МуҳимҚонунчиликдаги янгиликлар (2022 йили 5-12 январь) билан танишинг!

Қонунчиликдаги янгиликлар (2022 йили 5-12 январь) билан танишинг!

Карантин остидаги маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йили 11 январь куни “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-743-сон Қонуни қабул қилинди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

  • ўсимликлар карантини объектларига ва бошқа зарарли организмларга қарши курашишга доир фитосанитария талабларини ҳамда бошқа қоидаларни карантин остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, реализация қилиш ва йўқ қилиш чоғида бузиш – фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача (810 минг сўмгача), мансабдор шахсларга 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача);
  • карантин остидаги маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш қоидаларини бузиш – фуқароларга БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача), мансабдор шахсларга 10 бараваригача (2 млн 700 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, фитосанитарияга оид юқори хавфга эга бўлган карантин остидаги маҳсулотни, шу жумладан экиш, пайвандлаш, кўпайтириш учун мўлжалланган экиш материалларини хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонда яшовчи фуқароларга почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориш, шу жумладан багажда ва қўл юкида олиб ўтиш тақиқланади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритилди

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йили 11 январь куни “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 2458-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-744-сон Қонуни қабул қилинди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, қуйидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишлар Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Вакил) ва унинг девони ходимлари томонидан кўриб чиқилади:

  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш (тадбиркорлар мурожаатлари қисмида) (43-модда);
  • ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш (тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши қисмида) (2002-модда);
  • ҳусусий мулк ҳуқуқини бузиш (2411-модда);
  • тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш (2412-модда);
  • тадбиркорлар фаолиятини ва (ёки) уларнинг банк операцияларини қонунга хилоф тўхтатиб туриш (2413-модда);
  • тадбиркорларни ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш (2414-модда);
  • имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш (2416-модда);
  • тадбиркорлар ҳисобварақларида пуллари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф талаб қилиб олиш (2418-модда);
  • тадбиркорлардан қонунчиликни бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш (24110-модда).

Мазкур Қонун қабул қилингунгача ушбу ҳуқуқбузарликлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган.

Вакил номидан маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима қўллашга унинг ўринбосарлари ва Вакил девони бош инспекторлари ҳақлилиги белгиланди. Бу эса аниқланган ҳуқуқбузарликларни тез аниқлашга ва оқибатларини зудлик билан бартараф этиш имконини беради.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йили 12 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-81-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.

Бунда рейтинг баҳолаш қуйидаги 5 та йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилади:

— давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ва амалиётга татбиқ этилганлиги;

— коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;

— давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;

— ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;

— коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.

Рейтинг баҳолаш тизими 2022 йил 1 февралдан бошлаб, эксперимент тариқасида, ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилотлари фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.

Рейтинг баҳолаш “E-Anticor.uz” электрон платформаси орқали ташкил этилади.

Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” тоифаларга ажратилади.

Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар бакалаврга суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йили 11 январь куни “Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 17-сон қарори қабул қилинди.

Низом техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали ОТМнинг 2-босқичидан ўқишини давом эттириш учун қабул қилиш тартибини белгилайди.

Ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилиб, тўлов миқдори бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

Техникумни муваффақиятли тамомлаганлар тоифасига техникумдаги бутун ўқиш даврида ўқув семестрлари якунига кўра ўзлаштириш баҳолари “5 (аъло)” ва “4 (яхши)”, бироқ ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи (тиббиёт олий таълим муассасалари учун камида 85 фоизи) “5 (аъло)” бўлган битирувчилар киради.

Низомга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан битирувчиларни ОТМ бакалавриат таълим йўналишига кириш имтиҳонларисиз, суҳбат орқали қабул қилиш тартиби техникумни тамомлаган йилдан бошлаб икки йил мобайнида татбиқ этилади.

Битирувчилар ҳар йили 5 июлдан 25 июлгача Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтади.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img