«Илҳом» театр-студияси ёпиладими?

0

Бугун «Илҳом» театр-студиясининг ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги хабар кўпчиликни ташвишга солаяпти. «Shodlik Palace» меҳмонхонасининг янги мулкдори томонидан театр раҳбариятига бинони бўшатиш ҳақида шу йилнинг 7 февраль куни огоҳлантириш берилган.

Театр раҳбарияти қуйидаги мазмунда баёнот берди:

«Юридик нуқтаи назардан бирор бир йўл тутишга биз жуда кучсизмиз. Бино ахир бизники эмас.

Театримиз давлат томонидан молиялаштирилмайди. Бизда янгидан театр қуриш ва ундан фойдаланиш учун ҳозир ҳеч қандай маблағ йўқ. Театрнинг ёпилиши айнан «Илҳом» театри услубига хос санъат асарларининг йўқ бўлиши, Марк Вайл яратган афсонавий спектаклларнинг унутилишига олиб келади.

Бугун «Илҳом» театри замонавий санъат тури сифатида бутун дунёга машҳур. Театр-студияга театр санъатининг серқирра услубларини ўрганиш учун АҚШ ва Европадан талабалар келишаяпти.

Тўғри, театр биносининг ҳозир қонуний мулкдори бор. Лекин бино бир пайтлар жамоатчилик қўллаб-қувватлаши асосида, жамоатчиликнинг пулларига қурилган эди. 1976 йилда бу бино «Илҳом» учун ажратилган эди. Шундан кейин театр кўплаб қийинчиликларни бошидан ўтказди.  Аммо биз келажакка доимо қатъият ва ишонч билан қараганмиз. 2017 йилда суд 1994 йилдаги «Шодлик» меҳмонхонасини хусусийлаштириш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Ўшанда бино давлат назоратига ўтган эди. Лекин бинони навбатдаги эгасига бераётганда театр тақдирини ҳеч ким ўйламади».

Баёнотда айтилишича, 12 февраль куни соат 15:00 да худди шу масалада матбуот анжумани бўлиб ўтади. Унга ОАВ вакиллари, блогерлар ва жамоатчилик таклиф этилган.

Театр-студия раҳбариятининг маълум қилишича, ҳозир ҳеч қайси спектакль намойиши бекор қилинмайди. 15 ва 16 февраль кунлари театрда «Эртага» («Завтра») спектаклининг премьераси бўлиб ўтади.