Коронавируснинг янги штамми болалар учун хавфлими?

0

Буюк Британиядаги эпидемиологик вазият мамлакатда коронавируснинг янги штамми тарқалиши туфайли ёмонлашиши мумкин. Бу ҳақда Лондон Қироллик университетининг эпидемиология бўйича катта ўқитувчиси Мария Дипта Гурдасани хабар бермоқда.

РБК сайтининг ёзишича, лондонлик  мутахассис янги аниқланган штаммнинг юқумлилик даражаси  олдингисидан 1,74 марта юқорироқ эканини айтган. Бу кўрсаткич ҳар бир касалланган бемор то изоляцияга олингунга қадар ўртача яна бир кишига вирус юқтириши мумкинлигини англатади.

Қолаверса, коронавируснинг бу шакли аввалгисидан фарқли ўлароқ, 19 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар учун ҳам хавф туғдиради. Шу сабабли мутацияланган вирус катта эҳтимол билан ёш болалар ўртасида ҳам тез тарқалиши мумкин. Гурдасани  ушбу вирус болалар ва ўсмирлар воситасида катталар ўртасида ҳам тезроқ тарқалиши, натижада касалланиш ва ўлим ҳолатлари кўпайиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Бугунги кунда Буюк Британияда бу турдаги вирус тарқалишининг олдини олиш учун барча чоралар сафарбар этилмоқда. Бироқ, бу етарли эмас. Биз мактабларни ҳам тўла-тўкич ёпишимиз, вируснинг янада кучайиб кетиши учун йўл қўймаслигимиз керак”, — дейди Гурдасани.

Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги штамм ҳақида декабрь ойининг ўрталарида хабар берганди. Аммо бу штамм сентябрь  ойидаёқ аниқланган. Мамлакат бош вазири ҳам бу штамм ҳақида гапираркан, унинг олдингисига қараганда, 70 фоиз юқумлироқ эканини таъкидлаганди. Бу вируснинг ўлим даражаси қанчалик юқори экани ҳақида маълумотлар аниқланмаган.

Коронавируснинг янги генетик варианти бошқа кўпгина мамлакатларда, хусусан, АҚШ, Канада, Нигерия, ЖАР, Туркия ва Хитойда ҳам аниқланган.