Жанубий Кореянинг “OPEN” дастури коррупция билан қурашишда қанчалик самарали?

113

Коррупция дунёда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари тамойилларига, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга жиддий хавф солаётган таҳдидлардан ҳисобланади.

Жаҳон банки институти тадқиқотларига кўра, дунёда ҳар йили 1 триллион доллардан зиёд пора берилади. Бу ҳолат, ўз навбатида, халқаро ташкилотлардан, жаҳон ҳамжамиятидан коррупцияга қарши курашни кескин ва мунтазам равишда олиб боришда иқтисодий-сиёсий, ҳуқуқий йўлларни такомиллаштиришни талаб этади. Зеро, коррупция демократик йўналишни танлаган давлатлар ривож­ланишига тўсиқ бўладиган асосий омилдир. Кенг маънода, коррупция — демократияга қарши бўлиб, озчиликнинг кўпчилик ҳисобидан бойишини таъминлайди.

Дунёда коррупция хавфи ва таҳдид­ларига қарши бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Улар асосида халқаро стандартлар шакллантирилган. Коррупцияга қарши курашда халқаро стандартлар ўзига хос механизм ролини бажариб келмоқда.

Коррупцияга қарши кураш бўйича қандай қонун ҳужжатлари бор?

  1. Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқий кодекси (БМТ Бош Ассамблеясининг 51-сессияси 82-ялпи йиғилиши. Нью-Йорк, 1996 йил 12 декабрь).
  2. Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик (Страсбург, 1999 йил 27 январь).
  3. Коррупция бўйича фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик конвенция­си (Страсбург, 1999 йил 4 ноябрь).
  4. Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик конвенциясига қўшимча протокол (Страсбург, 2003 йил15 май).
  5. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил 31 октябрда қабул қилинган) ва бошқалар.

Шунингдек, жаҳон ҳамжамияти БМТ Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь халқаро Коррупцияга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Жаҳон бўйлаб БМТ аъзолари бўлган, коррупцияга қарши кураш конвенциясини тан олган мамлакатлар шу куни турли тадбирлар, акциялар уюштиради. Плакатлар ва варақалар чоп этади. Жорий йилда ушбу кун 16-марта нишонланди.

Жаҳон мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси мамлакат етакчиси шахсан коррупцияга қарши курашда мустаҳкам ирода ва собитқадамлик қилса, ибрат бўлса, ўша мамлакатда сиёсий барқарорлик, демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқлари таъминланади, иқтисодиёт ўсади, халқ фаровон ва эркин яшайди.

Коррупцияга қарши курашишда энг самарали усул сифатида Жанубий
Корея­да 1999 йил Сеул шаҳри мэри Гох Кун томонидан коррупцияга қарши кураш бўйича махсус электрон “OPEN” дастури ишлаб чиқилди ва фуқароларга давлат хизматчилари ишини назорат қилиб туриш имконияти яратилди. Ҳозир фуқаро истаган заҳоти ўз ҳужжатларининг давлат муассасалари томонидан кўриб чиқилишини интернет орқали кузатиб туриши мумкин.

Бу фуқароларга коррупция ҳолатлари сезилган пайтларда ўз норозиликларини билдиришга имкон яратади. Коррупцияга қарши “OPEN” дастури ҳокимият органларининг фаолияти, фуқаролар ва мамлакат манфаатларига ҳалол хизмат қилишда ўзига хос эталони бўлди.

Коррупцияга қарши курашишда малакатимизда ҳам бир қанча ижобий ва самарали ишлар амалга оширилган бўлиб, улар ўз натижасини бериб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро универсал ҳужжатларни тан олган, хусусан, 2008 йил 7 июлда БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясига (2003 йил 31 октябрь), 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривож­ланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган.

Олий Мажлис томонидан жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битим (Москва, 2011 йил 16 июнь) 2011 йил 13 декабрда ратификация қилинган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва таклифи билан 2016 йил Олий Мажлиснинг иккала палатасида ва оммавий ахборот воситалари орқали халқ муҳокамасидан ўтказилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги 34 моддадан иборат бўлган қонун 2017 йил 4 январдан эътиборан кучга кирди.

Мазкур қонунга кўра, республикамизда Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширади.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқалар оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролар коррупцияга қарши курашишда фаол иштирок этишлари белгиланган.

Бироқ Президентимиз таъкидлаганидек, “коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалар ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз”.

Зеро, Ўзбекистон Республикасини ривожланган мамлакатлар қаторида кўришни ўз олдимизга мақсад қилган эканмиз коррупцияга қарши курашишда Жанубий Корея тажрибасини қўллаш,  аҳоли муаммолари ва эҳтиёжлари билан шуғулланаётган давлат ташкилотлари ва органларида инсон омилидан воз кечиш мақсадга мувофиқ бўлади. Давлат органлари ва ташкилотлари ўз вазифаларини бажаришда сансоларликка йўл қўйиши, ўз вазифасига совуққонлик билан қараши халқ томонидан очиқчасига танқидга учраса самаралироқ чора кўрилишга асос бўлиши керак. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, коррупция бу миллат ва халқ фаровонлиги кушандаси. Қачонки биз бир ёқадан бош чиқариб, бу иллатга қарши курашсак мамлакатимиз  янада ривожланади ва ўсади.

В.БУРИЕВ,
Миробод туман адлия бўлими бошлиғи в.б

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг