Жиноят-ижроия кодексига қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди?

65

 “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ-625-сон, 30.06.2020 й.).

Мазкур Қонунда маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш назарда тутилган.

Хусусан, вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларида чекловлар бекор қилинган.  Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланган.

Жумладан, маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида 4 марта муддати 5 суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, шунингдек, манзил- колонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда бериладиган бўлди.

Шунингдек, маҳкумларни жазо ўташи даврида адолатли мезонлар асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллаш комиссиясининг иш фаолияти ва уларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилди.

Комиссия жазони ижро этиш муассасасининг ходимлари, шунингдек, жамоатчилик вакиллари орасидан камида саккиз нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Маҳкумни рағбатлантириш учун тавсия этиш, зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва комиссия аъзоларига тақдим этиш отряд бошлиғи томонидан амалга оширилади.

Комиссия аъзолари рағбатлантириш учун тавсия этилган маҳкум билан унинг хулқ-атвори белгиланган мезонларга мувофиқлиги юзасидан суҳбат ўтказади.

Комиссия қарори мажлисда иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан, очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади. Овозлар сони тенг бўлган тақдирда, маҳкумни рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Шунингдек, Қонун билан жазо муддатини ўташ давомида маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилмоқда. Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида уларни тинтув қилиш вақтида жисмоний куч ва махсус воситалар асоссиз қўлланилишининг олди олинмоқда.

Қонун билан Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддаси тўлдирилди. Эндиликда, маҳкумларнинг илтимосига кўра узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видео-учрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилади.

Ушбу Қонун маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга эга киради.

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг