Китоб ва кинога сиғмаган оғриқ

0

Биласизми, урушнинг даҳшатли бир ҳақиқати бор. Китоб саҳифалари, кино экаранларига сиғмайди бу… Уруш бўлиб ўтган жойда қолиб кетган урушнинг оғриғи. Шу оғриқ изтироби ҳамма-ҳамма нарсага уриб кетади. Неча-неча йиллар, асрлар кечмасин,бағри куйиб кул бўлган замин ихраб-инграб, чатнаб-титраб ётганга ўхшайди. Ишонмасангиз, минг-минг йиллар илгари содир бўлган, тарих кўксини тилка-пора қилиб турган улкан жанг майдонларига ҳам бир бориб кўринг-да, англайсиз, урушнинг қиёматли лаҳзалари вужудингизга титроқ, қалбингизга ғулу солади.

“Титаник” фильмини чўмилиш ҳавзасида тасвирга олиш ўқувига ХХI аср киносанъатининг энг сўнгги русумдаги камералари нигоҳи англамайдиган бу ҳақиқат, яъни, урушдан кейин қолиб кетган оғриқ изтиробини ҳеч нарса, хатто қалам ҳам ҳис килолмайди. Инсоннинг қалб кўзи аниқроқ кўра олади буни. Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки кунидаёқ қақшатқич зарба еб бошига осмон ўпирилиб тушган Брест қалъаси ҳақида ҳам кўп китоблар, эсдаликлар ўқиган, бадиий ва ҳужжатли фильмлар кўргандим. Бу ерга тайёргарлик кўриб келгандим. Европанинг фожеа ўчоғи саналган қалъага ўзимни бардам тутиб киришимга ҳам ишонгандим. Қаёқда дейсиз, шундоқ Буг дарёси устига ўрнатилган кўприкдан ҳатлаб, қалъанинг кун чиқишидаги туннел эшигига юзланишим ҳамоно вужудимни қалтироқ тутади. Оёқларим бўшашади. “Бу кўприкдан қанчалаб жангчилар ўтгандир, анави соҳилдаги мағриби дарахтнинг ёши юз йилдан ошгандир, унга қанчалаб аскарларнинг нигоҳи тушгандир, манови туннелсимон дарвозадан неча минглаб ўғлонлар кириб-чиқмагандир, манови дарёга тикилган минг-минглар жангчиларнинг нигохи ўша кунлар абадиятга юмилиб, уларнинг жасадини ер ютгандир, улар ернинг оғриғига айланишгандир…”. Оғир ўйлар мени довдиратиб қўяди. Қалъа ичкарисида, шундоқ сўл тарафимда харобага айланган казарма – ғиштлари сочилиб, тўкилиб бўлган, ўқ ва снарядлар зарбидан илма-тешик деворларга кўзим тушади. Катта казарманинг тепа қисмидан, тенг ярмидан кўпроғини бомба ва снарядлар тўкиб ташлаган, унинг одам беличалик тик қолган деворларига боқиб юрагингиз орқага тортиб кетади. Бу харобага урушнинг қонли панжалари қолдирган жароҳатдан сўнг ҳеч ким қўл теккизмаган – очиқ осмон остидаги фожеа тимсолида урушга аталган лаънат бўлиб турибди. Бунинг ичидаги ҳамма одам қирилиб кетган, бу қиёматли манзара қаъридан инсон боласи тирик қолишига ишонмайсиз. Ғишт кулга айланиб, тош ёнади-ю, одам тирик қолармиди?

Мен казарманинг идраб турган бир бурчагига суяниб, чўк тушаман. Қуръон тиловат қиламан.

– Бу ерларда ўзбек жангчилари ҳам бўлгандир-а?, – дейман иҳраб.

– Албатта, кўп ўзбеклар жанг қилишган бу ерда. Қалъа музейига кирсангиз, керакли маълумотларни оласиз, дейди йўлбошловчи жувон.

Рўпарага юрамиз. Қалъанинг чапида “қад ростлаган” иморатнинг ҳам айтгулик-дегулиги йўқ. Деворлари ўқ ва снарядлар тегиб уюлган, ярми тўкилган бино ичидан аянчли оҳ-нолалар эшитилатгандек туюлади. Улкан майдон сатҳида бир казармага кўз ташлаймиз, бу ҳам тўкилиб адо бўлган. Калъада черков деворларида ҳам “уруш излари”. Қалъада ҳазин куй-қўшиқ янграб турибди. Мардлик ва жасорат, буюк ирода тимсоли бўлган ҳайкал ва ёдгорликлар, ҳалок бўлган жасур жангчиларнинг исми-шарифи битилган мармар лавҳлар, гуриллаб ёнаётган Хотира олови… бари-бари қалбингизда сўнгсиз изтироб уйғотади, оёғинг остидаги ерда минг-минглаб нигоҳлар, қурбон бўлган аскарларнинг қорачиқлари порлаб тургандай бўлади. Қаёққа оёқ босаётганингни сезмайсан. Шунда ер қаъридан урушнинг оғриғи ўрлаб нола қилаётгандай, ўзингни урушнинг комида қолгандай, Сен ҳам шўрпешона жангчилар сафида қон кечаётган бўласан. Ҳа, урушнинг оғриғи мана шу! Бу на китобга, на кинога сиғади.

Давоми бор…

Қўчқор НОРҚОБИЛ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Эслатма: Адлия вазирлигининг «Инсон ва қонун» газетаси бош муҳаррири, ёзувчи Қўчқор Норқобил Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб китоб тайёрлади. Ушбу очеркда урушнинг дастлабки кўргуликлари ва ўзбек ўғлонларининг жасорати ҳақида ҳикоя қилинади.

Аввалги мақолаАнвар Обиджон. Бузоқ гувоҳликка чақирилсин! (ҳажвия)
Кейинги мақолаКарантин: Илтимос, уйда қолинг!