ЯнгиликларКоронавирус инфоЖССТ: Карантин чекловларини бекор қилишга ҳали эрта!

ЖССТ: Карантин чекловларини бекор қилишга ҳали эрта!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус дунёнинг қатор мамлакатларида “омикрон”дан ўлим кўрсаткичлари ошиб бораётгани хусусида баёнот берди.

Унинг сўзларига кўра, янги штамм аниқланганидан буён 90 миллионга яқин касалланиш ҳолатлари рўйхатга олинди. Бу 2020 йилда COVID-19ни юқтирган жами беморлар сонидан ҳам кўп.

“Энг ёмони, ҳозир сайёрамизнинг аксарият минтақаларида ўлим кўрсаткичларининг жуда хавотирли ўсишини кузатяпмиз” — деди Т. Гебрейесус.

ЖССТнинг Фавқулодда касалликлар бўлими техник гуруҳи раҳбари Мария Ван Керкховенинг хулосаси ҳам шунга яқин. У бундай шароитда COVID-19 туфайли жорий этилган барча чекловларни бекор қилишга ҳали эрта эканлигини маълум қилди.

“Биз ҳукуматларни эҳтиёткорликка чақирамиз, чунки аксарият давлатлар “омикрон” пандемиясининг чўққисидан ўта олгани йўқ. Айрим ҳудудларда эса эмлаш даражаси жуда паст. Шунинг учун ҳозир барча коронавирус чекловларини бирданига олиб ташлаш вақти эмас”, — дейди ЖССТ эксперти.

Масалан, АҚШда кунлик касалланиш кўрсаткичлари камая бошлаган бўлса-да, “омикрон” туфайли ҳаётдан кўз юмаётганлар сони ортмоқда. Мамлакатнинг юқумли касалликлар бўйича бош маслаҳатчиси Энтони Фаучи асосан эмланмаган ҳамда тўлиқ ёки кучайтирувчи дозада вакцина олмаганлар бундай хавфга рўбарў келаётганини таъкидлади.

Баъзи давлатларда эса коронавируснинг янги мутацияси кўпроқ болалар ва ёшлар ўртасида кенг тарқаляпти. Мисол учун, Италияда бу инфекцияни юқтирган беморлардан ҳар учинчиси 19 ёшгача бўлган ўғил ё қиздир.

Ана шундан келиб чиқиб, 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни коронавирусга қарши эмлашга рухсат берган давлатлар сафига Қатар ҳам қўшилди. Австралияда эса 16-17 ёшли ўсмирлар қайта вакцина олиши белгиланди. Бунга мамлакатда коронавирусдан ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётгани сабаб бўлди.

Саудия Арабистонида февраль ойидан жамоат транспортидан фақат эмланганлар фойдаланишлари мумкин. Ушбу чеклов поезд, такси, автоуловларни ижарага олиш ҳамда паромларга ҳам тааллуқлидир.

Исроилда ҳам янги штамм билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпаймоқда. Ўз навбатида, коронавирусдан вафот этаётганлар сони ҳам сезиларли даражада ошяпти. Шу сабабли бу ерда 60 ёшдан катталар ҳамда тиббиёт ходимлари тўртинчи доза билан эмланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img