Суд очеркиҚонунга киритилган ўзгартиш судланувчининг оқланишига сабаб бўлди

Қонунга киритилган ўзгартиш судланувчининг оқланишига сабаб бўлди

Мана салкам беш йилдирки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, илгари қабул қилинган қонунларимиз такомиллаштирилиб, уларга инсонпарварликка йўғрилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Биргина жиноят қонунчилигини оладиган бўлсак, янги ўзгартиш ва қўшимчалар минглаб судланувчиларнинг жонига оро кирмоқда. Яъни кимдир тайинланган жазодан халос бўлса, кимнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилмоқда. Ҳатто, судланувчи оқланаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Қўқон шаҳрида яшовчи, бундан бир йил олдин жиноий жавобгарликка тортилган Аброр Набиев ҳам қонунчиликдаги янгилик туфайли оқланди.

Гап шундаки, Аброр шаҳарнинг А.Навоий кўчаси 29-уй 4-хонадонини келгусида дорихона сифатида фойдаланиш учун жиҳозлайди. 2020 йил 11 январь куни эса таркибида кучли таъсир қилувчи “Прегабалин” моддаси мавжуд бўлган, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп модда ҳисобланмайдиган 2 дона елим флакондаги 0,2 грамм “Тропикамид” дори воситасини махсус харидорга 120.000 сўм эвазига сотган. Қолаверса, кўп миқдордаги – 4 та елим халтага солинган 100 дона флакондаги ва хонанинг сотув растасида турган 11 дона елим флакондаги “Тропикамид” номли дори воситалари, 49 дона капсуладаги “Regapen” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда сақлаб келган. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Шундан сўнг мазкур иш жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кўриб чиқилган. Суднинг 2020 йил 8 июлдаги ҳукмига биноан эса А.Набиев Жиноят кодексининг 25,2511-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 57-моддаси қўлланган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Судланувчининг ҳимоячиси билан берган апелляция шикояти жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 13 августдаги ажримига мувофиқ қаноатлантирилмасдан, ҳукм бўлса ўзгаришсиз қолдирилган.

Буни қарангки, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига асосан Жиноят кодексига айрим ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, кодекснинг 2511-моддасида қайд этилган дори препаратлари, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёҳуд жўнатиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун, 1863-моддасида назарда тутилган сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар 2020 йил 22 октябрдан эътиборан кучга кирган. Бинобарин, А.Набиев ва унинг ҳимоячиси Ш.Мингбоева Ўзбекистон Республикаси Олий судига апелляция шикоятини беришади. Шунга кўра, Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 7 майдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 13 августдаги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун юборилган.

Яқинда мазкур апелляция шикояти Фарғона вилоят судида кўриб чиқилди.

Жиноят кодексининг 13-моддасида қилмишни жиноийлигини бекор қиладиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахсни аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонун қайтиш кучига эга, яъни ушбу қонун кучга киргунга қадар тегишли жиноий қилмиш содир этган шахсларга, шу жумладан жазони ўтаётган ёки ўтаб бўлган шахсларга нисбатан, агар улар ҳали судланган ҳисоблансалар, тадбиқ этилиши белгиланган. Жиноят иши ҳужжатларидан аён бўлдики, А.Набиев муқаддам сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Бундай ҳолатда уни Жиноят кодексининг 25,2511-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, жавобгарликка тортиб бўлмайди.

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандида судланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, айбсиз деб топилиши ва реабилитация қилиниши лозимлиги, кодекснинг 49726-моддасида эса апелляция инстанцияси айблов ҳукмини бекор қилишга ва оқлов ҳукми чиқаришга ҳақли эканлиги белгиланган. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилоят суди ўзининг 2021 йил 8 июлдаги ажрими билан Аброр Набиевни айбсиз деб топиб, оқлади.

Шунингдек, суд ажримида А.Набиевга ўзига етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиённи Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Албатта, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Эътироф этиш керак, сўнгги йилларда республикамизда нафақат қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар туфайли, балки муқаддам ноҳақ айбловлар қўйилган шахсларнинг айбсизлиги исботланиб, оқланаётганини бутун дунё ҳамжамияти тан олиб турибди. Бундай эзгу ишлар эса Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш борасидаги янгича ва дадил одимлари сирасига киради.

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,
Фарғона вилоят судининг судьяси

Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img