ТаҳлилИжтимоий тармоқ одоби

Ижтимоий тармоқ одоби

СЎНГГИ пайтларда бутун дунё кўрадиган, ўқийдиган ижтимоий тармоқларда миллий менталитетимизга, қадриятларимизга зид хабарлар тарқалаяпти. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, деган нарсалар унутиб қўйилмоқда. Шарму ҳаёдан йироқ, муомала ва кийиниш маданияти топталган, она тилимизга ҳурматсизлик сингари нохуш ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Бир сўз билан айтганда, ижтимоий тармоқ одоби киши дилини хира қилади.

Кези келганда шуни таассуф билан қайд этиш лозимки, ижтимоий тармоқлар айримлар учун ўч олиш, бировни шарманда қилиб ҳузурланиш манбаи бўлиб қолмаяп­тими? Ҳатто кўпгина товламачилик жиноят­ларини ҳам келтириб чиқармоқда. Яъни, суратга ёки видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқда тарқатиш билан қўрқитиб, кимдандир пул ундиришга уринаётган, оқибатда жиноий жавобгарликка тортилаётган шахсларнинг қилмишига ҳам гувоҳ бўляпмизку. Ана шундай товламачилик натижасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас.

Нохуш ва ёлғон хабарлар

У хоҳ интернет сайтлари, хоҳ бошқа ижтимоий тармоқлар бўлсин, ҳар куни нохуш, одамларни ваҳимага соладиган, ҳар қандай кишининг кайфиятини бузадиган муждаларга кўзимиз тушмай иложи йўқ. Эътибор беринг-а, “Наманганда “Газель” йўлни кесиб ўтаётган велосипедчини уриб юборди. Жабрланувчи шифохонада вафот этди”, “Самарқандда Spark пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган аёлни уриб юборди”, “Қашқадарёда Nexia-3 уриб юбориши оқибатида велосипед минган бобо ва набира вафот этди”, “Қорнимга қайчи ёки пичоқ тиқиб ўзимни ўлдиришим кераклигини айтди” — Қашқадарёда номуси топталиб, 15 ёшида она бўлган ўқувчи қиз”, “Тошкентда ўз фарзандининг мурдасини ёқиб юбориб, сўнг унинг йўқолгани ҳақида хабар берган аёлга суд ҳукми ўқилди”, “Сурхондарёда набира бувисининг қўйларини ўғирлади”, “Сирдарёда икки киши бир қизни фоҳишаликка сотмоқчи бўлди”, “Бухорода жазманини қўрқитиб, ундан пул ундирмоқчи бўлган қиз ушланди”, “Тошкентда ҳайдовчи юк машинада аёлни уриб кетди (видео)”, “Қашқадарёда бобо ўз набирасини пичоқлаб қўйди”, “Жиззахда аёл уч киши томонидан зўрланди”, “Қамчиқ довонида юк машинаси ағдарилиб кетди”. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Гўёки республикамизнинг ҳамма нуқтаси нотинчдек. Агар ўша хабарларни ўқимасак ҳам сарлавҳасининг ўзиёқ сизу бизнинг асабимизни таранг­лаштиради. Кун бўйи кайфиятимизга таъсир қилади. Ахир бундай нохушликлар фарзандларимизнинг руҳиятини, тарбиясини бузмайдими? Ёки қотилликдек ўта оғир жиноятлар ёшларимиз учун оддий ҳолга айланиб, уларнинг дийдасини қотириб қўймайдими?

Ваҳоланки, мақтансак, жамоат­чиликка, дунё афкор оммасига кўз-кўз қилсак арзийдиган янгилик ва муваффақиятларимиз, маънавий-ахлоқий қадриятларимиз, бой илмий ҳамда маънавий меросимиз, хуллас, ибрат олгулик жиҳатларимизнинг сон-саноғи йўқ-ку юртимизда. Энг муҳими, Европа ва океан орти мамлакатлари маданиятни, илму ҳунарни шарқдан, хусусан, бизнинг аждодларимиздан ўрганган. Албатта, биз улардан ибрат олишимиз керак.

Ижтимоий тармоқларда жамоат­чиликни чалғитадиган, аҳоли орасида шов-шувларни, ғийбат ва муҳокамаларни келтириб чиқарадиган ёлғон хабарлар ҳам оз эмас. Айтайлик, бирор-бир воқеликни олдиндан башорат қилиб, қонуний ва аниқ асосга эга бўлмаган ёхуд оғир касалликдан даволанаётган қайсидир таниқли шахсни “ўлди”га чиқариш сингари ёлғон хабарлар ҳаммани чалғитади. Ҳатто турли норозиликларни ҳам юзага келтиради. Уларни тарқатаётганларга қарата айтмоқчимизки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Жиноят кодексида ёлғон хабар тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Сўкиш, уриш ва ҳақорат

Айрим маҳаллий мансабдорларнинг, олий юридик маълумотга эга бўлган қонун ҳимоячиларининг турли мажлисларда ўз қўл остидаги ходимларни сўкиб ҳақоратлашичи? Ахир бу нафақат ўша раҳбарнинг, балки у хизмат қилаётган тизимнинг ҳам обрўсига путур етказади-ку. Юртимиздан ташқаридаги ­ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари давлат хизматчисининг бу тахлит маданият­сизлигига кулмайдими?

Айниқса, ҳақорат қилганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (41-моддаси) ҳамда Жиноят кодекси (140-модда)да тегишли жавобгарлик белгиланган.

Бундан ташқари, айрим устоз-мураббийлар ва боғча тарбиячиларининг ўқувчиларни, болажонларни ургани ҳақидаги видеотас­вирли хабарларни ўқиб, кўриб қоламиз. Шу билан бирга, сўнгги пайтларда ўқитувчиларнинг ота-оналар томонидан, шифокорларни эса беморнинг яқинлари томонидан калтак­ланганига оид хабарлар ижтимоий тармоқларда кун мавзусига айланмоқда. Қашқадарёдаги калтакланган ўқитувчи ёки Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги гинеколог аёлнинг собиқ ички ишлар органи ходими томонидан сочидан судраб, тан жароҳати етказилиши жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ана сизга инсоннинг тафаккури, қалби ҳамда жисми жонига малҳам бўлаётган кишиларга муносабат! Президентимиз томонидан мактаб таълимига, ўқитувчиларнинг мақомини оширишга жиддий эътибор қаратилаётган ёхуд тиббиёт тизими ислоҳ қилиниб, шифокорлар меҳнати қадрланаётган бир пайтда юқоридаги сингари нохуш ҳолатлардан ҳамюртларимизнинг дили ранжимоқда.

Тилимизга ҳурматсизлик қачонгача?

Таассуфлар бўлсинки, ижтимоий тармоқлардаги ўзаро мулоқотларда — ёзма суҳбатларда Она тилимизга ҳурматсизлик, яъни ўзбек бўла туриб, тилимизнинг оддий қоидаларини билмаслик, тиниш белгиларига риоя қилмаслик, рус ва ўзбекча, ҳатто инглизча сўзларни ёки крилл ва лотин алифбоси ҳарфларини аралаштириб ёзиш сингари ҳолатлар кўнгилни хуфтон қилади. Яъни, кўрсаводлик илдиз отаётгани сезилиб қолмоқда. Хусусан:

— Баерамз муборе бусн
“Байрамингиз муборак бўлсин!” демоқчи.
— Сланям табрклиман
“Сизларни ҳам табриклайман” демоқчи.
— Buruv onda ekan
“Биру ўнда экан” демоқчи.
— h rahmat
“Ҳа, раҳмат” демоқчи.
Ёки:
— kuratrdimi telifon qib sorab korin
“Синф раҳбариданми телефон қилиб сўраб кўринг” демоқчи.
— Xoп
“Хўп”

Баъзан “Хўп” сўзи ўрнига ­инглизча “Ok” (яхши) сўзини қўллашади. Бундай ҳолатларни асосан телеграм, Фейсбук ва инстаграмдаги ёзишмаларда учратасиз. Бир зиёли юртдошимиз ана шундай “саводли”лардан бирига эътироз билдирса, ўша кимса узр сўраш ёки хатосини тузатиш ўрнига “Хато ёзсам, биров мени жавобгарликка тортармиди?”, дея тутун қайтарибди. Ваҳоланки, тилимизга нисбатан ҳурматсизлик кечирилмас, муроса қилиб бўлмас воқелик сифатида баҳоланиши керак.

Хулоса

Ижтимоий тармоқларнинг бизга фойдаси, қулайлиги беқиёс. Ундан исталган маълумотингизни бир зумда оласиз, қайсидир идора эшигида сарғаймай, уйда ўтирган жойингизда мурожаат қиласиз. Дунёнинг нариги чеккасидаги яқинингиз, дўсту биродарингиз билан ёнингизда тургандек кўришиб, мулоқот қиласиз, истаганча ахборот алмашасиз. Пул олди-бердиси ёки банк операцияларини амалга оширасиз, ўзингиз ёхуд меҳнат жамоан­гиз учун манфаатли битимлар, шартномалар тузасиз. Жаҳон ва ўзбек адабиёти, санъати, тарихи, мадания­ти, қўйингки, ҳар қандай маънавий билимлардан баҳраманд бўласиз. Биргина тугмачани боссангиз бас, юртимиз ва бутун оламдаги сўнгги, қайноқ янгиликлардан воқифсиз. Умуман олганда, интернет ва бошқа ижтимоий тармоқларнинг афзаллигидан фойдаланмай иложингиз йўқ. Бир кун эмас, бир соат телефонингизда пулингиз тугаб қолса ёки тўлқин мавжуд бўлмаган жойга бориб қолсангиз, худди бир нимангизни йўқотгандек, бутун дунёдан узилгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Фақат ­ижтимоий тармоқдан фойдаланишда унинг ҳам ўзига хос одоби борлигини унутмасак бўлгани.

Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img