Инсонийлик ҳам жазоланиши мумкинми?

0

Бундан бир неча йил аввал Қизилқумга хизмат сафаримиз чоғида шифокорлар ҳам бизга ҳамроҳлик қилганди. Ўша йилларда вилоят шифохонасининг кардиология  бўлими бошлиғи  бўлиб ишлаган Тиловжон ака йўл-йўлакай куйиниб, тилга олган мана бу воқеа саволига ҳанузгача жавоб топа олмайман. Бундай инсонийлик кимга керак ўзи?

— Қишнинг қаҳрли кунларидан бири эди, — дея ҳикоясини бошлади шифокор. — Қизилқумнинг олис Томди туманидан Навоий гўшт комбинатига  юк машинасида  мол ортиб келаётган ҳайдовчига йўловчи аёл ҳамроҳ бўлади. Мустақилликдан олдинги йилларда вилоят марказидан қарийб  600 километр олисда жойлашган овуллардан  унча-мунча транспорт ўтмаслиги боис, ҳайдовчилар ҳам одамларга холис хизмат қилишга одатланган эди.  Навоийда таҳсил олаётган қизи ёнига келаётган бу нотаниш  кекса аёлнинг йўлда касали хуруж қилиб, Навоий шаҳрига яқинлашганда аҳволи жуда оғирлаша бошлайди. Шунда  ҳар бир дақиқа олтинга тенглигини тушунган ҳайдовчи юк машинаси кириши тақиқланган бўлишига қарамасдан, аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида тақиқланган йўл белгисини кўра туриб, қоидани бузишга мажбур бўлади. Аёлни вилоят шифохонасига олиб бориб, унинг ҳаётини сақлаб қолади. Аммо бу олижаноблиги ҳайдовчига жуда қимматга тушади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги (ГАИ) ходимлари тақиқ белгили йўлдан юргани учун унинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишади.
Қизиқ, бир оиланинг қувончи ҳаётга қайтди, ўлимдан қолди. Яна бир оиланинг  суянчи, ўша қийин шароитларда бола-чақасининг ягона боқувчиси эса инсонийлик кўрсатгани, бировнинг ҳаётини сақлаб қолгани  учун “жазоланди” — ҳалол нонидан айрилди.
Тўғри, у қоидани бузмаслиги мумкин эди. Унда  қил устида турган бир инсон ҳаёти барбод бўлиши, кимдир меҳрибонидан  жудо бўлиши  турган гап эди.
Бу ватанпарварликнинг аччиқ сабоғи, ҳақсиз жазоси учун кимнидир айблаш фикридан йироқмиз. Қоиданинг ҳам  ўз қонуни бор. Қонун эса барчага баробарлигини ҳам яхши биламиз. Лекин қоида бузилиши эвазига бирор киши жабр кўргани йўқлигидан ташқари,  бир одамнинг ҳаёти сақлаб қолинди-ку. Бу инсонпарварликнинг баҳоси шуми? Нега унда: “Ҳамма нарса инсон учун, унинг бахту саодати учун” дея кўкрак керамиз? Ёки тириклик бахт-саодат эмасми? Бу саволимизга ҳеч кимдан жавоб кутмаймиз. Уларнинг бу саволларимизга қандай жавоб беришларини жуда яхши биламиз. Инсонийликка берилган шундай  “баҳо”, аниқроғи, шундай жазо тўғрими?
Сиз нима дейсиз?

                                               Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

Аввалги мақолаОтангга раҳмат, Жавоҳир!
Кейинги мақолаБоланинг ҳаққига хиёнат кечирилмайди…