ЯнгиликларАдлия бўлимлариКим ҳақ? Инспекторми ёхуд фуқаро?

Ким ҳақ? Инспекторми ёхуд фуқаро?

ФУҚАРО Ҳ.Усмонов Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб, Жиззах вилоят адлия бошқармасига ­мурожаат қилди.

Мурожаатда келтирилишича, Ҳ.Усмоновга нисбатан жорий йилнинг 30 апрель куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси 1-қисми билан иккита маъмурий баённома расмийлаштирилган, ҳуқуқбузар томонидан мазкур баённомага эътироз билдирилиб, маъмурий ишни кўриб чиқиш учун судга юбориши сўралган.

Мазкур баённомаларга асосан жорий йилнинг 12 май куни инспектор Ж.Сирожиддинов томонидан МЖтКнинг 128-моддаси 1-қисмига асосан, ҳар бир баённома учун 122 минг 500 сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Ваҳоланки, вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан жорий йилнинг 30 апрель куни фуқаро Ҳ.Усмоновга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар ва тўпланган ҳужжатлар биринчиси — жорий йилнинг 9 июнь куни — 40 кун ҳамда иккинчиси — жорий йилнинг 14 июнь куни — 45 кун кечиктириб судга юборилган. Бу эса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34 ва 282-моддаларига зиддир.

Шунингдек, Ички ишлар вазирининг 2011 йил 31 майдаги тегишли буйруғи билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномада мансабдор шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни ўрганиб чиқиб, ҳуқуқбузар ҳуқуқбузарлик фактини инкор этса, ҳужжатларни судга юбориши, ваколати доирасида маъмурий ишларни кўриб чиқувчи органларга маъмурий ишга оид барча ҳужжатларни бир суткадан кечиктирмасдан топшириши белгиланган.

Мазкур қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Х.Усмоновга нисбатан жорий йилнинг 12 май куни қўлланилган маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорларни бекор қилиш юзасидан ­вилоят ИИБ ЙҲХБ раҳбари номига тақдимнома киритилди.

Илғоржон РАШИДОВ,
Жиззах вилоят адлия бошқармаси масъул ходими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img