Инсонпарварлик

0

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ана шу эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди

Мана бешинчи йилдирки, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз ўзининг 2020 йил 29 декабрь кунги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ана шу ислоҳотларга алоҳида тўхталди.

Жумладан, Президентимиз “Янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим” дея таъкидлади. Бинобарин, мен судья сифатида суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг айрим жиҳатлари ҳақида айрим мулоҳазаларимни муштарийлар эътиборига ҳавола қилмоқчиман.

Янги йилдан – 2021 йил 1 январдан амалиётга жорий этиладиган энг муҳим тартиблардан баъзилари Давлатимиз раҳбарининг биргина 2020 йил 24 июль куни имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисда”ги Фармонида ўз аксини топган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айни пайтгача вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи босқичда чиқарган ҳукмлари устидан берилган апелляция ёки кассация шикоятлари шу судда кўрилганда 85-90 фоиз ҳолатда шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Боиси, бир идорада, ёнма-ён хонада ишлайдиган судьялар деярли бир-бирининг ҳукмини бекор қилишни истамаган. Бинобарин, Фармоннинг 2-бандига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган  ҳукмлари ва қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан аппеляция тартибида қайта кўриб чиқиш, апелляция тартибида кўриб чиқилган ҳукм ва қарорларни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича чиқарилган ҳукм ва қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида қайта кўриб чиқиш тартиблари жорий этилмоқда.

Шу тариқа илгари сурилаётган “бир суд – бир инстанция” тамойили маъқулланаётган янги таклифлар ва одил судлов фаолиятига киритилаётган тартиблар орқали ўзининг тўлақонли ифодасини топиб бормоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 10 август куни имзоланган “Суд тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисда”ги Фармони эса малакали ва тўлақонли тергов олиб бориш ҳамда одил судловни таъминлаш борасида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу боис айни Фармонга оид баъзи мулоҳазаларни ўртага ташламоқчиман.

Масалан,   Айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш. Мен мазкур тартиб ҳар икки томонга, яъни суриштирув ва терговни олиб бораётган ходимга ҳам, суриштирув ва тергов қилинаётган шахсга ҳам манфаатли, одил битим эканлигини ҳамда қонунчиликдаги айни йўналишдаги бўшлиқни тўлдиришини эътироф этмоқчиман.

Ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш. Бу борада мен қандай жиноят содир этганлигидан қатъий назар жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш тарафдориман. Бу эса нафақат Фармоннинг мазмун-моҳиятига тўла мос келади, балки фуқароларнинг қонун олдида тенглиги принципига ҳам мувофиқ бўлади. Чунки ижтимоий ҳавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган барча шахслар қонун олдида тенгдирлар.

Фармонни 3-банди бошидаги агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш, шунингдек агар суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ушбу шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш қоидалари ҳам тарафларнинг тенг ҳуқуқлилигини, ҳам жиноятга жазонинг муқаррарлигини таъминлайди.

Ёки шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъий назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилиш тартиби билан тергов органи томонидан “ҳар эҳтимолга кўра” деб шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи, яъни уни айбини бўрттириб, ҳаракатини нотўғри квалификация қилиши натижасида ярашув институтини ҳуқуқий оқибатидан, аниқроғи жиноий жавобгарликдан озод бўлишидан сунъий равишда маҳрум этувчи ҳолатларга барҳам берилади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг галдаги Мурожаатномаси ҳам қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканлигини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,
                                             жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси