Интеграциялашган идоралар  “ўйини”

0

  Ваколатли органлар нега қоидабузарликка йўл қўймоқда?

Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармасига давлат хизматига иши тушиб, эҳтиёжи қаноатлантирилмаган мурожаатчининг баланд овозда “…томоша кўрники, замона зўрники бўлдими?…” деган гап -сўзлари одамнинг эътиборини жалб этмай қўймайди. “Калтакнинг икки учи бор”, деганларидек, фуқарога йўл қўйилган қоидабузарлик ваколатли идора айби билан содир этилганини қанча тушунтирилмасин, бефойда. Чунки, мурожаатчи ариза ташлаган идорасидан ҳақ-ҳуқуқини талаб қилади. Тўғриси, аризачи ҳақ.  Тизимда доимо фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳимоясида кўрсатилаётган 148 турдаги давлат хизмати юзасидан махсус хабар ва фуқароларнинг ариза -шикоятлари бўйича хизмат текширувлари ўтказилади.

2020 йил давомида  пандемия бўлишига қарамасдан вилоятдаги 15 та ташкилотда  ўрганиш ўтказилиб, ўрганишлар давомида  842  та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан ваколатли идораларга  44 та тақдимнома, 189 нафарига огоҳномалар киритилган.  Тақдимномаларнинг  таъсир чораси натижасида ваколатли идораларнинг 48 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, 6 нафари  билан меҳнат шартномалари бекор қилинди. Шунингдек, бошқарма томонидан 100 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, камчиликка йўл қўйганлар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Қоидабузар ташкилотларнинг энг пешқадами “Ўзтрансгаз” корхонаси. Бу корхона аҳолига давлат хизматини кўрсатишда 200 та мурожаат муддатини бузган. Кейингиси давлат солиқ идораси- 144 та фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, тўғрироғи тадбиркорларнинг имкониятини чеклаган. Учинчи “лидер” ташкилот – 111 нафар аризачанинг давлат хизмати олишдаги ҳуқуқларини бузган идора ҳисобланади. Бу  вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидир. Афсусланарли томони шундаки, 74 та мурожаатда тижорат банклари аҳолини сарсон қилган,   кутишга мажбур қилган. Ҳокимлик ва ички ишлар  идоралари мутасаддилари ҳам қатордан қуруқ қолганлари йўқ. Бу ҳар иккала идора
ҳам 36 тадан қоидабузарлик содир этган. Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар 58 та мурожаат муддатини бузган.   Мазкур рўйхатда кадастр, мактабгача таълим ташкилоти, энергия таъминоти, бандлик, қурилиш ва архитектура, ижтимоий таъминот идоралари ҳам бор.

Аслида тизим одамларнинг югур-югурига чек қўйиш  учун тузилган. Ҳалққа осон бўлиши, бир энлик ҳужжат учун ойлаб эшикма-эшик юрмаслиги мақсадида ташкил этилган. Мурожаатлар ечимида қўл-қўлни танимаслиги, инсон омилининг аралашувисиз ҳужжатлар эгаларига етиб бориши учун бор имкониятлар ишга солинаётган бир пайтда тизимга интеграциялашган идораларнинг бу “ўйини” ортиқча. Энди ўйлаб кўринг, ваколатли идора вакиллари аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматини кўрсатишда қоидабузарлик ҳолатини такрорлайверса, таёқнинг ҳар икки учи бир соҳа вакилларига тегаверса, юқорида таъкидлаганимиз томоша кўрники, замон зўрники бўлавермайди?. Хулоса чиқариш ўзингиздан. Қоидабузар идора вакиллари биринчи марта огоҳлантирилади, иккинчи марта жаримага тортилади, учинчи марта тегишли идораларга тақдимнома киритилади, тўртинчисида ишидан айрилади. Юқоридаги 6 нафар меҳнат шартномалари бекор қилинган ходимлар каби….

Адҳам  ЯРКУЛОВ,
ДХА Навоий вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи

 

Аввалги мақолаМактаб директори буйруғи судда бекор бўлди  
Кейинги мақолаКоронавируснинг пайдо бўлиши ҳақида яна бир тахмин билдирилди