Жаҳон банки Ўзбекистонга 500 миллион доллар ажратади

0

Кеча, 11 июль куни Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки мамлакат қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун умумий қиймати 500 млн долларлик қарз битимини имзоладилар.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон томонидан битимини Бош вазирнинг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Жаҳон банки томонидан Марказий Осиё бўйича минтақавий директор Л.Бурунчук имзоладилар.

Имзолаш маросимида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М.Мантованелли, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев ҳамда Банк ва тегишли идораларнинг бошқа вакиллари иштирок этдилар.

Лойиҳа Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан тегишли равишда 276 млн доллар ва 224 млн доллар миқдорида молиялаштирилади.

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим соҳаларидан бири ҳисобланади: унинг ЯИМдаги улуши 28 фоизни, ушбу секторда банд бўлган меҳнатга лаёқатли аҳолининг улуши 27 фоизни (3,6 миллион киши), мамлакатнинг умумий экспортидаги улуши эса 10 фоизни ташкил этади. Ушбу соҳа юқори иқтисодий ўсишни намойиш этиб келмоқда ҳамда хусусий сектор ривожланишининг драйверларидан бири ҳисобланади, дейилади хабарда.

Маълумот учун: Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) Жаҳон банкининг асосий кредит берувчи муассасаси бўлиб, айни пайтда 189 аъзо давлатга тегишли глобал ривожланиш ташкилоти ҳисобланади. Дунёдаги энг йирик ривожланиш банки сифатида, ХТТБ Жаҳон банки гуруҳининг миссиясини кредитлар, кафолатлар, таваккалчиликларни бошқариш бўйича маҳсулотлар ва маслаҳат хизматларини тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, ХТТБ минтақавий ва глобал муаммоларга жавоб чораларини мувофиқлаштиради.

Халқаро ривожланиш уюшмаси (ХРУ) Жаҳон банкининг таркибида 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, тенгсизликни камайтириш ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш дастурларини амалга ошириш учун кредитлар ва грантлар тақдим этиш орқали камбағаллик масштабини камайтиришга йўналтирилгандир.