Интеллектуал мулк соҳасида тезкор экспертиза тартиби жорий этилади

0

Қонунчиликдаги янгиликлар

“Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 апрелдан:

товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган шахс номига рўйхатдан ўтказилишига нисбатан қонунчиликдаги мавжуд чекловлар бекор қилинади;

интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатига олиш муддатларини кескин қисқартириш имкониятларини яратувчи тезкор экспертиза тартиби жорий этилади.

Интеллектуал мулк агентлиги (Агентлик) фаолиятида интеллектуал мулк объектларига талабномаларни давлат экспертизасидан ўтказиш жараёнида аутсорсинг усулларини қўллаш тажрибаси йўлга қўйилади.

2021 йил 1 июнга қадар давлат бошқаруви органлари ва давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотларига тегишли бўлган интеллектуал мулк (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар ва саноат мулки) объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилади.

Экспорт улуши умумий товар айланмасининг 60 фоизидан ортиғини ташкил этадиган экспорт қилувчи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар учун товар белгиларини 2021-2022 йилларда миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади.

2021 йил 1 октябрга қадар Агентлик ҳузуридаги “Патент платформаси” ишга туширилади.

Платформа электрон шаклда реал вақт режимида юритилади ҳамда унга тадбиркорлар ихтиёрий ва бепул асосда киритилади.

Шунингдек, энг яхши интеллектуал мулк объектлари яратувчиларини Агентлик томонидан Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг махсус мукофотларига тақдим этиш бўйича тавсиялар киритилади.

Агентлик томонидан бир йилда бир марта “Энг яхши интеллектуал мулк объекти” танлови ташкиллаштирилиб, танлов ғолибларига тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 30, 25, 20 баравари миқдорида пул мукофотлари топширилади.

Аввалги мақола29 январь – Ядро уруши таҳдидларига қарши сафарбарлик куни
Кейинги мақола2021 йилда Солиқ кодексида қандай ўзгаришлар назарда тутилган?