Коронавирус мавсумий касалликка айланадими?

0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийлари COVID-19 мавсумий инфекцияга айланиши эҳтимолини тахмин қилишмоқда. Бу ҳақда ЖССТнинг Россиядаги вакили Мелита Вуйнович “Российская газета” нашрига интервью берди.
Вуйновичнинг айтишича, бу хасталик мавсумий кўриниш оладими-йўқми, буни аниқ айтиш қийинроқ. Бунинг учун бир неча мавсум давомида кузатишлар олиб бориш, аввало, вакцина иммунитетни қанча вақт давомида сақлаб туриши, оммавий эмлаш қанчалик самара беришини аниқлаш керак.
“Ҳатто энг мукаммал вакцина ҳам вирусни таг-туги билан йўқотишимизга имкон беролмайди, — деди ЖССТ вакили.  — Аммо мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, шуни бемалол айтиш мумкинки, коронавирус келгусида хавфлилик даражаси паст бўлган эндемик вирусга айланади”.
Вуйновичнинг айтишича, ЖССТ 2021 йилда дунё миқёсида COVID-19 тарқалиши жараёни қандай кечиши ҳақида аниқ тасаввурлар йўқ. Бироқ вакцинация натижасида пандемия секинлашиши мумкин.
Илгари ЖССТ сайёҳлардан коронавирусга қарши эмлангани ҳақидаги ҳужжатни талаб қилишга ҳожат йўқлигини билдирган эди. Ташкилот расмийларига кўра, ҳали вакцина вируснинг одамдан одамга ўтишига қандай таъсир қилиши аниқланмаган.