ТаҳлилКесма!!!

Кесма!!!

Жиноят

ҲАЁТ яралгандан буён табиат ва инсон ўртасида мувозанат мавжуд. Табиат ҳамиша шафқатга, мурувватга муҳтож. Аммо кейинги вақтларда одамзод кўп нарсаларни унутди.

Она табиат деймиз, она сайёрамиз деб, кўкрак керамиз. Аммо “Онамиз”нинг бўйнига болта тираб, қўлларини, шохларини, оёқларини, илдизларини чопишга устамиз. Она сайёрамизни нурга эмас, қонга белаб, бегуноҳ жонзотларни нобуд қилишдан баҳра оладиган ёвузлик ёрлиғини пешонамизга ёпиштиришдан орланмаймиз. Табиатга хиёнатимиз жиноят эканлигини танамизда ўйлаб ҳам кўрмаймиз… Ваҳшийлигимиз қурбонларининг уволидан қўрқмаймиз.

Хиёнат

Азалдан ота-боболаримиз ватанли бўлиш, макон қуриш учун олган ерларига дастлаб иморатдан олдин дарахт экишга одатланган. То уй қуриб битказилгунича дарахтлар ҳосилга кириб, мева бера бошлаган. Шу тариқа кичик боғлар бунёд этилган. Табиатга меҳр оиладан, остонадан, болаликдан онгимизга сингдирилганлиги шундан.

Аммо бугун бу гаплар худди сафсатага ўхшаб қолди. Бугун минг йиллик қадриятларни менсимаслик касалига гирифтор бўлдик. Тирик табиатга озор беришдан заррача азият чекмайдиган, виждонимиз қийналмайдиган ҳолга келдик.

Ҳар қадамда табиатга хиёнат. Тараққиётнинг пиллапояларидан юқорига кўтарилганимиз сайин, яшил оламга хиёнатимиз шу қадар ортиб бормоқда-ки, буни тасвирлашга юзимиз чидамайди. Оддийгина мисол: баланд иморатлар қад ростлаётган майдонларнинг деярли барчаси ўрнида кечагина эгилган мажнунтоллар, мағрур тераклар, азим чинорлар бўлган. Улар бир кечада кўз ўнгимизда қўпорилиб, кесилиб ташланмоқда. Жонли дарахтларни жонсиз ўтинга айлантираётган кимсаларнинг қилмиши жиноят, аммо уларни ҳеч ким жазога тортмайди, торта олмайди… Нега?! Дарахт кушандалари қонунларимиздаги саёзликлар, қатъиятсизликлардан куч олаяптими? Арзимаган товон пуллари нобуд қилинган дарахтнинг битта япроғига ҳам арзимаслиги қанчалар ачинарли… Минглаб дарахтларни йўқотиб, шаҳарларни тошга айлантиришнинг эртага савол-жавоби борлигидан, юрагини фақат бойлик орттириш, фойда кўриш васвасаси эгаллаб олган одамлар табиат биздан ўч олаётганидан наҳотки бехабар бўлса?

Ташландиқ ерни обод қилиб, дарахтзор боққа айлантирган отахонларни қақшатиб, ҳосилга кирган дарахтларини яксон қилиб, кўп қаватли уй қурган ишбилармонларга, янги хиёбон бунёд этиш шиори остидаги таъмалар билан бетакрор боғларни яланғочлаган уддабуронларга нега индамасликка ўргандик?

Бутун дунё тарихида оғриқли из қолдирган Орол фожиаси эса ҳали ҳам бизга сабоқ бўлмаганга ўхшайди. Ўтган йилларнинг фалокатлари — Бухоро вилоя­тидаги сел ва шамол офатлари, Сардобадаги сув тошқини, баҳордаги ёғингарчиликдан талофат кўрган ҳудудлардаги вайронагарчиликлар, қурбонлар, моли-мулки-ку майли-я, азиз жонларни йўқотишлар… Булар бизни нега ҳушёр торттирмаяп­ти? Табиат биздан ўч олса, биз унга дош бера олмаслигимизни ҳаётнинг ўзи неча бор тасдиқлаган бўлса-да, биз нега ҳамон жаллодмиз, ҳамон яшил оламга тажовуз қилишдан нега ўзимизни тия олмаяпмиз?

Хорижда дарахтлар энг қимматбаҳо табиий бойлик саналади

Ҳозир дунёнинг барча бурчакларидаги янгиликлардан хабардор бўлишга имкониятимиз бор. Дунё табиати, табиат дунёсидан воқифмиз. Хитойда ижодий сафарда бўлганимизда, дарахтларга муносабатни кўриб, ҳайратимизни яшира олмадик. Кучли шамол, тўфонлардан дарахтларни ҳимоя қилиш учун ҳар бир дарахтга махсус ҳимоя белбоғлари қилинган. Ҳатто қуриган дарахтлар ҳам тирилишига катта умид билан худди шундай ҳимоя тўсиқлари ичига олинган. Ҳеч ким яшамайдиган ҳудудларда, йўлларда ҳам дарахтзору гулларни кўриб ҳайратланишингиз аниқ. Баланд кўприкларда осилиб турган гуллар нақд мўъжизанинг ўзи.

Хитойда кўча тўла гул. Катта гул тувакларга солинган минглаб гуллар катта-кичик корхоналар, завод ва фабрикалар ҳовлисини безаб, кўрган кўзларни қувонтиради. Биз эса… Кўчаларимизга ўз ташаббусимиз билан гул ёки кўчат экиш уёқда турсин, ҳашарларда кўчаларга экилган дарахт кўчатларини парвариш қилиш ўрнига уларни ўғирлаб кетиш ҳолатларига кўпчилигимиз гувоҳмиз. Бу эса миллатимиз шаънига ярашмайдиган иллат.

Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида дарахтларга тарихнинг тенгсиз ёдгорлиги деб қаралади. Улар худди жонли экспонатдек қадрли. Уларнинг неча аср умр кўргани, қайси мамлакат асл ватани эканлиги ёзилган пеш­лавҳаларни кўриб, дарахтларга ҳурмат бобида жуда орқада эканлигимиздан хижолат чекканимиз рост. Тўғри, бизда ҳам тарихий дарахтлар бор. Аммо ҳозир уларнинг фақат номлари қолган холос.

Ижтимоий тармоқларда барчамизнинг эътиборимизни тортган Германия ҳақида ўзбекистонлик журналист Маърифат Нурнинг қуйидаги маълумотлари яна ҳам ибратли. “Немислар ватанни мақтаб эмас, асраб севишар экан. Ақллилик ва пухталик — немислар интиладиган фазилатлар шундай. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, олмон диёри ўзининг барча ер ости конларини кўмиб ташлаган. На фойдаланади, на сотади… Немислар уларни ўз авлодлари учун, буюк олмон келажаги учун асраб қўйишганини айтишади.

Мана, бир неча йиллардан буён Германия шаҳарлари узлуксиз яшиллаштирилмоқда. “Яшил ҳудуд” номини олган шаҳарлар ва вилоятларга катта миқёсдаги ёқилғи билан юрадиган транспорт воситаларининг кириши тақиқлаб қўйилган. Ҳозирда “яшил ҳудуд”ларни кенгайтириб, Германияни экологик тоза мамлакатга айлантириш учун бутун немис халқи баҳамжиҳат ҳаракат қилаётир.”

Барселонада пиёдалар учун махсус кенг ва дарахтзор яшил кўча борлиги ҳақидаги хабарни ўқиб, одамлар қуёшнинг тиғидан қаерга қочишни билмайдиган яланғоч кўчаларимизни эслаб ичимиз ёниб кетди. “Рамбла” деган бу яшил кўча Сизни тирикликни ҳис этишга ёрдам берадиган бошқа дунёга бошлайди.

Мораторий эълон қилинди… Аммо…

Дарахтларни кесишга биринчи марта мораторий эълон қилинганда, кўпчилик хайрият, дарахтларни кесадиганларнинг танобини тортиб қўядиган ҳужжат чиқди, деб қаттиқ қувонган эди. Минг афсуски, чучварани хом санаган эканмиз. Қаловини топса қорни ҳам ёндирадиганларнинг ҳаммаси бизнинг юртдошлар экан. Мораторий ҳам уларга кор қилмади, қоғозларда қолиб кетди… Мораторийнинг “кўзини боғлаб”, эҳ-ҳе, қанчадан-қанча дарахтлар кесилиб, қанча-қанча боғлар барбод бўлди.

Давлатимиз раҳбари яқинда ўтказган видеоселектор йиғилишида “Дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади ва жавобгарлик кескин кучайтирилади”, деган қатъий қарорга келди. Кўрамиз табиат кушандалари энди нима қиларкин?

“Экология — ҳаёт-  мамотимиз — Битта қўмита эмас, жамиятимиз ўзгариши керак!”

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари масалага ҳар қачонгидан ҳам чуқурроқ ёндашди:

“Экология — ҳаёт-мамотимиз. Мен ҳозир Экология қўмитаси раҳбари ишдан олинганини айтдим. Аслида битта қўмита эмас, жамиятимиз ўзгариши керак. Ҳар битта дарахтни сақлаб қолиш учун ҳамма курашиши керак. Бу масалада ҳар доим гапириб келинган, лекин натижа бўлмаган. Энди назорат қаттиқ бўлади.”

Ҳа, соҳадаги тизимли муаммолар ҳал қилинмагани ва йўл қўйилган камчиликлар учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилди. Экоқўмитага раҳбарлик фақат мансаби билан ҳаволаниб юришдан иборат эмас, балки табиат билан бирга нафас оладиган, табиатнинг жароҳатини, оғриқларини, ноласини ўз танасида ҳис эта оладиган, тинглайдиган инсоннинг виждон амри бўлиши керак! Дарахтнинг бирор шохини кесганларини кўрса, шу раҳбарнинг танаси ҳам зирқираши керак! Бу соҳанинг гуноҳи-савоби шунда!

Йиғилишда октябрь-ноябрь ойларида 55 миллион дона, келгуси йил баҳор мавсумида автомобиль йўллари, дала четлари, барча аҳоли масканларида
70 миллион дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек, тез ўсувчи ва бошқа кўчатларни экиш шартлиги қайд этилди.

Ўтган 6 ойда 316 минг дона қимматбаҳо дарахт асраб қолинган. Бироқ, шунга қарамасдан, ўтган даврда 2,8 мингта қимматбаҳо ва 2 мингдан зиёд кам қимматли дарахт ноқонуний кесилган. Жумладан, бундай ҳолатлар Сурхондарё, Жиззах, Хоразм, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида энг кўп қайд этилган.

Исломда табиатга муносабат…

Ҳеч шак-шубҳа йўқки, ҳозирги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш асримизнинг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб турибди. Бу муаммо ўзининг инсониятга келтириши мумкин бўлган фожиали оқибатлари бўйича ядро ҳалокатидан кам эмас.

Бизни ўраб турган сув ва она замин, бизга ҳаво бахш этаётган наботот олами қанчалар қимматли эканлигини, биз бу муқаддас бойликларни келгуси авлодларга асраб-авайлаб қолдиришимиз шартлиги муқаддас китобларда ҳам зикр этилган.

Инсоннинг бу дунёдаги масъулияти ҳақида кўпгина ҳадиси шарифларда ҳам ёзилган, улардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бас, ҳаммангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз”, дейдилар.

Бу қисқа сўзларда олам-олам маъно бор бўлиб, улар инсонларнинг юқорида зикр қилинган вазифасини ҳамда ер юзида тинчлик ва омонлик бўлиши учун Аллоҳнинг олдидаги ­масъ­у­лиятини ўзида мужассамлаштирган.

Аллоҳ яратган нарсаларни ҳалок этиб, йўқ қилаётганларни эса Ислом “фасодчилар” деб атайди. Бу ҳақда: “Ва бурилиб кетганда ер юзида фасод учун ва экин ва наслни ҳалок қилиш учун ҳаракат этадир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас”, дейилган (Бақара сураси, 205-оят).

Бу икки олам — ўсимлик­лар олами ва ҳайвонот олами Исломда инсон учун энг зарур бўлган нарсалар ҳисобланади. Кимки буларга зарар етказса, инсониятга зиён етказган бўлади. Шу ўринда…Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматларини кўчат ўтқазиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти кўчати бўлса, уни экиб қўйсин” дедилар. (Имом Аҳмад ривояти)

Хулоса шу, инсон энг ақлли мавжудот. У хоҳласа тоғларни талқон қилади, космосни забт этади. Аммо ўз нафсига қул бўлиб, очкўзлик ва шафқатсизлик гирдобига тушиб қолса… кечирилмас хатолар қилади, жиноятларга қўл уради. Табиатга шафқатсизлиги, нафақат ўз-ўзига, балки бутун инсониятга зиён келтиради. Мудҳиш хатолари табиатни издан чиқаради, табиат ундан ўч олганда эса, тўфонлар қаршисида ожиз қолади, қайтар дунё тегирмонидан омон чиқмайди…

Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img