Инсон ҳуқуқлари универсал қадрият

0

 Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллик тарихи инсон ҳуқуқлари универсал қадрият эканини яққол исботлади. Бу устувор тамойилсиз ер юзида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди».

Айниқса, баъзи бир давлатлар ўртасидаги муносабат тобора мураккаблашиб бораётган бир пайтдаги геосиёсий вазият, пандемия келтириб чиқарган глобал инқироз, айрим мамлакатлардаги ички инқироз шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлаш долзарблигича қолаётгани экспертларни жиддий ташвишга солмоқда.

Мана шундай шароитда Президентимизнинг алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилиши ҳақидаги фикрлари дунё ҳамжамиятининг алоҳида эътирофига савозор бўлди.

Мамлакатимизда алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Жумладан, 2020 йил 15 октябрда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунда қуйидаги муҳим тушунчалар ўзининг аксини топган. Ногиронлик белгисига кўра камситиш – мақсади ёки натижаси сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаровий соҳада ёки бошқа соҳада ўзгалар билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенг ҳуқуқ ва эркинликларини эътироф этишни ёки рўёбга чиқаришни инкор қилишдан иборат бўлган, ногиронлик сабабли ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш;

ногиронлиги бўлган болалар (бола) – барқарор жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари туфайли ҳаётий фаолияти чекланганлиги муносабати билан давлат ва жамият томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатилишига ҳамда ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига муҳтож ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар;

ногиронлиги бўлган шахс – ижтимоий ёрдам ва ҳимояга, жамият ва давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётида бошқалар билан бирга тенг тўлиқ ва самарали иштирок этиш учун шарт-шароитлар яратилишига муҳтож барқарор жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган шахс;

ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш – ҳаёт фаолиятига доир чекловларни енгиб ўтиш, уларнинг ўрнини қоплаш (компенсация қилиш) учун ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитларни таъминлайдиган ҳамда уларга жамият ва давлат ҳаётида иштирок этишнинг бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларини яратишга қаратилган, давлат томонидан кафолатланган иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари –ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этиш имкониятларини таъминлаш мақсадида тузилган нодавлат нотижорат ташкилотлари каби тушунчалар шулар жумласидандир.

Олий Мажлис палаталарида бугунги кунда БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш билан боғлиқ ишлар изчил олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 700 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилиши эътиборга олинса, ушбу қонун ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини белгилайдиган асосий қонун ҳужжати ҳисобланади.

Ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлатимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу имкониятдан қарийб 50 минг киши фойдаланиши мумкин. Даватимиз раҳбарининг имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклифи ҳам шу каби эзгу мақсадларга қаратилган.

 

Толиб БОЙЗАКОВ,
Самарканд вилоят
 суди раисининг ўринбосари,
жиноят ишлари бўйича судлов хайьати раиси

 

 

Аввалги мақолаТуғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш шунчалик муаммо…ми?
Кейинги мақолаОролбўйида навбатдаги оммавий қабул бўлиб ўтди