Кавказ бағридаги жароҳат ёхуд Тоғли Қорабоғ муаммоси қачон ечим топади?

0

Аввал хабар қилинганидек, 2020 йилнинг 27 сентябрь куни тонг саҳарда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида қуролли ҳаракатлар бошлади. Расмий Боку арман ҳарбийларининг маҳаллий вақт билан соат 6.00 атрофида йирик калибрли қуроллар ва минемётлар ёрдамида ўққа тутганини маълум қилган.

Озарбайжон мудофаа вазирлиги якшанба тонгида Арманистон томони Тартар, Жаброил ва Фузулий аҳоли пунктларини ўққа тутгани, Озарбайжон армияси тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун кенг кўламли қарши ҳужум бошлаганини, армия фақат тинч аҳоли пунктларига уюштирилган ҳужумларга жавоб қайтаргани ва Арманистон ҳарбий-ҳаво кучларининг 12 та зенит-ракета мажмуаси йўқ қилинганини билдирди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев мамлакат хавфсизлик кенгаши йиғилишида Қорабоғдаги вазиятни тартибга солишни “Озарбайжоннинг тарихий вазифаси” деб атаган.

АзерТАж маълумотларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар натижасида, Озарбайжон қуролли кучлари арманлар қўл остида бўлган Қорахонбейли, Нузгар, Юқори Абдураҳмонли, Канд-Хорадиз, Буюк Маржонли, Ғарванд қишлоқларини озод қилган.

Арманистон эса, бу қуролли ҳаракатларда Озарбайжонни айбламоқда. Ҳар икки томондан жиддий талафотлар, қурбонлар ва ярадорлар борлиги хабар қилинган.

Мозийга назар

Тоғли Қорабоғ муаммоси сиёсат майдjнида пайдо бўлганидан бери орадан ўттиз йилга яқин вақт ўтди. Музокаралар, учрашувлар, баҳс-мунозаралар ҳануз давом этаётган бўлса-да, Тоғли Қорабоғ тақдири ҳамон муаллақ қолаётир.

Хўш, бу муаммонинг асл моҳияти нимадан иборат? Масалага ойдинлик киритиш учун анча ортга чекинишга тўғри келади. Тоғли Қорабоғ ҳозирга қадар расман Озарбайжон Республикаси таркибидаги мухтор вилоят ҳисобланади. Бу ҳудуд асрлар мобайнида асосан туркий давлат тузилмалари таркибида бўлиб келган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам 1386-1387 йилларда Эрон Озарбайжонини забт этиб, ўша йилги қишни Тоғли Қорабоғда ўтказгани ҳақида маълумотлар бор.

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Тоғли Қорабоққа асосан 1828 йилда Россия билан Эрон ўртасида имзоланган Туркманчай сулҳ битимига асосан 130 минг нафардан ортиқ арманлар кўчириб келтирилган. Бироқ улар ҳам Тоғли Қорабоғ ва унга туташ ҳудудлар қадим-қадимдан ўз аждодларига тегишли бўлгани ҳақидаги даъвони илгари суриб келишади. Худди ана шу масаладаги келишмовчиликлар Жанубий Кавказда беқарор вазиятни келтириб чиқарган.

1920 йилда Озарбайжон Демократик Республикаси Совет Иттифоқига таркибига қўшиб олингач, 1923 йил 7 июлда арманларнинг сон жихатдан устунлигини ҳисобга олган ҳолда Тоғли Қорабоққа мухтор вилоят мақоми берилган.

Битмаган яра

Бу ҳудудда чигал вазиятнинг юзага келишининг иккинчи тўлқини собиқ империянинг емирилиш йилларига тўғри келади. Статистик маълумотларга кўра, 1989 йилда Тоғли Қорабоғ аҳолиси 189 085 кишини ташкил этган. Шундан 76,9 физини арманлар, 21,5 фоизини Озарбайжонлар, 1,6 физини руслар ва бошқа миллат вакиллари ташкил этган.

Вилоятда таркибий жиҳатдан кўпчиликни ташкил этган арманларнинг, хусусан Қорабоғ айирмачиларининг Озарбайжондан ажралиб чиқишга интилиши Арманистон ССР ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланди. Икки халқ ва давлат ўртасидаги қуролли ҳаракатларнинг бошланиб кетиши 1988 йил февралда Тоғли Қорабоғ Мухтор вилояти кенгашининг Озарбайжон таркибидан ажралиб, Арманистонга қўшилиш ҳақидаги қарорининг қабул қилиниши билан боғлиқ.

Арманистон Олий кенгаши 1989 йилнинг 1 декабрида “Арманистон ва Тоғли Қорабоғни қайта бирлаштириш тўғрисида”ги қарорни қабул қилгач, бу борадаги ҳатти-ҳаракатлар янада кескин тус олди. 1988-1993 йиллар мобайнида Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти ва унга ёндош бўлган еттита туман ишғол қилинди. Натижада қанчадан қанча бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилди.

Тоғли Қорабоғ вилоятнинг Арманистон билан умумий чегараси бўлмагани боис ушбу мамлакат ҳудуди ва Тоғли Қорабоғ оралиғида бўлган Лочин, Келбажар, Қубодли, Зангилон, ҳатто бу оралиқда бўлмаган Ағдам, Фузулий ва Жаброил туманлари — Озарбайжон Республикаси умумий ер майдонининг 20 фоизи ҳали-ҳануз ишғол остида сақланаётир. 20 минг нафардан ортиқ аҳоли бу босқиннинг бегуноҳ қурбонига айланган, 50 мингдан ортиқи турли даражада тан жароҳати олган.

Дунё аҳли нигоҳида

Вазият тақозосига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ҳар  томонлама алоқалар тамомила тўхтаб қолган. Бу эса, на Озарбайжон, на Арманистоннинг ҳар тарафлама манфаатларига уйғун келади. Тоғли Қорабоғ можароси тарихий алоқаларнинг қайта тикланиши йўлидаги асосий тўсиқ бўлиб қолаётир.

Бу масала аллақачон дунё ҳамжамияти диққат марказига кўтарилган. Бу муаммо бартараф этиш юзасидан бир қанча халқаро учрашувлар ўтказилган. 1992 йилда Жанубий Кавказдаги бу жиддий муаммони ҳал этиш юзасидан Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг АҚШ, Россия ва Франция давлат расмийларидан иборат Минск гуруҳи ташкил этилган эди. Мазкур гуруҳ вакиллари шу пайтга қадар ҳар икки давлат ҳамда Тоғли Қорабоғ раҳбарлари билан ўн марталаб учрашувлар ўтказди, музокарарлар олиб борди. Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, тарафларни муросага келтириш ва муаммони бартараф этиш борасидаги натижалар кўзга ташлангани йўқ.

1993 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан икки давлат орасидаги муносабатларни яхшилаш, ҳарбий харакатлар ва душманчилик муносабатларига барҳам бериш, Тоғли Қорабоғ муаммосини адолатли ҳал этиш, Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларини қайтариб бериш ва у ердан қуролли кучларни олиб чиқиб кетиш сингари талаблар илгари сурилган учта резолюцияси қабул қилинган бўлса-да, Арманистон ҳукумати босиб олинган ҳудудларини қайтариш масаласини орқага суриб келаётир. Тоғли Қорабоғда эса, бошқарув тўла-тўкис арманлар қўлига ўтган. Бу ҳудудда дунёнинг бирор мамлакати томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ (Арцах) Республикаси деб аталган тузилма ташкил этилган.

Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида бу зиддиятни тинч йўл билан бартараф этиш юзасидан олиб борилган музокаралар амалий натижа бермай келмоқда. Расмий Боку босиб олинган ҳудудларни қайтаришни талаб қилаётган бўлса, Ереван, бу талабларни бажармаслик баробарида, Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоққа эгалик ҳуқуқидан расман воз кечишни, бунинг эвазига ишғол қилинган ҳудудларнинг бир қисминигина қайтаришни истайди.

Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларини қуролли кучлар ёрдамида  қайтариб олишга уриниш 2016 йилнинг апрель ойида бошланган. Тўрт кун давом этган уруш ҳаракатлари чоғида ҳар икки тарафдан ўнлаб ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлгани хабар қилинган. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳаракатлар натижасида 2000 гектардан ортиқ ер арманлардан қайтариб олинганини билдирган.

Икки давлат ўртасидаги қуролли тўқнашувлар 2018 йилда, шунингдек, жорий йилнинг июнь ойида ҳам кузатилган.

Халқаро ҳамжамият муносабати

Жанубий Кавказ минтақасида қуроллий ҳаракатларнинг бошланиши халқаро ҳамжамиятнинг ҳам жиддий хавотирига сабаб бўлди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған унинг мамлакати аввалгидек Озарбайжонни қўллаб-қувватлаши ҳақида маълум қилди. “РИА-Новости” маълумотларига кўра, “27 сентябрь куни Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Озарбайжон Республикаси президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилди. Туркия президенти Озарбайжон давлат раҳбарига ва халқига Арманистон ҳарбий провокацияси оқибатида Озарбайжон ҳарбий хизматчилари ва тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди”, дея Алиевнинг матбуот хизматидан иқтибос келтирган РИА Новости.

Европа кенгаши раиси Шарль Мишель твиттердаги саҳифасида Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, музокаралар бошлашга чақирган.

Европа кенгаши бош котиби Мария Пейчинович-Бурич ҳам томонларни тинчликка чақирган ва бу икки давлатни кенгашга аъзо бўлиб киришда олган мажбуриятларини — зиддиятни тинч йўл билан ҳал этиш мажбуриятини эслатган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий баёнотида томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва вазиятни барқарорлаштириш учун музокаралар бошлашга чақирди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Озарбайжон, Туркия ва Арманистон ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари билан телефон орқали мулоқотга киришиб, Тоғли Қорабоғдаги туташув чизиғида олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлардан жиддий ташвишда эканини билдирган.

Биз тинчлик тарафдоримиз!

Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикаси муносабатларидаги кескинликнинг ошиши Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Мамлакатимиз ташқи ишлар вазирилигининг баёнотида қайд этилишича, ўзаро қарама-қаршилик чоғида ҳарбий кучнинг ишлатилиши икки томондан ҳам кўплаб инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, баҳсли масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилинишининг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

“Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз” — дейилади баёнотда.

Рустам ЖАББОРОВ,
журналист