Истеъмолчилар ҳуқуқларига оид қонунчилик қачон янгиланади?

88

Қонунчиликка таклиф

Мамлакатимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва уни тартибга солишга доир “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган.

Қонун истеъмолчилар ва тадбиркорлар ўртасида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади, истеъмолчиларни тегишли сифатдаги товарлар (хизматлар)ни сотиб олиши билан боғлиқ ҳуқуқларини ҳаётга ва соғлиққа ҳавф солмаслик, товарлар (хизматлар) тўғрисида, уларни ишлаб чиқарувчилар (тайёрловчилар) тўғрисида ахборот олиш, ўз манфаатларини давлат ва жамият томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш механизмларини белгилаб беради.

Бугунги кундаги ислоҳотлар уни такомиллаштириш лозимлигини талаб этмоқда.

Қонуннинг 23-моддасига кўра, давлат истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинишини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, судлар таъминлайдилар.

Германияда истеъмолчилар манфаатларини ифодаловчи вазифалар нодавлат ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Нодавлат ташкилотлар долзарб вазифаларни  бажарганлиги  сабабли, улар  давлат томонидан молиялаштирилади.

Республикамизда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда унинг вилоят, туман, шаҳар жамиятлари ташкил этилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги 414-сон “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ижро этувчи аппарати, туман, шаҳар жамиятлари, шунингдек, уларнинг ҳудудий бирлашмалари ижро этувчи аппаратларининг таъминоти ҳар ойлик аъзолик бадаллари ҳисобига амалга оширилиши қайд этилган бўлиб, ҳукумат томонидан молиялаштириш назарда тутилмаган.

Шунингдек, Германияда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар алоҳида махсус қонун билан тартибга солинмаган бўлиб, турли ҳуқуқий ҳужжатларда кўзда тутилган.

Шунга қарамай, 2007 йил 5 июлда “Истеъмолчиларни хабардор қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонун озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ ахборотни тақдим этиш муносабатларини тартибга солади.

Ҳудудларда истеъмолчилар уюшмалари истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилади, маслаҳат беради, истеъмолчиларни хабардор қилади ва истеъмолчиларни ўқитишга ёрдам беради.

Федерал даражадаги энг муҳим ассоциация Федерал истеъмолчилар иттифоқидир (“Verbraucherzentrale Bundesverband”). Ушбу ассоциация таркибига 16 нафар истеъмолчиларнинг ер бирлашмалари (земельные союзы потребителей) ва 25 та турли жамиятлар киради. Уларнинг асосий мақсади истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Федерал истеъмолчилар иттифоқини молиялаштириш қисман унинг таркибига кирадиган ташкилотларнинг аъзолик бадаллари ҳисобига амалга оширилади.

Шунингдек, буклет ва бошқа адабиётларни сотишдан ҳам оз миқдорда даромад қилади. Молиялаштиришнинг катта қисми федерал ҳукуматнинг ажратмаларидан, қисман турли лойиҳаларни молиялаштиришдан (масалан, энергия тежаш лойиҳаси), асосан, институционал қўллаб-қувватлашдан иборат.

Германияда истеъмолчиларни ҳимоя қилиш тизими кучли томонларга эга. Масалан, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш масалаларини қамраб олувчи ихтисослаштирилган оммавий ахборот тизими мавжуд бўлиб, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича буклетлар ва брошюраларнинг етарлича нусхаларини ишлаб чиқишга ва эълон қилишга имкон беради, булар одатда бепул тарқатилади. Бундан ташқари, истеъмолчиларнинг консультация пунктлари тармоқлари ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, товар ва хизматларни мустақил синовдан ўтказадиган Маҳсулот ва хизматларни синовдан ўтказиш институти (Stiftung Wареntest) мавжуд бўлиб, мустақил равишда ҳар қандай маҳсулотни текшириши, синовдан ўтказиш ҳуқуқларига эга. Тест ва синовдан ўтказиш натижалари ҳар ойда “Tests” ва “Finantest” махсус журналларида (ҳар йили 10 миллион нусхада)  жойлаштирилиб, эълон қилиниб борилади.

Ушбу йўналишда Швеция тажрибаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Швецияда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари Европа Иттифоқи комиссияларининг бир қисми бўлиб, 450 миллион Харидорни ташкил этувчи Европа бозорининг 25 та аъзо давлатини бирлаштиради.

Ҳукуматнинг асосий вазифаси ички истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини, соғлиғини ва хавфсизлигини ҳимоя қилишдир. Бу эса турли маҳсулотларнинг сифати ва уларни сотиб олиш жойлари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлган махсус қонун билан таъминланади. Швецияда “Маҳсулот хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун давлат ва жамоат ташкилотларига барча турдаги текширувларни амалга оширишга рухсат беради ва стандартларга мос келмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тақиқлайди.

Бундан ташқари, Истеъмолчиларни маҳсулот сифати ва нархини хабардор қилиш бўйича махсус қонун, Сотиб олиш ва хизмат кўрсатиш тўғрисидаги қонунлар, шунингдек, сотувчиларнинг харидорлар билан муносабатлар тартибини белгиловчи йўриқномалар мавжуд.

Давлат ва жамоат ташкилотлари юзага келган низоларни тўғридан-тўғри савдо нуқтасида ҳал қилинишини таъминлайди. Шу сабабли Швецияда истеъмолчи манфаатида судгача бўлган жараёнга бориш камдан-кам ҳолларда учрайди.

Ишлаб чиқарувчилар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантирадиган бундай ташкилотларда мурожаатлар самарали ечимини топади. Улар ишончли бўлиб, агар сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганлиги ёки сотилаётганлиги ҳақидаги маълумотлар пайдо бўладиган бўлса, бундай маҳсулотлар сотиб олинмайди ва компаниялар жиддий зарар кўради. Шунинг учун ишлаб чиқарувчилар ўз обрўсини йўқотмасликка ҳаракат қилган ҳолда, шикоятлар бўлган тақдирда, пулни қайтариб олиб, маҳсулотни сотувдан олиб ташлашади. Бундан ташқари, аниқланган қонунбузарларни ёзиб олиш ва уларга зудлик билан жавоб бериш учун ягона электрон маълумотлар базаси жорий этилган.

Италияда реклама ёки маҳсулот тўғрисидаги маълумотлар нотўғри бўлганда ва маҳсулотнинг нархи, ишлаб чиқариш усули, сифати ҳақида кам маълумотга эга бўлганлиги сабабли истеъмолчи чалғиганда ёки нотўғри талқин қилганда, истеъмолчи маъмурий жазо чораларини қўллаш орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган тегишли органларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Америка Қўшма Штатларида истеъмолчиларни ҳимоя қилиш соҳасида жуда кучли ҳуқуқий база яратилган. Ҳукумат даражасида истеъмолчиларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича комиссия, Федерал савдо комиссияси, Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси бўлими, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, АҚШ миллий стандартлар бюроси томонидан амалга оширилади. Ушбу ташкилотларнинг фаолияти Истеъмолчилар иши Бошқаруви томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.

АҚШда товарларни “айрибошлаш сиёсати” деб номланган амалиёт кенг тарқалган. Ҳар бир дўконда истеъмолчи тўсатдан ёқтирмаган товарларни қайтариш учун ички қоидалар ишлаб чиқилган. Озиқ-овқат бўлмаган маҳсулотларнинг аксарият қисмини сотиб олишдан кейин маълум муддат давомида қайтариб берилиши ёки шунга ўхшаш нарсалар билан алмашиниши мумкин (1 ойдан 3 ойгача муддатда). Мисол учун, дўконда кафолат муддати 90 кун бўлган телевизор сотиб олинган тақдирда, харидор уни 89 кундан кейин қайтариб бериш ҳуқуқига эга. Буни харидор ҳар қандай баҳона билан, масалан телевизорнинг ранги тумбочка рангига мос келмаганини ҳам асос қилиши мумкин.

АҚШдаги аксарият савдо харид қилиш марказларида махсус товарлар билан жиҳозланган бўлимлар мавжуд бўлиб, улар асосий бўлимлардаги товарлар нархидан паст бўлади. Чунки, бундай бўлимларда одатда “қайтарилган товарлар” сотилади. Товарларнинг харид қилиниши ва қайтарилиши натижасида истеъмолчилар товарларнинг нархини 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда камайтиришлари мумкин  бўлади.

Исроилда истеъмолчилар ҳуқуқлари “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун (1981) ва бошқа қонун ҳужжатларида батафсил баён этилган. Юқоридаги қонунга кўра, сотувчининг истеъмолчига нисбатан асосий мажбуриятлари аниқ белгилаб берилган. Унда сотувчига истеъмолчини чалғитиши, истеъмолчининг позициясини суиистеъмол қилиш (тилни билмаслик, истеъмолчига ноҳақ “босим”, истеъмолчиларнинг камчиликларини суиистеъмол қилиш), реклама воситаси орқали ёлғон ахборот тарқатиш (товарларнинг сифати, ёшларга қаратилган рекламалар тўғрисида нотўғри маълумотлар) қатъий тақиқланган.

Хитой Халқ Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида тадбиркор ва истеъмолчилар ўртасида тузилган битимларда ихтиёрийлик, тенглик, адолатлилик ва яхши ният қоидаларига амал қилиш кераклиги назарда тутилган.

Болгария Республикасининг “Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунида истеъмолчиларни ҳимоя қилиш мақсадида миллий кенгаш ташкил қилинган.

Россия Федерациясининг 2004 йил 21 январдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги N-171-ФЗ-сон Қонунининг 25-моддасида истеъмолчининг сифатли таворлар билан алмашиш ҳуқуқлари белгиланган.

Ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:

  1. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузувчи зарарли бўлган корхоналарнинг “анти-рейтинг” тизимини жорий этиш (Швеция тажрибаси);
  2. Умумий таълим ва олий ўқув юртларида тегишли “малака ошириш курсларини мажбурий жорий этиш орқали истеъмолчиларни ўқитиш даражасини ошириш (Германия, Швеция, АҚШ тажрибаси);
  3. Бозорга етказиб берилган барча товарлар ва хизматлар учун “ишлаб чиқарувчининг мутлақ масъулияти” концепциясини жорий қилиш, юқори сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ва сотувчиларни рағбатлантириш тизимини яратиш (АҚШ, Буюк Британия тажрибаси);
  4. Мустақил синов учун махсус ташкилотлар тузиш, бозорда сотиладиган товарлар ва хизматларнинг сифати ва хавфсизлигини текшириш (АҚШ, Германия тажрибаси).

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Фармонига асосан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди. Бунда жисмоний ва юридик шахслардан қонунбузарлик  ҳолатлари бўйича тушган мурожаатлари ва бошқа ҳолларда фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувларнинг мустаснолиги белгиланган.

Бироқ амалиётда умумий овқатланиш корхоналарида тадбиркорлик субъектлари томонидан санитария талабларига тўлиқ риоя қилинмаётганлиги ҳолатлари учраётган бўлса-да, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология давлат инспекцияси ходимларининг ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида текширишлар ўтказиш масаласи чекланмоқда.

Шунга кўра, юқоридаги каби истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида мустақил синов учун махсус ташкилот тузиш ва барча турдаги ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг маҳсулотларини ва хизматларини чекловсиз текшириш ваколатини бериш ёки Ветеринария, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология давлат инспекцияси каби идораларга амалдаги қонун ҳужжатлари асосида қисқа муддатли текширишларни истисносиз амалга оширилишига рухсат бериш юзасидан тегишли норма киритиш мақсадга мувофиқ.

Шу билан бирга,  Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларни хабардор қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш зарур (Германия, Швеция тажрибаси).

Бунинг натижасида:

* истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тадқиқотлар олиб бориш қўллаб-қувватланади;

* истеъмолчиларга товарлар ва хизматлар қиёсий синовлари натижалари тўғрисида ахборот беришда оммавий ахборот воситаларининг роли ошади;

* истеъмолчиларга турли хил бозор таклифлари орасида онгли равишда танлаш имкониятини тақдим этиш учун товарлар ва хизматлар тўғрисида маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги таъминланади.

  Тадбиркор ва истеъмолчилар ўртасида тузилган битимларда ихтиёрийлик, тенглик, адолатлилик ва яхши ният қоидаларига амал қилиш керак. (Хитой Халқ Республикаси тажрибаси):

  “Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда истеъмолчиларни ҳимоя қилиш бўйича  Миллий кенгаш ташкил қилиш (Болгария Республикаси тажрибаси):

* истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонунчиликни самарали қўллаш билан боғлиқ ҳолда тегишли давлат органларига таклиф қилиш;

* истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисидаги низом лойиҳаси бўйича ўз фикрини билдириш;

* истеъмолчи жамиятлари ва савдо жамиятлари ўртасида шартнома тузишни рағбатлантириш;

* истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бошқа масалаларни муҳокама қилиш.

Истеъмолчи сотиб олиш кунини ҳисобламасдан, ўн тўрт кун ичида сифатли озиқ-овқат маҳсулотини алмаштириш ҳуқуқига эгалигини белгилаш (Россия Федерация тажрибаси).

Юқоридаги таҳлиллардан кўриниб турибдики,  мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш давр тақозосидир.

Азизжон Мавлонов,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси масъул ходими

 

 

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг