ЯнгиликларМаҳаллийКонституциявий ислоҳотларнинг бориши юзасидан брифинг ўтказилди

Конституциявий ислоҳотларнинг бориши юзасидан брифинг ўтказилди

Куни кеча Конституциявий комиссия Матбуот хизмати томонидан конституциявий ислоҳотларнинг бориши юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун навбатдаги брифинг ўтказилди.

Брифингда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси ҳамда уни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Таъкидланганидек, шу кунларда Бош қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёни давом этмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул қўмиталари халқимиздан келиб тушган 150 мингдан ортиқ таклиф асосида Конституциявий қонун лойиҳасини маромига етказиш устида иш олиб боряпти. Бу жараёнда, аҳолининг ўринли таклифлари инобатга олинган ҳолда, қонун лойиҳасига яна бир қанча янги нормалар киритилмоқда.

Парламент қуйи палатасидаги масъул қўмиталарда ҳар бир таклиф экспертлар, соҳа мутахассислари, олимлар, сиёсатчилар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, шу асосда Конституциявий қонун лойиҳаси маромига етказилаётир.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг матни лўнда, аниқ, оддий ва равон тилда, нормаларни турлича изоҳлашни истисно этадиган тарзда, юридик атамашуносликка риоя қилинган ҳолда баён этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатасидаги Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси ҳам Конституциявий комиссия аъзолари, масъул қўмиталар билан биргаликда лойиҳа матнини қайта-қайта кўриб чиқишди, уни содда, равон, халқчил бўлишини таъминлашга асосийси, лойиҳанинг муқаддимасидан тортиб ҳар бир моддасидаги сўзларнинг мазмуни, қўлланилиш изчиллигига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Брифингда халқимиздан келиб тушган таклифлар асосида шакллантирилаётган конституциявий нормаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам маълумот берилди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда қонун лойиҳасининг концептуал ва таҳририй тузатишлар киритилган айрим моддалари ҳақида Конституциявий комиссиянинг расмий саҳифалари ва бошқа оммавий ахборот воситаларида батафсил маълумот бериб борилмоқда. Хусусан, қонун лойиҳасидаги 26-, 371-, 41, 45, 46, 98, 99, 112- моддаларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани юзасидан ахборотлар ўз вақтида эълон қилинган.

Конституциявий комиссия Матбуот хизмати томонидан қонун лойиҳасига киритилаётган янги нормалар юзасидан ахборот бериларкан, 651-моддада ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда уларнинг жамият, давлат ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантириш давлатнинг муҳим вазифаси эканлигини белгиловчи норма қўшимча сифатида киритилиши таклиф этилаётгани қайд этилди.

Конституциявий қонун лойиҳасининг 67-моддасида эса “Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Оммавий ахборот воситалари ўзлари тақдим этадиган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардир”, деган янги нормани қўшимча тарзда киритиш кўзда тутиляпти.

Қайд этилишича, кейинги йилларда нафақат республикамиз аҳолисини, балки бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган экологик мувозанатни сақлаш масаласига ўзига хос ечим бўладиган янги норма Конституциявий қонун лойиҳасидан ўрин олиши кутилмоқда. Хусусан, лойиҳанинг 401-моддаси шаклида киритиладиган мазкур моддада фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, атроф-муҳитга хўжалик фаолиятининг ва бошқа фаолиятнинг зарарли таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун давлат шарт-шароитлар яратиши лозимлиги таъкидланди.

Қолаверса, шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши ҳам Конституция даражасида мустаҳкамланиши кутилмоқда.

Бу ўзгариш жамиятимизда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш, айниқса, мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Брифингда қонун лойиҳасининг матни тайёр бўлиши билан у депутатлар муҳокамасига киритилиши, халқ вакилларининг фикрлари эътиборга олинган ҳолда кейинчалик тайёр бўладиган Конституциявий қонун лойиҳаси референдумга қўйилиши маълум қилинди.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img