Жиноят ишларини кўришда янги институтлар

0

Бугунги кунда фуқароларимизни ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йил 18 февраль куни Президент “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзолади.

Мазкур қонун билан Жиноят-процессуал кодексига кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш, жиноят иши бўйича дастлабки эшитув, айбга иқрорлик тўғрисида келишув институтлари киритилди.

Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш суд томонидан амалга оширилиб, гувоҳ ва жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилишдир.

Бунда гувоҳ, жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) объектив сабабларга кўра (хорижга чиқиб кетиши, уларда жиноят ишини юритишда иштирок этишни истисно қиладиган оғир ва давомли касаллик мавжудлиги) ишни судга қадар юритиш ёки суд муҳокамаси чоғида кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қолади деган тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда уларнинг кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.

Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув эса жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш, жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш, жиноят ишини айблов далолатномаси, айблов хулосаси ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш, шунингдек, қонунда назарда тутилган ҳолларда жиноят ишларини бирлаштириш ва номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисида тарафлардан бирининг илтимоси мавжуд бўлганда ўтказилади.

Қонун талабига кўра, жиноят иши бўйича дастлабки эшитув жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни тайинлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган пайтдан эътиборан беш суткадан кечиктирмай бошланиши, дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги 10 суткадан ошмаслиги лозим.

Дастлабки эшитув институтининг жорий этилиши тарафларнинг судга келиб тушган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида дастлабки эшитувларда иштирок эта олишини таъминлайди. Натижада судларда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари ва кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг баҳслаша олиш тамойилини амалда рўёбга чиқариш, жиноят ишини умумий асосларда кўришга монелик қилаётган сабабларни ўз вақтида бартараф этиш имкониятини берувчи қарорлар қабул қилиш жараёнида тарафларнинг тортишуви принципига сўзсиз риоя қилинишига ҳамда суд муҳокамаси давомида мақбул далиллардан фойдаланиш учун имкон яратишга хизмат қилади.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумон, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишув саналади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексига киритилган қўшимчага мувофиқ айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда тайинланади.

Санаб ўтилган янги институтлар келгусида суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини қонуний ҳамда  ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Ҳабибулла Чиниев,

жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани суди раиси

Аввалги мақолаЙўл носозлиги сабабли ЙТҲ содир бўлса, ҳайдовчининг зарари қопланади
Кейинги мақолаЖиззах Педагогика институтидан тадбиркор фойдасига 221 миллиондан ортиқ қарздорлик ундирилди