналар барча корхоналарнинг 5 фоизини (70 минга яқин ижтимоий корхоналар) ташкил этиб, деярли 1,44 миллион кишини иш билан таъминлайди.

Бундан ташқари, Буюк Британиядаги ижтимоий тадбиркорлик корхоналари турли даражадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича фаолият олиб боради. Хусусан, Doncaster Refurnish компанияси ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун арзон мебеллар ишлаб чиқаради. Компания, шунингдек, хонадонлар ва уйларни тозалаш, боғларни парвариш қилиш бўйича хизматларни тақдим этади. Fifteen халқаро хайрия ресторани тарбияси қийин ёшларга ошпазлик сирларини ўргатади ва уларни иш билан таъминлайди. Big Issue фонди уйсиз ёки муҳтож одамларни ўқишига ва моддий таъминланишига ёрдам беради.

Буюк Британияда ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида турли шаклдаги имтиёзлар ажратилади.

Масалан: 2014 йилда ижтимоий инвестор учун солиқ имтиёзлари жорий этилди ва ижтимоий корхоналарга маблағ киритадиган жисмоний ва юридик шахсларга даромад солиғи 30 фоизгача камайтирилди.

Америка Қўшма Штатларининг солиқ хизмати маълумотлар базасида иқтисодиётнинг 3 секторида 1.4 миллион ташкилот рўйхатдан ўтган. Уларнинг 140 минги ижтимоий ташкилот ва тадбиркорлик корхоналари бўлиб, 9,4 миллион ишчилар фаолият юритади.

Ушбу ижтимоий корхоналарнинг 40 фоизга яқини 5 кишигача ходим, 8 фоизда юздан ортиқ ходим билан ўз фаолиятини юритади. Ушбу корхоналарнинг 60 фоизи 2006 йилгача ташкил этилган бўлиб, 29 фоизи 2011 йилдан сўнг ташкил этилган.

2007 йилда Корея Республикасида “Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилди.

Жанубий Корея ҳозирги кунда ижтимоий тадбиркорлик компанияларини қўллаб-қувватлаш бўйича тан олинган етакчи давлат ҳисобланади. Ижтимоий тадбиркорлар маданият ва санъат, таълим, экология, туризм, спорт, шунингдек, саноат маҳсулотлари ва бошқа соҳаларда фаолият олиб боради.

Ушбу корхоналарнинг мутлақ кўпчилиги, биринчи навбатда, аҳолининг заиф қатламлари учун иш ўринларини яратишга қаратилган бўлиб, ижтимоий корхона сифатида рўйхатдан ўтиш ва имтиёзлардан фойдаланиш учун корхоналар қуйдаги талаблар бўйича давлат аттестациясидан ўтадилар:

* корхона ходимларнинг тенг ярми ижтимоий ҳимояга муҳтож одамлар ҳисобига шакллантирилиши ёки ушбу тоифаларга хизматларнинг 50 фоиздан кўпроғи кўрсатилиши керак.

* корхона болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, санъат, спортни ривожлантириш, ўрмонларни қўриқлаш, бола парвариши ва маиший ёрдам кўрсатиш соҳасида фаолият олиб бориши керак.

* корхона ўз фойдасининг камида учдан икки қисмини ижтимоий мақсадларга қайта инвестиция қилиши лозим.

Ушбу талабларга риоя қилмаслик ёки мақомнинг нотўғри ишлатилиши ижтимоий корхонага нисбатан жарима солишга олиб келади.

Хорижий мамлакатлар (Буюк Британия, Италия ва Малайзия) қонунчилигига кўра, ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилган ижтимоий корхона, ўтган молия йилида олинган фойданинг камида учдан икки қисмини кейинги молия йили давомида ижтимоий корхонанинг фаолиятига ёки ижтимоий лойиҳаларга реинвестицияга йўналтириши талаби белгиланган. Бундан кўзланган мақсад ижтимоий тадбиркорликнинг фаолият йўналишларини кўпайтириш ва ривожлантириш ҳисобланади.

Thomson Reuters Foundation жамғармаси томонидан дунёнинг 45 та давлатидан 900 га яқин ижтимоий тадбиркорлик бўйича мутахассислар ўртасида онлайн ўтказилган сўровномага кўра, США, Канада, Буюк Британия, Сингапур, Исроил, Чили, Жанубий Корея, Гонконг, Малайзия, Франция давлатлари ижтимоий тадбиркорлик учун энг яхши шароитга эга Топ–10 талик давлатлар сифатида топилган.

Юқоридаги маълумотлардан шуни кўриш мумкинки, хорижий мамлакатларда ижтимоий тадбиркорликка оид муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши натижасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига иш ўринларини яратиш, ижтимоий товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш борасида самарали натижаларга эришилган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ҳам ушбу йўналишдаги ишлардан бири сифатида кўриш мумкин.

Ижтимоий тадбиркорлик борасидаги хорижий давлатлар тажрибаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан мамлакатимизда қуйидаги тартиблар белгиланиши назарда тутилган:

Қонун лойиҳасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра бозор шароитларида товарлар(хизматлар)ни харид қилишда ёки меҳнат бозорида иш топишда қийинчиликка дучор бўлаётган ёхуд ўзгаларнинг кўмагига муҳтож шахслар назарда тутилган ва қуйидаги қатламлар ушбу тоифага киритилган:

* I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон болалар;
* етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
* ижтимоий аҳамиятга молик бўлган касалликлар ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликлар (сил, онкологик, психиатрик, наркологик, эндокринологик, инфекцион, таносил касаллиги, ОИТС, махов ва касб касаллиги)га чалинган шахслар;
* қарамоғида 16 ёшга тўлмаган ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз шахслар;
* ўқишни тугатгандан кейин 3 йил ошмаган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари;
* “Меҳрибонлик” уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари;
* жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган шахслар;
* ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;
* муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахслар.

Ўз навбатида, қонун лойиҳасида ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги шакллари белгиланган:

* имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш;

* ижтимоий лойиҳа харажатларини субсидиялаш;

* маслаҳат бериш ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш.

Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилган кундан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб татбиқ этилиши ва ижтимоий корхоналарнинг реестридан чиқарилган ойнинг биринчи кунидан бекор қилиниши назарда тутилган.

Шунингдек, ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш асосий фаолиятини фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ўзгартирган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан фақат фавқулодда ҳолатлар амал қилган давр мобайнида қўлланилиши назарда тутилган.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини кенг ривожлантириш билан бир қаторда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга, хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг ишсизлиги ва камбағаллигини қисқартириш, ижтимоий товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва ижтимоий хизматларни кўрсатишда кенг имкониятлар яратади.

Равшан НУРМАТОВ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг