Кореянинг собиқ президенти 22 йилга озодликдан маҳрум қилинди

0

Корея Республикаси Олий суди мамлакатнинг собиқ раҳбари Пак Кин Хэ устидан чиқарилган суд ҳукмини ўз кучида қолдирди. У коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланиб, 20 йил муддатда озодликдан маҳрум қилинган эди, дея хабар беради KBS телекомпанияси.
Умумий ҳисобда экс-президент 22 йил қамоқда ўтиради: унга 2016 йилда парламент сайловига ноқонуний аралашгани, ўша пайтдаги ҳукмрон партия – Сэнури номзодларига ноқонуний ёрдам бергани учун яна икки йил қўшиб берилган.
Пак Кин Хэ 2017 йилда импичмент билан ҳокимиятдан четлаштирилган. 2018 йил июль ойида биринчи инстанция суди собиқ президентни порахўрликда айблаб, 15 йилга, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш бўйича яна 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган эди. Бундан ташқари, унга яна 18 млрд вон ($16 млн) жарима солинган.
Шундан сўнг апелляция суди жазо муддатини яна 30 йилга узайтирди. Натижада ҳукм яна бир неча маротаба қайта кўриб чиқилди ва экс-президентнинг айби қисман енгиллаштирилди. Олий суд ишга якуний нуқта қўйди. Корея қонунчилигига кўра, Олий суд ҳукми устидан шикоят қилиш мумкин эмас.
Айни пайтда ҳукумат тепасидаги «Тобуро» демократик партияси раиси Ли Нак Ён ўтган ҳафтада жазога ҳукм қилинган собиқ президентларни афв этишни сўраб, мамлакатнинг амалдаги раҳбари Мун Чжэ Инга мурожаат қилишини айтган эди. Айни пайтда 2008-2013 йилларда мамлакатни бошқарган Ли Мён Бак ҳам коррупцияда айбланиб, 17 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Ли Нак Ённинг айтишича, собиқ давлат раҳбарларини афв этиш миллий бирдамликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Бироқ ҳозирда ўтказилаётган ижтимоий сўровлар мамлакат фуқароларининг катта қисми бу фикрга қарши эканини кўрсатмоқда.