ЯнгиликларҲуқуқКонституция - энг юксак инсоний қадриятлар қомуси

Конституция – энг юксак инсоний қадриятлар қомуси

Давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган қомуснома – бу Конституциядир.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бу эътирофи бугун Асосий қонунимизга берилган оддий таъриф эмас, балки Ўзбекистоннинг келажаги, жаҳон миқёсида тутган ўрни мустаҳкамланиб боришига оид башорати каби жаранглайди.

Дарҳақиқат, давлат ўз ҳуқуқий ҳужжати – Конституцияси билан дунё саҳнига қадам қўяди. Шу жиҳатдан ҳар томонлама мукаммал ва халқаро стандартлар талабларига тўлиқ жавоб берадиган Асосий қонунимизнинг яратилиши халқимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлиши билан бирга, улуғ мақсадлар сари собит қадам ташлашида мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 7 декабрда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган табригида «Айни вақтда биз Конституциямиз нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тасаввур қиламиз», деб ҳуқуқий давлатнинг муҳим талаблари ҳақида таъкидлаб ўтган эди.

Мазкур табрикда “…ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда. Шу сабабли «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат», деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашнинг вақти-соати етди». “Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади.

Шу билан бирга, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир.

Шулар қаторида яшаш учун зарур ресурслар – ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, транспорт ва бошқа қулайликлар билан таъминланиш, мажбурий меҳнатга тақиқ қўйиш ҳам ижтимоий давлатда муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди”, деб баён этилган эди.

Ушбу қўшимча билан Ўзбекистон давлатининг сиёсий-ҳуқуқий мақомига янги учта, яъни “ҳуқуқий давлат», «ижтимоий давлат» ва «дунёвий давлат» тушунчалари қўшимча қилинмоқда.

Ҳуқуқий давлат – бу демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир. Қолаверса, қонунларнинг бутун давлат ҳудудидаги устуворлиги, хокимиятлар ваколатининг бўлиниши, шахс ва давлатнинг ўзаро маъсуллиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳимояланишидир.

2017-2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси асосида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва суд ҳокимияти мустақиллигини кучайтириш мақсадида Судьялар олий кенгаши тузилди, Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди, маъмурий судлар, туманлараро иқтисодий суди ташкил этилди, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши тузилди.

Ижтимоий давлат – бу ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш, ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш учун ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ моддий бойликларни адолатли тақсимлашга қаратилган давлат моделидир.

Энг муҳими, охирги олти йилда ижтимоий давлатнинг асосий талаблари амалда қўлланилди, хусусан, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди, “Мономарказ«лар фаолияти йўлга қўйилди, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимлари ташкил этилди. Ишлаётган пенционерларга пенсиялар 100 фоиз тўланишга ўтилди.

Ижтимоий давлатда таълим ва тиббиёт жуда катта аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан қарасак, олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 40 фоизга оширилди. Олий таълим муассасалари сони 2 бараварга оширилди, 2017 йилда республикада 72 та олий таълим муассасалари фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирда бу рақам  160 дан ортиб кетди.

2017 йилда 5211 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, 2021 йилда муассасалари сони 19 316 тага етказилди, республика бўйича қамров 62,4% га етди. Ёки, Хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 3 810 тадан 6 527 тага етди.

Умуман олганда, Ўзбекистонни ижтимоий давлат, деб эълон қилишга асослар яратилди.

Дунёвий давлат – давлат ҳокимияти диндан ажратилган, бошқарув диний қоидалар билан эмас, балки фуқаролик қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган, қарорлар қабул қилишда диний асосларга таянилмайдиган давлатдир. Шунингдек, ҳеч қандай дин ва мафкура давлатнинг мажбурлов кучи билан ўрнатилмаслигини, уларнинг давлатдан айри эканлигини тавсифлайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, дунёвий давлатда дин давлатдан ва сиёсатдан ажратилсада, жамиятдан ажратилмайди.

Ижтимоий давлат функциялари – бу ижтимоий ҳимояланмаган ёки эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш; ишсизликка қарши курашиш; тадбиркорларга ёрдам; аҳолининг бандлигини ва даромадларини доимий ўсишини таъминлаш; таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва маънавий-маданий ривожланишнинг қулайлигини таъминлаш; жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, имтиёзларни қайта тақсимлаш орқали муносиб турмуш шароитини яратиш.

Ижтимоий давлат белгилари: – бу сифатли таълим, малакали ва мақбул тиббий хизмат; ижтимоий йўналтирилган иқтисодиёт; фуқаролик жамиятини ривожланганлиги; ижтимоий давлат дастурларини ишлаб чиқиши ва амалга ошириш; давлатнинг ҳар кимга муносиб турмуш шароити, ижтимоий таъминот ва шахснинг ўзини ўзи англаши учун тенг бошланғич шароитларини таъминлаш мақсадларини тасдиқлаш; фуқаролар олдидаги ижтимоий масъулият; ижтимоий соҳага тўловларнинг юқори миқдори; ижтимоий ҳаётни яхши ривожланган тартибга солиш тизими; бюджетдан ижтимоий тўловларнинг мавжудлиги; ижтимоий ҳимоя, ижтимоий таъминот ва бандлик давлат тизимларининг мавжудлиги; жамиятнинг барча муҳтож аъзоларини истисносиз ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг мавжудлиги; фуқароларнинг фаровонлик даражаси учун давлат томонидан жавобгарликни қабул қилиш.

«Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси» ИВ – бобида «Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш» масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, мазкур стратегиянинг 43 та мақсади бевосита ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасини кўтаришга қаратилган.

«Ижтимоий давлат» тушунчаси биринчи марта ХИХ аср ўрталарида Лоренс фон Штейн томонидан илгари сурилган. У давлат ғояси тенглик ва эркинликни тиклаш, кам таъминланган синфларни бой ва кучлилар даражасига кўтариш, давлат «барча аъзоларининг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини амалга ошириши, чунки бирининг ривожланиши бошқасининг ривожланишининг шарти ва натижасидир». Ижтимоий давлат – умумий тамойиллари (аралаш иқтисодиёт, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиш ва бошқалар) дунёнинг иқтисодий ривожланган аксарият мамлакатларида амалга оширилган модель.

Ижтимоий давлат модели Буюк Британия, Франция, Швеция, Италия, Бельгия, Дания, Финляндия, Германия, Португалия, Испания, Австрия, Греция, Япония, Нидерландия, Швейцария, АҚШ каби давлатларда қўлланилмоқда.  Ҳуқуқий ва дунёвий давлат тушунчаси Германия, Испания, Италия, АҚШ, Франция каби давлатлар Конституцияларда ифодаланган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган норма ва принциплар демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз янги-янги авлодлар учун ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Сизларни, Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, келгуси ишларингизга улкан зафарлар тилайман.

Лазизжон АСҚАРОВ,
Фарғона вилоят адлия бошқармаси
етакчи маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img