Жаҳон миллатларини бирлаштирувчи ташкилот 75 ёшда

0

24 октябрь куни дунё ҳамжамияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллигини нишонлайди. БМТ айнан шу куни унинг Устави кучга кириши билан вужудга келган. Мазкур кунни нишонлаш 1948 йил 24 октябрдан бошланган.

БМТнинг асосий вазифаси глобал халқаро можароларнинг олдини олиш ҳисобланади. Унинг қароргоҳи бир неча бор тинчликни асраш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун шиддатли баҳс мунозаралар саҳнасига айланган.

БМТда ҳар бир мамлакат вакиллари унинг асосий органларидан Бош Ассамблея, Хавфсизлик Кенгаши, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш ва бошқа органлар ҳамда комиссияларда ўз фикрларини билдиришлари мумкин бўлган майдон бўлиб хизмат қилади. БМТ аъзо давлатлар ўртасида мулоқот ва музокараларга кўмаклашиш орқали уларнинг қарашларини бирлаштириш ва муаммоларни ҳал қилиш учун биргаликда ишлаш механизмига айланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бугунги кунгача кўптомонламалик принципи асосида глобал муаммоларни ҳал этишга қаратилган нормаларни ўрнатувчи, умумий аъзоликка эга ер юзидаги ягона ўхшаши йўқ универсал тузилма ҳисобланиши билан биргаликда бугунги кунда у катта синовларга дуч келмоқда. Бу ҳақида Бош Ассамблея раиси Вўлкан Бозкир “пандемия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтларининг мустаҳкамлигини жиддий синовдан ўтказмоқда, БМТ тарихида бундай муаммо бўлмаган эди”, дея таъкидлагани бежиз эмас.

Пандемия оқибатлари БМТ каби йирик халқаро ташкилот иш тартибига ҳам таъсирини кўрсатди. 75 йил ичида илк бор аъзо-давлатлар раҳбарлари Саммитга шахсан ташриф буюрмадилар, балки видео маърузаларни юбордилар. Бош Котиб Антонио Гутерриш бу жараённи тасвирлар экан: “Бош Ассамблея зали ўзгача кўринишда, аммо пандемия сабаб бугунги учрашувимиз роли ҳар доимгидан ҳам муҳим! Бугун олдимизда турган вазифалар, ўз кўламига кўра 1945 йилдаги вазифалардан кам эмас!”, дея қайд этиб ўтди. Дархақиқат, ўша йилларда ҳам бир томондан, дунёни тиклаш, давлатлар ўртасида ишончни қайтариш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш орқали тинчликни сақлаш ва инсон ҳуқуқларини олий қадрият сифатида хурмат ҳамда муҳофаза қилиш асосий вазифа бўлиб турган  бўлса, иккинчи томондан ўзгараётган дунёга БМТнинг ўзи ҳам мослашиши керак эди.

БМТ аъзо-давлатларни умумий мақсад йўлида бирлаштирувчи ташкилот эканлиги 75-сессияда чиқиш қилган қатор давлат раҳбарларининг нутқларида таъкидлаб ўтилди. Улар орасида давлатларнинг умумий хавфсизлиги, глоаббаллашув, БМТни ислоҳ этиш, пандемияга қарши курашда рақобат эмас, халқаро ҳамкорлик ва бошқаларни келтириш мумкин.

БМТнинг юбилей саммитида муносиб иштирок этиб, турли йўналишлар бўйича қатор долзарб ташаббусларни илгари сурди.  Жумладан, “Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс”, “Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси”, “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси” минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал этишда умумий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий маркази”ни ташкил этиш минтақа давлатларининг ўзаро иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш, иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади. “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита”ни ташкил этиш йиллар давомида ўз ечимини топмаётган афғон муаммосини тизимли равишда, аниқ халқаро стратегик режалар орқали ҳал этишга имкон беради.

2020 йил 13 октабр куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессияси доирасида Ўзбекистон илк бор 2021-2023-йилларга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланди. Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланишини 193 давлатдан 169 нафари ёқлаб овоз берди.

Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли органга сайланиши сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ Устави ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бу соҳадаги халқаро мажбуриятларига қатъий риоя этилаётганининг яққол тасдиғидир. Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, унга риоя этиш ва ҳимоя қилиш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.

Ўзбекистоннинг БМТ тизимида иштирокини янада фаоллаштириши юртимизда халқаро даражадаги юқори малакали кадрларни сафини кенгайтиришни тақозо этади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳақида талабалар билимини бойитиш, уларни халқаро минбарларда ёшлар ташаббусларини илгари суриш кўникмаларини шакллантириш ва ўз нуқтаи назарини муносиб етказа олиш малакасини ошириш мақсадида Тошкент давлат юридик университетда 19 сентябрда бир ҳафта мобайнида БМТ ҳафталиги ўтказилди. Ҳафта доирасида юртимиз юридик таълим муассасалари билан ҳамкорликда “БМТнинг 75 йиллиги: умумий саъй-ҳаракатлар билан умумий келажак сари” давра суҳбати, талабаларнинг “Барқарор ривожланишнинг глобал ва миллий мақсадлари” мавзусидаги давра суҳбати, қатор танловлар ташкил этилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотга аъзо давлатларнинг тараққиёт сари умумий саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи, уларнинг глобал масалаларни биргаликда ҳал этишда халқаро форум вазифасини ўташи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон Републикасининг мазкур жараёнларда нафақат фаол иштирокчи, балки халқаро ҳуқуқ ижодкори сифатида ҳам майдонга чиқиши юритимизда халқаро ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари таълимини ривожлантириш, бу орқали халқаро даражадаги юқори малакали кадрларни тайёрлашга, ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришга ёрдам беради.

 

Махмуд МАХАМАТОВ,
Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

Аввалги мақолаБугун Дональд Трамп ва Жозеф Байден ўртасида финал дебат бўлиб ўтди
Кейинги мақолаШавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимларини касб байрами билан табриклади