Суд очеркиИжтимоий тармоқ тузоғи

Ижтимоий тармоқ тузоғи

Сўнгги вақтларда ҳар нарсанинг фойдаси бўлиши қаторида зарари ҳам бўлиши мумкинлигин ҳақида унчалик бош қотирмаяпмиз. Масалан, интернетнинг фойдаси кўплигига шубҳа йўқ.  Лекин ундан тўғри фойдаланмаслик оқибатида турли муаммолар чиқаётгани, хатто инсонни жиноят кўчасига бошлаётгани ҳам  тез-тез қулоққа чалинмоқда. Келинг, сўзимизни суд мажлиси мисолида давом эттирайлик.

Суднинг қора курсисидан ўтирган Али (исмлар ўзгартирилган) интернетдан фойдаланишда тўғри йлдан адашиб кетгани учун боши эгик. У ижтимоий тармоқлар орқали “Скорост” номли гиёҳвандлик моддаси ҳақида маълумотга дуч келганида шу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмади. Аксинча, шу йилнинг январ ойида телеграм иловаси орқали ушбу гиёҳвандлик моддасига буюртма беради. Электрон тарзда пул тўлайди. Сўнг манзили кўрсатилган жойдан бориб ушбу гиёҳвандлик моддасини олиб, истеъмол қилиб юради. Шу тарқиқа айшини суриб юрган Али вақт ўтиши билан бу оғуга Дониёр исмли маҳалладошни ҳам қизиқтиради. Шундай қилиб икки банги бу воситанинг қулига айланади. Жирканч иш учун анча-мунча маблағини сарфлаб қўйишади.

Мазкур жиноят ишида эътиборимизни қаратадиган бир муҳим жиҳат бор. Гап шундаки, бу икки банги ўртоқларга гиёҳвандлик моддасини сотувчилар ўзларини фош қилмайсил учун ўзига хос услубни танлашади. Унга кўра, харидор маҳсулот учун телеграм иловасидаги махсус бот орқали 2 грамм “Скорост” номли гиёҳвандлик моддасига буюртма беради. Шундан кейин электрон тўлов тури бўлган “Bitcoin” орқали келишилган маблағни тўлайди. Ўша бот орқали уларга “Скорост” номли гиёҳвандлик моддасини қаерда турганлиги ҳақидаги локациясини жўнатилади.  Масалан, кўп қаватли уйлар атрофидаги ташландиқ жойларга яширилган, бирор бошқа овлоқ манзилда тошлар тагига қўйиб кетилгани билдирилади.

Хуллас, сотувчи бу бу жараёнларда қўлга тушмаслик учун барча воситаларни ишга солишда интернет тармоғидан усталик билан фойдаланишади. Энг ёмони олди-сотдиларда фойдани фақат харидор кўради. Қўлга тушмаслик чорасини қойиллатган олғирлар бора-бора ўз мижозини боши берк кўчалар томон бошлайди. Айшу ишратга берилган мижозлар эса охир-оқибат суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур бўлади.

Қиссадан ҳисса шуки, биз бугун турли ижтимоий тармоқларга тузоқлардан огоҳ бўлиб, нима фойдаю, нима зарар эканлиги ҳақида чуқур мулоҳаза қилиб, ақл билан иш тутишимиз шарт. Биз қанчалик огоҳ, хушёр бўлсак, ҳаётимиз фаровонлиги, бахтли кунларимизнинг давомийлиги шунчалик узоқ кечади.

Санжар ИБАДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img