Суд очеркиҚинғир йўлдаги ҳайдовчи

Қинғир йўлдаги ҳайдовчи

Инсонга масъулиятни унутиш ҳеч қачон рўшнолик олиб келмаган. Бу ҳаётнинг оддий талаби, қонуниятидир. Бироқ орамизда шундай тоифа кишилар борки, зиммасидаги масъулятдан четга оғиш ҳатарли эканини билсада, кўнгли тусаган ишни қилаверади. Шомил (исмлар ўзгартирилган) ҳам масъулиятсизлиги ортида суднинг қора курсисига ўтиришига тўғри келди.

Шомил дори-дармон савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг бирига ҳайдовчи бўлиб ишга киради. У бир вақтнинг ўзида ҳайдовчилик билан биргаликда экспедитор вазифасини ҳам бажарарди. Шомилнинг энг катта масъуляти шунда эдики, дори воситаларини корхона  раҳбариятини хабардор қилмаган ҳолда сотиши мумкин эмасди.

Шомил шу оддий қоидага амал қилиб тинчгина ҳаёт кечирса бўларди. Лекин у зиммасидаги масъулиятни унутди. Гап шундаки, кунларнинг бирида Қосим исмли танишининг қўнғироғидан кейин жиноий режасини тузиш ҳақида бош қотира бошлади. Қосим унга ишхонасида “Remdesivir for Injection 100 mg (BDREM-100)” дори воситаси бор-йўқлигини сўраган эди. Шомил эса унга борлигини, 714 минг сўмдан сотилаётганини айтади. Гап орасида Қосимдан бу ишдан нима фойда кўриши билан қизиқади. Таниши эса унга дорини донасини 814 минг сўмдан сотиб, кўриладиган фойдани истаса бўлиб олиши мумкинлигини таклиф қилади. Бу дори воситаси вирус инфекциясидан даволанишга мўлжалланганлиги сабаб унга талаб катта бўлгани ҳам қўшиб қўяди.

Бу гапни эшитган Шомил дарҳол корхона ҳисобчисига қўнғироқ қилади. Ўша доридан 15 дона кераклигини айтади. Ҳисобчи эса дори болрилигини, фақат пул ўтказиш йўли билан сотиш мумкинлигини айтиб, рад жавобини беради. Орадан 40 дақиқа ўтиб Қосим унга қўнғироқ қилиб, доридан 60 дона сотиб оладиган мижоз тайёр турганини, шунинг учун ишни тезлаштиришни тайинлайди. Мўмай даромаддан кўзи кўр бўлган Шомил қинғир йўл тутишга киришади.  Ўзига билдирилган ишончдан фойдаланиб дорилар сақланадиган омборхонадан 60 дона “Remdesivir for Injection 100 mg (BDREM-100)” дори воситасини олиб чиқиб кетади.

Бузоқнинг юургани сомонхонагача, деганларидек Шомилнинг бу жинояти тезда фош бўлади. У дориларни сотаётган вақтида ҳуқуқ-тартибот орган ходимлари томонидан қўлга олинади.

Санжар ИБАДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img