ЯнгиликларҲуқуқКонституцияга яна бир неча нормалар киритилмоқда

Конституцияга яна бир неча нормалар киритилмоқда

Хабарингиз бор, Бош Қомусимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида масъул қўмиталар томонидан халқимиздан келиб тушган 150 мингдан ортиқ таклиф асосида Конституциявий қонун лойиҳасини маромига етказилмоқда, деб хабар бермоқда Конституциявий комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев.

Шу тарзда келиб тушган таклифлар асосида қонун лойиҳасига яна бир қанча янги нормалар киритилиши назарда тутилмоқда.

Масалан, Конституциямизнинг 26-моддасига бундай қисм қўшилиши кўриб чиқилмоқда:

Шахснинг ўз айбини тан олиши унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.

Шу йўсинда яна бир қатор моддаларни ҳам янгилаш, уларга қўшимча нормалар киритиш режалаштирилмоқда.

Жумладан:

37-1-моддаси киритилмоқда.
Давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўради.
Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этади ва рағбатлантиради.

41-модда.
Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг ривожлантирилишини таъминлайди.

45-моддага қуйидаги норма киритилиши таклиф этилмоқда:

Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратади, ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди.

46-моддани ҳам қўшимча 2-қисм билан тўлдириш режалаштирилмоқда.

Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлайди.

Айтиш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари, Конституциявий комиссия аъзолари, экспертлар гуруҳларида халқимиздан келиб тушган ҳар бир таклиф юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар давом этмоқда.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img