ЯнгиликларМаҳаллий“Қишлоқ қурилиш банк” мижозларнинг ишончини оқламоқда

“Қишлоқ қурилиш банк” мижозларнинг ишончини оқламоқда

“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан “Ипотека кредитлари – аҳоли фарoвонлиги ва уй-жой таъминоти учун” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда банк раҳбарияти, унинг тегишли таркибий тузилмалари масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасида банк томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва уларнинг амалий натижалари ҳақида ахборот берилди.

Тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда аҳолининг уй-жой таъминотини яхшилашга қаратилган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” (2019 йил 28 ноябрь), “Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” (2019 йил 13 май), “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2021 йил 11 март) фармонлари ҳамда “Аҳолини уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2020 йил 1 май) Қарори  қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш доирасида ҳозирда “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан 4 та йўналишда кредитлар ажратилмоқда. Жумладан, банк томонидан янги тартиб асосида бирламчи уй-жой бозорида квартира харид қилиш учун, бирламчи ва иккиламчи уй-жой харид қилиш/таъмирлаш учун, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси иштирокида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган арзон уй-жойлар учун, якка тартибдаги уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредитлари ажратилмоқда.

Ипотека кредитини олиш шартлари қандай?

Ҳозирда биринчи йўналишдаги ипотека кредитлари доирасида “Қишлоқ қурилиш банк” филиалларида янги тартиб доирасида қурилган, шунингдек, янги тартиб доирасидан ташқари фойдаланишга топширилган санадан кўпи билан уч йилдан  ошмаган, пудрат ташкилоти ҳисобида бўлган кўп квартирали уйлардаги хонадонларни таклиф этувчи бозордан харид қилинадиган уйлар учун ипотека кредити шартномалари тузилмоқда. Мазкур ипотека кредитлари бозор ставкалари асосида 20 йил муддатгача, бошланғич  бадал сотиб олинадиган хонадон қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорида таклиф этилмоқда.

Бу йўналишдаги ипотека кредитлари қишлоқ ҳудудларида — квартира қийматининг 85 фоизигача, 267,750 млн. сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда ажратилмоқда. Вилоятларнинг шаҳар ҳудудларида эса, квартира қийматининг 85 фоизигача — 309,4 млн. сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда берилмоқда. Тошкент шаҳрида квартира қийматининг 85 фоизигача, 339,15 млн. сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда ажратилмоқда.

Шунингдек, банк томонидан мижоз хоҳишига кўра, дастлабки 6 ойлик имтиёзли давр тақдим этилади.

Ўтган  вақт  мобайнида банк томонидан 4 320 нафар фуқарога 861,8 млрд. сўмлик  ипотека кредитлари ажратилгани айтилди.

Матбуот анжуманида йиғилганларга янги тартиб доирасида субсидия тўловларини амалга  ошириш механизмлари ва шартлари бўйича ҳам батафсил маълумот берилди.

Айни вақтгача Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарори талаблари асосида банк томонидан 1059 та фуқаронинг 205,8 млрд. сўмлик ипотека кредитлари бўйича давлат бюджетидан субсидия ажратилганлиги айтилди.

Ипотека кредитларининг яна бир йўналиши, бирламчи ва иккиламчи уй-жой харид қилиш/таъмирлаш учун мўлжалланган бўлиб, “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Бунинг учун компания билан 189,75 млрд. сўмлик бош шартнома имзоланган.

Ушбу кредит тури Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида, уй-жой сотиб олиш учун 20 йилгача имтиёзли давр белгиланмаган ҳолда тақдим этилади. Кредитни сўндириш аннуитет тўловлар жадвалига асосан амалга оширилади. Бунда уй-жой сотиб олиш учун кредит суммаси уй-жой қийматининг 75 фоизидан ва 400,0 млн. сўмдан ошиб кетиши мумкин эмас.

Бу йўналишда жорий йилнинг январь-август ойларида банк томонидан 685 нафар фуқароларга 119,516 млрд. сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.

Учинчи йўналиш — “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК иштирокида уй-жойлар қурилиши учун ажратилаётган имтиёзли ипотека кредитларидир. Бундай кредитлар 1 йиллик имтиёзли давр билан 20 йилгача муддатга берилади. Кредит фоиз ставкаси дастлабки 5 йил давомида қатъий белгиланган 7 фоиздан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасида берилади.

Ушбу кредитларни олиш учун мижоз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 103-сонли қарорига асосан ёзма тавсияга эга бўлиши ҳамда “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ билан уй-жой олиш юзасидан тегишли шартнома расмийлаштириши талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ—6186-сонли Фармонига мувофиқ республикамизда “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК иштирокида 8.336 та арзон уй-жойлар қурилиш кўзда тутилган бўлиб, шундан 1.431,5 млрд. сўмлик 7100 тасини ОТБ ва 212,2 млрд. сўмлик 1236 тасини ИТБ маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Мазкур уй-жойларни молиялаштириш банклар ўртасида тақсимланган бўлиб, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” иштирокида 3.356 та (2.120 таси ОТБ ва 1.236 таси ИТБ) молиялаштирилиши  амалга оширилади.

Кредит нақд пулда олинадими ёки…

Анжуманда айтилганидек, банк  томонидан “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК иштирокида 2021 йил қурилган уй-жойлар учун 4 053 фуқарга 90 млрд. сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити бериш тартибига кўра, мазкур йўналишдаги кредитларнинг бошланғич бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорга тенг этиб белгиланган.

Кредит миқдори якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) ишлари қийматининг 85 фоизигача ҳамда қишлоқ жойларда – 267,75 млн. сўмгача, шаҳарларда – 309,4 млн. сўмгачани ташкил этади. Бунда уй-жойнинг молиявий смета ҳисоб-китоби қиймати уй-жойнинг ҳисобланган қийматдан ошиб кетган тақдирда, ошган қисми қарздор томонидан тўланади

Кредит 20 йил муддатга, мижоз истагига кўра, аннуитет ва дифференциал усулда қайтариш имконияти билан таклиф этилмоқда. Шунингдек, қарз юки кўрсаткичи 70 фоиздан юқори бўлмаган мижозларга 6 ойлик имтиёзли давр ҳам тақдим этилади. Йиллик фоизлари бозор шартлари асосида таклиф этилмоқда.

Таъминот сифатида уй-жой қуриш (реконструкция қилишда)да – ер участкаси билан бирга барпо этилаётган уй-жой ёки бошқа таъминот туридан бири (зарур ҳолларда бир нечтаси, кредит суммасининг 125 фоизидан кам бўлмаган миқдорда) тақдим этилади. Агар кредит олиш вақтида бошқа таъминот тури тақдим этилган бўлса, якка тартибдаги уй-жой қурилиши (реконструкция қилиниши) якунланиб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганидан сўнг, кредит бўйича таъминот ушбу уй-жойнинг ипотекасига алмаштирилади.

Ушбу кредит пудрат ташкилотига ёки мижознинг пластик карточкасига берилади. Бугунга қадар банк томонидан 50 та мижозга 7,1 млрд. сўмлик ипотека кредитлари ажратилган.

Банк ахборот хизмати

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img