Икки изланувчи биргаликда PhD ҳимоя қилиши мумкинми?

0

Қарор қабул қилинди:

2020 йил 10 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг “Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида талабгорларга фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини беришни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ:

2020 йилнинг 1 мартидан эътиборан Ўзбекистон миллий университети базасида бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида диссертация ҳимоясини ташкил этиш ва илмий даражаларни талабгорларга мустақил бериш амалиёти тажриба тариқасида уч йил муддатга жорий этилади.

Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида тайёрланган диссертация – ўрнатилган тартибда мавзуси тасдиқланиб, назарий тадқиқотлар ва илмий натижаларини амалиётга жорий қилиш жараёни икки нафар изланувчи томонидан ҳамкорликда ташкил этилган, тадқиқотнинг мазмун-моҳияти белгиланган талабларга жавоб берган, тугалланган ва мазмунан яхлит илмий иш сифатида назарий илмий янгиликлари тизимли равишда асосланган (фан доктори (DSc) учун) ва инновацион илмий янгиликлари амалиётга мақсадли жорий этилган (фалсафа доктори (PhD) учун) қўлёзма ҳуқуқига эга бўлган илмий асар.

Тизим қандай амалга оширилади?

Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида диссертация тайёрлаш, уни ҳимоя қилиш ва талабгорларни тегишли равишда фан доктори (DSc), фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида тасдиқлаш олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

Хусусиятлари:

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларга риоя қилган ҳолда  бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида диссертация ҳимоясини ташкил қилиш қуйидаги хусусиятларга эга:

  • муайян фан тармоғи бўйича битта диссертация икки нафар, жумладан, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга талабгор ва илмий даражага эга бўлмаган шахс томонидан тайёрланиши;
  • тадқиқотнинг илмий натижалари бўйича ихтиро ёки селекция ютуқларига патентлар олиниб, уларнинг амалиётга жорий этилиши ва салмоқли самара олинган бўлиши;
  • илмий натижалар амалиётга жорий қилинган ташкилот томонидан фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига талабгорнинг илмий натижаларни амалиётга жорий этишдаги алоҳида хизматлари ва жорий этишдан олинган (кутилаётган) салмоқли самараси юзасидан асосли хулоса (далолатнома) берилиши.

Эътибор беринг!

Шу ўринда яна бир жиҳатга алоҳида тўхталиш лозимки, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун талабгор ўз илмий фаолиятини мустақил изланувчилик институти асосида олиб боради.

Илмий кенгаш  илмий даражаларни бериш (бермаслик) тўғрисида ягона қарор қабул қилади ва бу қарор ҳар икки талабгорга нисбатан тенг қўлланади.