Икром МАДАТОВ, олий тоифали шифокор: “Одам икки соатдан кейин нима бўлишини билмайди…”

0

Коронавирус хуружи туфайли шифохонада ётган врачнинг ўтинчи

Биз шифокорнинг кўнглидан ўтаётган оғриқларни оққа кўчирдик…

— Мен ўзим шифокор бўла туриб, коронавирус юқтирдим. Одамлар нега бунчалик бефарқ бўлаяпти билмадиму, лекин касаллик билан кураша олишга қодир мен каби шифокорлар ҳам вирус балосига йўлиққанда ўзини йўқотиб қўйиши аниқ. Бошида уч-тўрт кун билинмади. Лекин ҳароратим 37, 37 ярим бўла бошлади. Худди иссиқ ҳаммомнинг ичида қолиб кетгандек бўлади одам. Кўп терлайди. Лоҳас бўлади. Арзимас ҳаракатлар учун ҳам чарчоқ. Таъм сезмайсиз. Озроқ балғам ажраладию, лекин қуруқ йўтал одамни бездириб юборади. Менга шифокорлар керакли дори-дармонларни ёзиб берди. Уйда даволанишни бошладим. Аммо ҳароратим тушавермади. Шундан сўнг шифохонага ётишга мажбур бўлдим.

Касаллик енгил кечади, худди грипп сингари оғриқ бўлади, вирус ўзи йўқ нарса деганлар адашади. Ана шундай одамларнинг эътиборсизлиги туфайли касаллик кўпайиб кетди.

Бу касалликнинг хавфли томони даволанмай кун ўтказиб юборилгани сари одамни тузатиш шунчалик оғир кечаркан. Айниқса, сурункали касалликлари бор инсонлар ўз вақтида эътибор қаратмаса, оғир аҳволда қолиши аниқ.

Одам икки соатдан кейин нима бўлишини билмайди бу касалликда. Бир яхшидек бўласан, кейин яна ҳароратинг кўтарила бошлайди. Масалан, ўзим ҳам уч кун яхшидек юрдим. Кейин яна иситмам кўтарила бошлади. Жонлантириш бўлимларида қанчалаб вирус юқтирган инсонлар ҳаёт учун курашаяпти. Уларнинг вужудида қандай оғриқлар бор буни тасвирлаш жуда қийин…

Мен шу оғриқларни танамда ҳис қилиб турган инсон сифатида айтаман, бепарво бўлманг! Кўзингизни очинг одамлар!

Ижтимоий тармоқларда берилаётган ош содаси билан даволаш мумкин, спиртли эритма орқали даволанинг, “оддий услублар” билан даволанинг деган ҳар хил “валломатларнинг” тавсияларига ишонаверманг!

Яхшиси мутахассислар билан маслаҳатлашинг. Уларнинг кўрсатмасига амал қилинг! Зарурат бўлмаса кўчага чиқманг! Кўчадан олиб кирилган нарсаларни ювиб, тозалаб кейин истеъмол қилинг. Қўлингизни дизенфекция қилишдан эринманг! Буларнинг ҳаммаси қўлингиздан келади-ку!

Қизим, яна бир гап! Россия ниқоблардан воз кечди. Интернетда ўқидим. Вакцина ҳам топилибди. Аммо бу вакцина юз фоиз натижа беради дегани эмас. Шулар шошиб қўймаяптимикан деб ўйлаяпман. Тўғри, вакцинани синовдан ҳам ўтказишди. Аммо бу юз фоиз текширувдан ўтди дегани ҳам эмас-да.

Тўғри қарор қабул қилиш, тўғри хулосага келиш ўз қўлимизда. Асрашимиз керак ўзимизни ва яқинларимизни… Энг муҳими шу!

Дилфуза Эргашева ёзиб олди.