ISO/IEC 17025 стандарти лаборатория хулосаларини халқаро миқёсда шубҳасиз тан олинишини таъминлайди

1

 ISO (инг. International Organization for Standardization, ISO) — стандартлар ишлаб чиқарувчи мустақил нодавлат халқаро ташкилот бўлиб, унинг фаолиятига стандартизация бўйича миллий органлар жалб этилган. Стандартизация бўйича халқаро ташкилот 1946 йилда ISA (International Federation of the National Standardizing Associations, 1926 йил Нью-Йорк) ва UNSCC (United Nations Standards Coordinating Committee, 1944 йил) ташкилотлари негизида 25 та стандартизация бўйича миллий ташкилотлар томонидан ташкил этилган.

Бугунги кунда дунё бўйича 23 386 та ISO халқаро стандартлари деярли барча технология жабҳалари ва ишлаб чиқариш соҳаларини қамраб олган. Дунё бўйлаб 165 та мамлакат ISO халқаро ташкилотига аъзо ҳисобланади. 792 та техник қўмита ва қўмита ости ташкилотлари стандартлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. ISO халқаро ташкилотининг биринчи стандарти дастлаб 1951 йилда ишлаб чиқилган ва унда ишлаб чиқаришда узунлик ўлчови учун стандарт эталонлар кўрсатилган. Лаборатория аккредитациясининг ягона тартиби аккредитация стандартлари билан белгиланади. Аксарият аккредитация тизимларида халқаро стандартлар қўлланилади. Бу иқтисодий фаолият иштирокчилари ва турли тизимлар ўртасидаги аккредитация натижаларининг тан олинишини осонлаштиради. Бундан ташқари, лаборатория аккредитацияси учун миллий стандартлар ёки саноат стандартлари қўлланилиши мумкин. Тадқиқот лабораториялари учун мўлжалланган стандарт ISO/IEC 17025 стандарти бўлиб, унда “Калибрлаш ва тадқиқот лабораториялари ваколатлилигига қўйиладиган умумий талаблар” кўрсатилган. ISO/IEC 17025 стандарти — синов ва калибрлаш лабораторияларининг сифат менеджмент стандарти бўлиб ҳисобланади. Стандартнинг инглиз тилидаги кўриниши дастлаб 1999 йилда қабул қилинган. Синов ва калибрлаш лабораториялари техник ваколатланган ва техник жиҳатдан асосли натижаларни олишга қодир эканлигини кўрсатишни истаса, Стандарт бунинг учун бажарилиши керак бўлган бир қатор талабларни белгилайди. Мазкур стандартнинг қўлланилиши лабораториялар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликнинг ўрнатилишига, хусусан, тадқиқот натижалари ва калибрлаш ишларининг турли мамлакатлар томонидан тан олинишига олиб келади.

Лаборатория фаолиятининг ISO/IEC 17025 стандарти талабларига мувофиқлиги унинг аккредитациядан ўтишига имкон беради. Аккредитация (лот. accredo, “ишониш”)  — объект (марказ ёки лаборатория) фаолиятининг стандартнинг белгиланган кўрсаткич, мезон ва талабларига мос келишини расман тасдиқланиш жараёни ҳисобланади.

Аккредитация буюртмачиларнинг лаборатория бажариши мумкин бўлган тадқиқотларнинг сифати ва ваколатлилигига бўлган ишончини таъминлаш механизмларидан бири бўлиб ҳисобланади. Аккредитация лабораториянинг тадқиқот, ўлчов ва текшириш соҳаларида буюртмачилар талабини бажарилишини ҳамда маълум турдаги тадқиқотлар ва ўлчовларни ўтказишдаги техник ваколатлилигини расмий тан олинишини билдиради.

Аккредитациянинг асосий мақсади — тадқиқотлар, тестлар ва ўлчов натижаларини ягоналигини таъминланиши ва тан олиниши билан боғлиқ. Аккредитацияга эга бўлиш тадқиқот натижаларини аниқ ва ишончли эканлигини таъминлайди.

Шунингдек, Аккредитация тадқиқотларни халқаро стандартлар даражасида бажариш имконини беради, бу эса олинган натижаларни барча иштирокчилар томонидан тан олинишини таъминлайди.

Аккредитациянинг асосий афзалликлари қуйидагилардан иборат:

  • сифатли хизмат кўрсатишининг кафолати;
  • фаолиятнинг доимий мукаммаллашиб бориши;
  • суд эксперт хулосаларининг суд ва тергов жараёнларида ишончлилиги
    ва нуфузини тан олиниши;
  • Лабораториянинг ваколатлилигини тан олиниши учун вақт тежалиши;

Аккредитация органи томонидан узлуксиз инспекцион текширувларнинг ўтказилиши ҳисобига ходимларнинг малакаси ва ваколатлилигининг ошиши.

Аккредитациядан муваффаққиятли ўтиш натижасида субъект аккредитация аттестатини ва махсус аккредитация белгисини олади. Аксарият ҳолларда аккредитация белгиси маркетинг мақсадларида қўлланилади. Аккредитацияга эга бўлган шахс (лаборатория) бошқа лабораториялар фаолият натижасидан ажралиб туриши учун  аккредитация тизимининг махсус белгисини ишлатиши мумкин.

Хулоса ўрнида ISO/IEC 17025 стандарт талаблари бўйича халқаро аккредитациядан ўтиш лабораториялар томонидан берилган тадқиқот натижаларини (хулосаларни) халқаро миқёсда шубҳасиз тан олинишини, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишига ва одил судловнинг таъминланишига хизмат қилади.

Акрам ХАЛИЛОВ,
Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси
маркази директори 1-даражали адлия маслаҳатчиси