Коронавирус билан такроран касалланган яна бир бемор вафот этди

0

Германияда коронавирус билан такроран касалланган яна бир бемор вафот этди. Бу ҳақда мамлакатнинг Tagesschau нашри хабар бермоқда.

Баден-Вюртенберг федерал ери маҳаллий ҳукумати вакилларининг хабарига кўра, 73 ёшли эркак бемор 2020 йилнинг апрель ойида коронавирус билан касалланиб, кейин тузалган, декабрь ойида бу хасталикка такроран чалинган ва ўпкадаги асоратлар туфайли 11 январь куни вафот этган.

Врачларнинг айтишича, бемор касалликнинг аломатларсиз кечадиган босқичини узоқ вақт давомида бошидан кечирган ва бу пайт ичида у турмуш ўртоғига ҳам вирус юқтирган. Эркак вируснинг мутацияга учраган янги тури билан касалланиши оқибатида вафот этган бўлиши ҳам мумкин. Аммо унинг апрель ойидаги таҳлил натижалари йўқолиб кетгани боис, кейингиси билан солиштиришнинг имкони бўлмади.

Роберт Кох институти мутахассисларининг айтишича, коронавирус билан такрорий хасталаниш камдан-кам учрайдиган ҳодиса бўлиб, бунда касаллик аввалгисидан енгилроқ кечиши кузатилган. Айни пайтга қадар иккинчи касалланиш натижасидаги ўлим ҳолатлари Нидерлания, Исроил ва Гонгконгда кузатилган эди.

Лента.ру нашрининг ёзишича, биргина Россиянинг Ростов вилоятида 50 дан ортиқ одам коронавирус билан такроран касалланган.