ЯнгиликларМаҳаллийҚонунчиликдаги янгиликлар (12.01.2022-17.01.2022 й.) билан танишинг!

Қонунчиликдаги янгиликлар (12.01.2022-17.01.2022 й.) билан танишинг!

  Гидрометеорология фаолияти қонун билан тартибга солинади

“Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги Қонун  (ЎРҚ–745-сон, 12.01.2022 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан гидрометеорология фаолиятини тартибга солиш тартиби белгиланди.

Гидрометеорология хизмати ушбу фаолиятдаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Гидрометеорологик ахборот (атроф табиий муҳит ҳолатининг кузатувлари натижалари) очиқ ва ишончли бўлиши керак.

Гидрометеорология хизмати давлат органларини, жисмоний ва юридик шахсларни иқлим ўзгариши, атроф табиий муҳитнинг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги ахборот билан таъминлайди.

Бунда умумий гидрометеорологик ва тезкор гидрометеорологик ахборотлар Гидрометеорология хизматининг расмий веб-сайтига ва Очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилган истеъмолчилар рағбатлантирилиши мумкин

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги Қонун (ЎРҚ–746-сон, 18.01.2022 й.) Президент томонидан имзоланди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақидаги, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига оид маълумот истеъмолчига давлат тилида берилади.

Товарда (ишда, хизматда) нуқсонлар борлиги ва унинг норматив талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланганда, сотувчи мазкур нуқсонларни аниқлаш учун текшириш ўтказиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаши керак.

Қонун билан товарларни ахборот тизимлари орқали реализация қилишда истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиби белгиланди.

Унга кўра, ахборот тизимлари орқали тузилган шартнома бекор қилинганда, сотувчи истеъмолчига товарни қайтариб бериш жойи тўғрисида хабар бериши керак.

Истеъмолчининг айбисиз етказилган шикастлантиришлар, шунингдек товарни кўздан кечириш ва уни текшириб кўриш мақсадида қадоғини очиш сабабли товар қийматининг пасайиши истеъмолчини шартномани бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди (юқоридаги тартиблар 3 ойдан сўнг кучга киради).

Товарлар учун ҳақ тўлаш шаклига қараб (нақд пулли ёки нақд пулсиз) товар нархини ошириш ёки пасайтириш тақиқланади, товарлар (ишлар, хизматлар) учун нақд пулсиз ҳақ тўланганда, истеъмолчиларга рағбатлантиришлар берилиши мумкин.

2022 йил 1 майдан ёшларнинг тадбиркорлиги учун 10 миллианрд сўмгача грантлар ажратилади

“Туризм, маданият, маданий мерос ва спорт соҳаларини янада ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–52-сон, 15.01.2022 й.)  қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2023 йил 1 январгача туризм субъектлари ва авиаташувчиларнинг хориждан Ўзбекистонга чартер рейслари учун харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун (камида 5 кеча тунаганда) 10 АҚШ доллари, қишда (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 25 АҚШ доллари миқдорида Давлат бюджетидан қоплаб берилади.

2022 йил 1 майдан ёшларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир ташаббускорга 50 млн сўм миқдорида, жами 10 млрд сўмгача грантлар ажратилади.

Бунда грант маблағлари:

онлайн тўловларни қабул қилувчи веб-сайт яратишга, хориждаги туризм кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этишга йўналтирилади;

грант маблағлари хориждан Ўзбекистонга 3 йил камида 200 нафар туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан ажратилади.

Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш 2021 йил 1 сентябрдан тўхтатилган.

Шу сабабли 2022 йил 1 февралдан 2023 йил 1 январгача Жамғармага ҳар ойда 2,5 млрд сўм миқдорида қўшимча маблағларДавлат бюджетидан ажратилади.

Ушбу маблағлар ҳудудлардаги салоҳиятли туризм объекти ва масканларини туристлар ташрифи учун тайёрлаш ва уларни тарғиб қилиш каби мақсадлар учун сарфланади.

Фармон билан шунингдек, қадамлар учун пул тўлаш тартибига ўзгартириш киритилди. Унга мувофиқ, эндиликда 1 суткада 10 минг ва ундан кўп қадам юрган 18 ёш ва ундан катта фуқаролар ўртасида ютуқли ўйинлар ўтказилади.

Ҳар ой якунида эса ютуқли купонлар ўртасида қимматбаҳо совринли ўйинлар ўтказилади.

Илгари юқоридаги талабларга мос фуқароларга кунлик 3 минг сўмдан тўланган.

 2022 йил 1 февралдан фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштириши мумкин

“Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–83-сон, 13.01.2022 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Жиззах вилоятида ташкил этилган балиқчилик кластерининг аҳоли хонадонлари билан кооперация асосида ишлаш тажрибаси ҳар бир вилоятда жорий этилади.
Бунда:
балиқчилик хўжаликлари хонадон эгаларини балиқ етиштириш бўйича ўқитишни ташкил этади, уларга балиқ етиштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, балиқ чавоқлари, омухта ем, минерал ўғитларни етказиб беради ҳамда улар томонидан етиштирилган балиқни келишилган нархларда сотиб олади;
хонадон эгалари ўз хонадонларида интенсив усулда етиштирилган балиқларни келишилган нархларда уларга сотади.
2022 йил 1 февралдан фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйиши мумкин.
2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январгача балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар (аэратор, бассейн, автокормушка, УЗВ) ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 80 фоизидан ортиғини ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

Балиқ етиштирувчи хонадон эгаларига ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида белгиланади.

Қарорга кўра,2022 йил 15 январдан “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида хонадонларда балиқ етиштириш учун ажратиладиган кредит БҲМнинг 150 бараваридан 300 бараваригача оширилади.

Шунингдек, интенсив усулда хонадонларда балиқ етиштириш лойиҳаларини молиялаштиришга 200 миллиард сўм маблағ ажратилади.

2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 2 бараваригача бир марталик субсидия ажратилади.

Қарорга кўра, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхатига “балиқчилик”ихтисослигикиритилади.

2022 йилдан Тошкент давлат аграр университети ва Балиқчилик илмий-тадқиқот институти докторантура босқичларига “Балиқчилик” ихтисослиги бўйича ҳар йили 2 тадан ўрин ажратилади.

Айрим акциядорларнинг акциялар биржа орқали сотилади

 “Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–90-сон, 17.01.2022 й.)  қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача:

Ўзбекистон резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялардан олган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади;

норезидент юридик шахсларнинг акциялар бўйича дивидендлари учун фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади;

резидент ва норезидент жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича даромадлари даромад солиғи ва фойда солиғидан озод қилинади.

Қарорга муқофиқ, бир қатор акциядорлик жамиятлари биржа орқали сотилади.

 “Меҳр дафтари”га кимлар киритилади?

Ҳукумат қарори (26-сон, 17.01.2022 й.) билан Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари” тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида “Меҳр дафтари”га киритилади ва ундан чиқарилади.

“Меҳр дафтари” тизимига киритишнинг ахборот тизимидан фойдаланиш ва маълумотларни киритиш тартиби Миллий гвардия томонидан белгиланади.

2022 йил 1 февралгача мазкур ахборот тизими амалиётга жорий этилади.

Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари “Меҳр дафтари”ни шакллантиришга масъул ҳисобланади.

Қуйидагилар “Меҳр дафтари”га маълумотларнинг бевосита киритилишини таъминлайди:

Халқ таълими вазирлиги томонидан унинг тизимидаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, Республика болалар ўқув-тарбия муассасалари ва Оилавий болалар уйлари;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан унинг тизимидаги Болалар уйлари;

“SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмаси томонидан унинг тизимидаги болаларни муқобил парвариш қилиш хизматлари, ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматлари ва ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматлари тарбияланувчилари ва битирувчилари тўғрисидаги;

туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари томонидан васийликка (ҳомийликка, патронатга) олинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги.

Дафтарга киритилган болаларнинг муаммо (эҳтиёж, қизиқиш)лари тегишли тартибда ўрганилади.

“Меҳр дафтари”га киритилган болаларни қўллаб-қувватлаш ишлари қуйидагилар томонидан мувофиқлаштирилади:

туман (шаҳар) ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари томонидан манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда;

Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шуъбаси ва Миллий гвардия томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда тегишли қарор асосида “Меҳр дафтари”дан чиқарилади.

Бунда дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. Бандлиги таъминланмаган ҳолатларда, “Меҳр дафтари” ҳисобида туриш муддати бандлиги таъминлангунгача, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.

Лимон етиштирувчиларга субсидия берилади

 “Муқобил энергия орқали ишлайдиган иситиш тизимини жорий этган лимон етиштирувчиларни, шунингдек, янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатлар харид қилишни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (24-сон, 17.01.2022 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, лимон етиштирадиган қишлоқ хўжалиги ташкилотлари харид қилган муқобил энергия (табиий газга нисбатан)орқали ишлайдиган иситиш қурилмалари қийматининг 30 фоизгача қисми Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси  маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Қарор билан бу бўйича низом тасдиқланди.

Низомга кўра, талабгорлар (қишлоқ хўжалиги ташкилотлари) муқобил энергия қурилмаси ўрнатилган иссиқҳона ишга туширилгандан сўнг субсидия олиш учун туман комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Туман комиссияси мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида талабгор томонидан ўрнатилган муқобил энергия қурилмаларини жойига чиққан ҳолда ўрганади.

Талабгорлар Комиссиянинг ижобий хулосасини олгач 5 кун ичида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига тегишли ҳужжатларни тақдим қилади.

Ҳужжатлар тақдим қилинган кундан бошлаб 3 иш куни ичида Агентлик уларни ўрганиб чиқиб, Кенгаш қарори қабул қилинган кундан бошлаб 1 ой ичида субсидия ажратади ёки рад этилса, бу ҳақда талабгорни хабардор қилади.

Агентлик 5 йил мобайнида, ҳар йил камида бир маротаба шартномада кўрсатилган параметрлар ва мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг олиб боради.

Шунингдек, қарорга кўра янги лимонзорлар барпо этиш ва кўчатлар харид қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳар бир сотих учун 300 минг сўмгача миқдорда субсидия сифатида қоплаб берилади.

Субсидия лимонзорлар барпо этиш ишлари якунланиб, туман ишчи комиссиясининг уларни фойдаланишга қабул қилиш юзасидан тасдиқланган далолатномалари Агентликка тақдим этилгандан сўнг 1 ой муддатда ажратилади.

Лобар Розимова,
«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img