Ижтимоий тармоқларда шахсни обрўсизлантирганлик учун қандай жавобгарлик бор?

0

— Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда шахсни обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш ҳолатлари учраб турибди.  Ушбу ҳолат бўйича қонунчилик нормалари нима дейди? 

Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева АОКАда бўлиб  ўтган брифингда маълумот берди:

Қонунчиликда ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатишнинг тартиблари белгилаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 121-моддасида белгиланишича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ёки веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.

Шунингдек, қонунчиликка кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет тармоғида тарқатиш БҲМнинг 50 баравари (12 млн 250 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агарда ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, БҲМнинг 400 бараваригача (98 млн сўм) миқдорда жаримага тортилиши ёки 3 йилгача озодликни чеклаш жазоси билан жазоланиши мумкин.