Карантин даврида онлайн таълим ўзини оқлаяптими ёхуд бу тизим фақат шаҳарликлар учунми?

0

Шу кунларда карантин муносабати билан барча идора ва ташкилотлар ўз иш фаолиятини имконият даражасида масофадан туриб олиб боришга ўтишди. Шу жумладан, таълим муассасалари ҳам. Умуман олганда, масофадан ўқитиш тизими замон билан ҳамқадам инсон (ўқитувчи, ўқувчи ва талаба) учун жуда қулай усулдир. Бу дунё тажрибасидан ҳам маълум. Бу усулга кўра, даставвал ўқитувчи қўлидаги телефони орқали интернетга киради ва тасдиқланган дарслар асосида сайтга ва ёки махсус ижтимоий тармоқ каналига ўзининг видео маърузаларини, савол ва топшириқларни у ёки бу кўринишда жойлаб боради. Шундан сўнг устози томонидан берилган барча тошириқлар билан ўқувчи-талаба қўлидаги телефон орқали истаган пайтда танишади ва берилган топшириқларни бажаришга киришади, бажарганларини яна видео ва ёки бошқача кўринишда устозига юборади.

Хуллас, бугунги онлайн таълим жараёни тахминан шу тарзида амалга оширилмоқда ва бу жараёнда кимнинг қандай иштирокига қараб кундалик ва “зачётка” баҳолари аниқланмоқда.

Айтишларича, мактабларда тўртинчи чораклик ҳамда олий таълим муассасаларида иккинчи семестр баҳолари айнан онлайн ўқитиш таълими орқали амалга оширилади. Тўғри, бунда бир қарашда ҳаммаси осон ва тез бажарилади. Бу йўсинда ишлаш, айниқса, карантин даврида қўл келади ва ҳар томонлама фойдали ҳисобланади. Бундай вазиятда бошқача йўл тутишнинг ҳам асло имкони йўқ!

Аммо бу борада юзага келаётган муаммоларни ҳам эсдан чиқармаслигимиз керак, зеро уларни бартараф этмасдан туриб бу тизимга ўтиш ҳам у қадар ўзини оқламайди. Хўш, бундай ноқулайликлар нималардан иборат?

Биринчидан, оддий ва маълум муаммо бу – барча ҳудудларда интернет тармоқлари йўқлиги ёки бор жойларда ҳам талаб даражасида ишламаслигидир. Тасаввур қилинг, маълумотларга кўра бугун ёшларимизнинг кўп қисми (мактаб ва олий таълимда таҳсил олаётганлар назарда тутилмоқда) аксарияти вилоятларда, чекка туман ва қишлоқларда истиқомат қилади. Уларда қай даражада имконият бор деб ўйлайсиз? Агар бўлмаса, алоқа тизимини яхшиловчи махсус техник қурилмалар (антенналар) ўрнатишнинг наҳотки, имкони йўқ?! Агар шундай қилинса, шу баҳона барча ҳудудларимизга интернет кириб борган ва ундан алоқа мобил компаниялари ҳам янада яхши фойдаланган бўлар эди!

Иккинчиси, бу мактабда масофавий таълимни йўлга қўйиш билан боғлиқдир. Бугун мактабларда KUNDALIK.COM тизимида ишлаш жорий этилди. Унга кўра, ўқитувчи ўқувчига дарсликлар асосида топшириқлар йўлламоқда. Ўқувчилар ва ота-оналар томонидан бажарилган топшириқлар эса минг азоб билан ушбу сайтга жойлаб борилаяпти. Кимдир буни уддалаяпти, кимлар эса йўқ. Бу тизимда иш бажариш учун, албатта, андроид телефон ёки интернетга уланган компьютер бўлиши керак. Қолаверса, минглаб гегабайт интернет трафиги соҳиби бўлмоқ даркор. Кўпчилик оилаларда ҳам олий ўқув юртида, ҳам мактабда ўқийдиган фарзандлар борлигини инобатга олсак, бу ҳам бир катта ижтимоий масалани келтириб чиқаришини англаш қийин эмас.

Бу биргина менинг фикрим деб ҳисобламайман, бу – кўпчилик ота-оналарнинг фикридир. Хуллас, KUNDALIK.COM масофавий алоқа тизими жуда қийин ва ноқулай томонлари кўп. Унга маълумотларни жойлашнинг имконияти кам ва тушунарсиздир. Балки бу тизимга бирданига кирувчилар сонининг кескин кўплиги шундай вазиятни келтириб чиқараётгандир. Аммо нима бўлганда ҳам бу ортиқча асаббузарликларни келтириб чиқараётгани рост. Фикримизча, ушбу тизимни соддалаштиришни яна бир бор ўйлаш керак.

Балки, бундай пайтда ўқитувчи фанлар ва синфлар кесимида телеграм гуруҳлар очиши, ёки ўқувчиси билан телефон орқали савол-жавоб қилиши ва топшириқларни бергани маъқулдир. Интернет яхши ишлайдиган ҳудудларда эса ўқитувчи телеграм орқали дарсларни ташкил этгани тузукдир. Шунда ота-она ва ўқувчилар асосий вақтини телефон титкилаш билан эмас, балки дарсларини ўқиш ва ўзлаштириш, берилган топшириқларни вақтида бажаришга сарфлаган бўлар эди.

Шуҳрат Ҳайитов, 
Журналист