Жо Байден — Американинг 46-президенти

0

2021 йилнинг 20 январь куни маҳаллий вақт билан 12.00да Жо Байден Вашингтон шаҳрида, Капитолий  биноси олдида президентлик қасамёдини қабул қилиб, АҚШнинг 46-президентига айланди.

“Мен, Жозеф Робинетт Байден Қўшма Штатлар Президенти мажбуриятларини виждонан бажаришга, Қўшма Штатлари Конституциясини  қўллаб-қувватлаш, асраш ва ҳимоя қилишга бор имкониятимни сафарбар этишга тантанали қасамёд қиламан” – деди АҚШнинг янги  Президенти “Инжил”га қўл қўйиб.

Ундан бир неча дақиқа аввалроқ АҚШ тарихидаги биринчи вице-президент Камала Харрис ҳам қасамёд қилганди. Маросимда лавозимидан кетаётган вице-президент Майк Пенс, собиқ президентлар:  кичик Жорж Буш, Билл Клинтон рафиқалари билан иштирок этишди. Леди Гага ўзига хос либосда минбарга кўтарилиб, АҚШ гимнини ижро этди. Тантанали маросимда Женифер Лопес ҳамда Гарт  Брукс ҳам қатнашди.

“Демократия бебаҳо ва нозик…!”

 Ўзининг илк нутқида Байден АҚШнинг 46-Президенти сифатида унинг сайланиши биргина номзоднинг эмас, балки демократиянинг ғалабаси бўлганини таъкидлади. “Биз демократия бебаҳо ва нозик неъмат эканини яна бир бор англаб етдик, аммо айни дамда демократия ғалаба қозонди” – деди сиёсатчи.

У ўз нутқи давомида президент сифатида барча америкаликлар учун хизмат қилишга, унга овоз берган ва бермаган барча сайловчиларнинг манфаатлари учун курашишга сўз берди. Американинг янги Президенти ҳали бу юртда таъмирлаш, тиклаш, бутлаш, қуриш ва эгаллаш лозим бўлган нарсалар кўплигини қайд этиб ўтди. Шунингдек, Америка демократияга қарши хуружлар, авж олаётган коронавирус, тенгсизликнинг ўсиб бориши, тизимли ирқчилик, иқлим инқирози каби бир қатор жиддий муаммлар билан юзма-юз турганини қайд этди.

Бу машаққатларни енгиш,  руҳий тикланиш, Америка келажагини ҳимоялаш фақат оғиздаги гап билан битиб қолмайди. Бунинг учун энг аввало халқ ягона куч бўлиб бирикиши керак.

  Кимсиз, жаноб Байден?

 Шу ўринда Жо Байден ҳақида икки оғиз. Жо Байдон 1942 йил 20 ноябрда АҚШнинг Пенсильвания штати Скрантон шаҳрида туилган. Маълумотларга кўра она томондан унинг аждодлари Ирландиянинг Лаут графлиги зодагонларига, ота-боболари эса, Англиянинг Сассекс рафлигига бориб тақалади. Байден 1965 йилда Делавэр университетини тарих ва сиёсатшунослик йўналиши бўйича тамомлаган. Кейин Нью-Йорк штатидаги Сиракуза университети ҳуқуқшунослик бўйича докторлик даражасини ҳимоя қилган.

1972 йилда Байденнинг хотини Нейли ва қизи автоҳалокат туфайли вафот этади. Икки ўғли Бо  ва Хантерни ўзи вояга етказади. 30 ёшида Делавэр штатидан  АҚШ тарихидаги энг ёш сенатор этиб сайланади. 2008-2017 йиллларда – Барак Обама давлат бошқарувини эгаллаган даврда  мамлакатнинг вице-президенти лавозимини бошқаради. Ушбу лавозим ваколати тугагач, Пенсильвания университетида халқаро дипломатия бўйича талабаларга сабоқ берган. 2020 йилда АҚШда ўтказилган сайловда Демократлар партиясидан номзоди илгари сулиган Жо байден 306 та овоз билан ғалаба қозонди.

Янги қадамлар, янги мақсадлар

 Байден давлат тепасига келиши билан олдинги раҳбар Доналд Трампнинг бир қанча қарорларини бекор қилмоқда. Хусусан, қатор мусулмон давлатларидан АҚШга кириш бўйича чекловларни олиб ташламоқда. Шунингдек, янги Президент Трампнинг ташаббуси билан қурилиши бошланган Мексика билан чегарадаги девор қурилишини ҳам тўхтатмоқчи.

Шунингдек, Байден АҚШни  Трампнинг ташаббуси билан чиқиб кетилган иқлим бўйича Париж шартномасига, шунингдек ,Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти аъзолилига  қайтармоқчи. Шу билан бирга у Эрон билан муносабатларни ҳам изга туширишга, жумладан, ядро битимини битиклаш бўйича музокараларни йўлга қўйишга  ваъда берган.

  Трамп яна  қайтадими?

 150 йиллик анъанани бузган ҳолда Трамп ўз ворисининг инаугурациясида қатнашишдан воз кечиб, Вашингтонни бир неча соатга тарк этди. У Мэриленд ҳарбий аэродромида ўз тарафдорлари билан хайрлашиб, уларнинг манфаатлари учун ҳар доим курашишга ваъда берди. Унинг айтишича, мамлакатни ҳали ёруғ кунлар кутмоқда. У янги маъмуриятга муваффақиятлар тилаб, ўз бошқаруви пайтида қўлга киритилган ютуқларни ҳам санаб ўтди. Жумладан, рекорд даражадаги қисқа вақтда коронавирусга қарши вакцина яратилганини таъкидлади.

“Хайр азизлар, биз сизни севамиз, биз албатта қайтамиз, лекин бошқача кўринишда” деди Трамп парвоз олдидан. Шундан сўнг, трамп Мэрилендан Флорида штатидаги Мар-а-лаго қароргоҳига учиб кетган.

Рустам Жабборов,
сиёсий шарҳловчи