ЖССТ раҳбари: “Бир кишининг ҳаёти хавф остида экан, ҳеч ким хотиржам бўлолмайди”  

0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ташкилотнинг Женевада ўтказилган матбуот анжуманида коронавирус инфекциясини даволаш, дори-дармон ва вакциналар тақсимотида тенглик ва бирдамликка чақирди.

Турли мамлакатларда тайёрланаётган вакциналар ҳақида тўхталиб, уларни дунё бўйлаб тарқатишда  тарафкашликка, айирмачиликка йўл қўймаслик лозимлигини таъкидлади. “Бир инсоннинг хавфсизлиги таъминланмас экан, ҳеч ким хотиржам бўлиши мумкин эмас”, деди ЖССТ раҳбари.

Гебрейесус ЖССТ томонидан ана шу мақсадда ҳукуматлар ва хусусий сектор вакиллари биргаликда иш олиб борилаётганини, энг юқори хавф остидагиларга, биринчи навбатда, ёрдам бериш учун зарур чоралар кўрилаётганини қайд этди.

Унинг таъкидлашича, коронавирусга қарши мукаммал вакцина яратилса, ЖССТнинг стратегик экспертиза гуруҳи томонидан тасдиқланади ва уни дунёнинг барча ҳудудларидаги инсонларга тенг тақсимлаш чоралари кўрилади. Гебрейесус Россияда яратилган “Sputnik V” вакцинаси ҳали ЖССТ томонидан оммавий эмлашга тавсия қилинмаганини ҳам эслатиб ўтди.

Айни пайтда ЖССТ ташаббуси билан COVAX вакцинасини ишлаб чиқаришга ёрдам бериш учун ташкилотга аъзо мамтакатларга хат йўлланган.

Анжуманда сўзга чиққан ЖССТ бош эксперти  Брюс Эйлворд жорий йилда дунё бўйлаб гриппга қарши эмлаш бошланишини маълум қилди. Унинг айтишича, одатий гриппнинг олди олинмаса, пандемия шароитида грипп мавсуми бошланганда уни коронавирус аломатларидан фарқлашнинг имкони бўлмай қолади. Чунки ҳар икки касалликнинг аломатлари бир-бирига ўхшаш. Бу эса вазиятни янада кескинлашишига олиб келади, дея хабар бермоқда “Анадолу” ахборот агентлиги.

Маълумотларга кўра, айни пайтга Ер юзида коронавирусга чалинганлар сони 22,3 миллион кишидан, қурбонлар сони эса, 790 минг кишидан ошган.