Истеъмолчилардан асоссиз ундирилган пуллар қаерга «кетмоқчи» эди?

0

Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан 2019 йил давомида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилган 701 та низо кўрилиб, бузилган ҳуқуқлар тикланди.

Хусусан, тадбиркорлар томонидан, шу билан бирга уларнинг манфаатларида тақдим этилган 382 та даъво аризалар қаноатлантирилиб, уларнинг фойдасига 36 миллиард 926 миллион сўм маблағлар ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинди.

 Жумладан, Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармасининг “Ўзтрансгаз” АЖ ва унинг Навоий вилоят худудий газ таъминоти филиали томонидан қонунчилик талабларга риоя этилмасдан 22 нафар улгуржи истеъмолчидан жами 59.150.363.731 сўм асоссиз ундирилган пул маблағларни қайтариш ва жарима қўллаш ҳамда қўлланилган жаримани ундириш тўғрисидаги даъво аризаси кўриб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида тарифлар ўзгарган ҳолларда табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган истеъмолчи ўн икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилиниши белгиланган.

Ҳукуматнинг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги қарорига асосан табиий газ нарх (тариф)лари 2018 йил 16 ноябрдан амалга киритилиши кўрсатилган.

Бироқ “Ўзтрансгаз” АЖ ва унинг Навоий вилоят худудий газ таъминоти филиали томонидан юқоридаги талабларга риоя этилмасдан 21 нафар улгуржи истеъмолчилар, тадбиркорлик субъектларидан жами 59.150.363.731 сўм янги нарх бўйича ҳисобланган ва асоссиз ундирилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Ўзтрансгаз” АЖ ва вилоят “Ўзтрансгаз” АЖ Навоий вилоят худудий газ таъминоти филиалига юборилган кўрсатма ва қарорларини бажариш рад этилган.

Мазкур иш Кармана туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан билан қаноатлантирилиб, 21 нафар улгуржи истеъмолчилардан жами 59.150.363.731 сўм асоссиз ундирилган пул маблағлари истеъмолчиларга қайтарилиши ҳамда жавобгардан асоссиз олинган даромаднинг 20 фоизи миқдорида, яъни 11.830.072.746 сўм жарима ундириши белгиланди. Асоссиз ундирилган тўлов қайтарилди ҳамда жарима ундириш белгиланди.

  Бекзод ЖУМАЕВ,
Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси

Аввалги мақола“Ҳамдўстлик – 2020” ўқув йиғини ўтказилади (+видео)
Кейинги мақолаБожхона назоратида “сариқ”, “қизил”, “яшил”, “кўк” йўлакларнинг аҳамияти қандай?